Қашқадарё вилоятида жазо тайинланган судланувчиларнинг 28 фоизи озодликдан маҳрум этилган. Бу ҳақда вилоят суди раисининг ўринбосари Ў.Мамадалиев хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, 2021 йил давомида Қашқадарё вилоятидаги жиноят ишлари бўйича судларида 3 780 нафар шахсга нисбатан 2 798 та жиноят иши кўриб чиқилган. Улардан 593 та жиноят иши ҳаракатдан тугатилиб, 695 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод қилинган.
2 861 нафар шахсга нисбатан 2 072 та жиноят иши бўйича жазо тайинланиб, айблов ҳукми чиқарилган. Шундан 806 нафар судланувчига ёки уларнинг 28 фоизига озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
60 нафар шахс шартли ҳукм қилинган, 2 055 нафар судланувчига ёки уларнинг 72 фоизига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолари тайинланган.
Қайд этилишича, судланганларнинг 632 нафарини муқаддам судланган шахслар ташкил қилган.