Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида яна отишма рўй берди

Жаҳон 20:59 / 27.01.2022 22213

27 январь куни кечқурун қирғиз-тожик чегарасидаги Тўрткўча ҳудудида отишма келиб чиқди. Қирғизистондаги 24.kg нашри биринчи бўлиб тожикистонлик ҳарбийлар ўт очгани, қирғиз чегарачилари эса бунга жавоб қайтаришганини ёзган. Можарога тожикистонлик чегарачиларнинг Исфара – Ўш йўлини тўсиб қўйгани сабаб бўлган.

Нашрнинг қайд этишича, соат 18:15 да Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари Боткен вилоятининг Тўрткўча ҳудудидаги Исфара – Ўш йўлини бир томонлама тўсиб, автомобиллар ҳаракатини чеклаб қўйган.

Asiaplus.tj нашри эса биринчи бўлиб қирғиз чегарачилари ўқ очгани ҳақида хабар берган.

Айни пайтда воқеа жойига Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг Чегара хизмати Боткен вилояти бошқармаси раҳбарлари етиб боргани айтилмоқда. ОАВнинг маълум қилишича, Боткен вилоятидаги чегаранинг ушбу қисмида жойлашган чегара бўлинмалари кучайтирилган навбатчилик режимига ўтказилган.

 “Тожикистонлик чегарачилар аввал автоматлардан ўқ отишган, сўнгра миномётларни ишга солишган”, деб ёзган 24.kg нашри.

Қирғизистон ҳам, Тожикистон ҳам отишма жойига яқин қишлоқлар аҳолисини эвакуация қилган.

Тожикистон чегарачиларидан уч нафари яралангани айтилган.

Исфара шаҳар ҳокимлиги матбуот котиби Зубайдулло Шомадовнинг сўзларига кўра, ҳодиса Сомоний қишлоғидан Чоркуҳ жамоасига кетаётганда Тожикистон фуқароларининг автомашиналарига тош отилгани сабабли юзага келган. Воқеа жойига Тожикистон ва Қирғизистон расмийлари етиб борган. Исфара – Ўш йўли ҳамон ёпиқлигича қолмоқда, айни пайтда можаро ҳудудида ҳар икки томондан кўплаб одамлар тўпланган.

Қирғизистон Республикаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара хизматининг хабар беришича, Тўрткўча ҳудудидаги йўл маҳаллий вақт билан соат 19.30 да қатнов учун қайта очилган.

“Тожикистон томони миномёт ва гранатомётлардан фойдаланган”, — дейилади чегара хизмати хабарида.

Айни вақтда отишма тўхтаган.

Эслатиб ўтамиз, айни пайтда тожик-қирғиз чегарасининг 976 километридан атиги 504 километри делимитация ва демаркация қилинган.

Кўпроқ янгиликлар