Фото: Кўксаройда Илҳом Алиевни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди

Ўзбекистон 18:06 / 21.06.2022 9277

21 июнь куни Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон Республикасига давлат ташрифи билан келган Озарбойжон Республикаси президенти Илҳом Алиевни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.

Икки мамлакатнинг давлат байроқлари билан безатилган майдонда Озарбойжон президенти шарафига фахрий қоровул саф тортди.

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев олий мартабали меҳмонни кутиб олди.

Давлат раҳбарлари шоҳсупага кўтарилдилар. Ўзбекистон ва Озарбойжон давлат мадҳиялари янгради.

Мамлакатларимиз етакчилари фахрий қоровул сафи олдидан ўтдилар.

Маросимда Ўзбекистон ва Озарбойжон расмий делегациялари аъзолари иштирок этди.

Кўксарой қароргоҳида Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиев тор доирада учрашув ўтказди.

Давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Озарбойжон ўртасидаги кўп қиррали стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш юзасидан фикр алмашдилар.

Икки томонлама ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Кейинги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми барқарор ошиб бормоқда. Қўшма корхоналар сони 4 баробар кўпайди.

2021 йил сентябр ойида Озарбойжонда мамлакатимиз автомобилларини йиғиш корхонасининг ишга туширилгани муваффақиятли қўшма лойиҳалардан бири бўлди. Ташриф арафасида ўтказилган бизнес форумида умумий қиймати ярим миллиард долларлик янги инвестиция ва савдо келишувлари имзоланди.

Савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон ва Озарбойжон етакчилари учрашув чоғида икки мамлакат ҳудудида нефт-газ, газ-кимё, тўқимачилик, фармацевтика, виночилик ва озиқ-овқат тармоқларида саноат кооперацияси истиқболларини муҳокама қилдилар.

Транспорт коммуникациялари соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Транспорт йўлакларини ривожлантириш, юк ташиш тарифларини мақбуллаштириш муҳимлиги таъкидланди.

Президентлар ҳудудлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, биргаликдаги ишбилармонлик ва маданий тадбирларни ўтказиш, сайёҳлар алмашинувини кўпайтириш муҳим эканини қайд этдилар.

Давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий вазият юзасидан ҳам фикр алмашиб, кўп томонлама тузилмалар доирасидаги фаол мулоқот ва ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттириш масалаларини муҳокама қилдилар.

Кўпроқ янгиликлар