Немцов ва Навальний бирга. 10 йил аввал Путинга қарши намойишларнинг энг каттаси ўтказилганди

Жаҳон 22:24 / 08.12.2021 45230

Бундан 10 йил муқаддам Россияда СССР тарқалгандан кейинги энг йирик намойишлар бўлиб ўтганди. 2011 йил 4 декабр куни Россия Давлат думасига сайловлар ўтказилади. Сайловда ҳукмрон «Ягона Россия» партияси 49 фоиз овоз тўплайди. Овозлар ёппасига сохталаштирилган деб ҳисоблаган минглаб кишилар кўчаларга чиқиб, норозилик билдиради.

Намойишларда асосий норозилик ўша вақтда бош вазир вазифасида ишлаётган Владимир Путинга қаратилганди. Намойишлар пойтахт Москвада ҳам шунчалик авж оладики, россияликлар Путин чиндан кетиши мумкин деб ўйлай бошлашади. Ахир намойишда Путинни ҳукумат доираларига олиб кирган Собчакнинг қизидан тортиб 11 йил Россия молия вазири бўлган Кудрингача бор эди. Россия тарихидаги икки энг машҳур мухолифатчи Борис Немцов ҳамда Алексей Навальний намойишларда биргаликда иштирок этганди.

ОАВда бу намойишларни «Болотная инқилоби» деб аташади. Намойишлар маркази мамлакат пойтахти Москва бўлади. 2011 йил 5 декабр куни Чистий пруд майдонида, 10 декабр куни Болотная майдонида, 24 декабр куни Сахаров проспектида митинглар ўтказилади. 2012 йил 6 май куни «Миллионлар марши» номини олган Болотная майдонидаги юриш намойишчиларнинг полиция билан тўқнашуви ҳамда «Болотная иши» очилиши билан тугайди.

Ҳукумат фаолиятидан норози россияликларга катта умид берган ўша намойишлар кейинчалик ҳеч қандай натижа бермаган бўлса-да, унинг етакчилари одамлар орасида ҳақиқат учун курашувчилар сифатида ёдда қолди.

«Медуза» намойишларда фаол бўлганларнинг кейинги тақдири нима бўлганини эслади. Уларнинг кўпчилиги Россияни тарк этган. Шунингдек, ўлдириб кетилган, заҳарланган ва ҳозирда қамоқда ўтирганлар ҳам бор.

Алексей Навальний

Алексей Навальний Сахаров проспектидаги митингда, 2011 йил 24 декабрь. Фото: Евгений Фельдман

Ҳали 35 ёшда бўлган Алексей Навальний айнан 2011-2012 йиллардаги намойишлар вақтида рус мухолиф ҳаракатининг етакчисига айланганди. Чистий пруд майдонида бошланган 5 декабрдаги намойишларда 10 минггача одам қатнашгани айтилади. Навальний йиғилганларга қарата «Биз бормизми ўзи?» деб бақирганди. «Ҳа» деб жавоб берганди одамлар. Жўшқин чиқишлари билан одамлар меҳрини қозонган мухолифатчи айнан ўша куни қўлга олиниб, 15 сутка қамоқ жазосига ҳукм қилинади. Бу сиёсатчининг биринчи марта қўлга олиниши эди. Кейинчалик Навальний 15 суткалик жазонинг бир нечтасини бошдан кечиришга улгурди ва ҳозирда тўлиқ қамоқ жазосини олиб, «ўтирибди».

Lenta.ru намойишлар ҳақидаги репортажда Навальнийни LiveJournal'да минглаб одам ўқийдиган блогер деб таърифлайди. Кейинги йил Навальний Москва мэри бўлишга ҳаракат қилади, ҳатто президентликка ҳам номзод бўлмоқчи эканини айтади. Ўз жамоаси билан Россия тарихидаги энг йирик коррупцияга оид суриштирувларни амалга ошириб, эълон қилади. Шунингдек, кўп йиллар давомида Россия ҳукумати, хусусан, Путинга қарши кўплаб намойишлар ташкил этади, унга нисбатан кўплаб жиноий ишлар очилади.

2020 йил 20 август куни Навальний самолётда Томскдан Москвага қайтаётганда «Новичок» билан заҳарланади. Сиёсатчи бу иш ортида Путин турганини айтиб келади. Буни расмий Москва рад этган. Берлиндаги «Шарите» клиникасида сиёсатчи айнан «Новичок» билан заҳарлангани маълум қилинади. Кома ҳолатидаги сиёсатчини оиласи катта қийинчилик билан даволаш учун Германияга олиб боради. Навальний ўзига келганидан кейин уни заҳарлагани айтилган гуруҳ вакилларидан бири бўлмиш ФХХ ходими билан телефонда гаплашиб, суҳбат аудиосини эълон қилади. Кўп ўтмай Навальнийнинг ўзи «инсоният тарихидаги энг йирик пора» деб атаган Путиннинг Геленжикдаги саройи ҳақида суриштирув эълон қилинади. Суриштирувдан кўп ўтмай Навальнийга нисбатан «Ив Роше» иши бўйича айблов эълон қилиниб, 3,5 йиллик сиртдан қамоқ жазоси чинакам қамоқ жазосига ўзгартирилади. Шундан буён сиёсатчи қамоқда қолмоқда.

2021 йилда Навальний ташкил этган коррупцияга қарши кураш фонди суд томонидан экстремистик ташкилот деб топилди. Бундай ташкилот аъзолари эса Россия қонунчилигига кўра сайловларда иштирок эта олмайди.

Борис Немцов

Борис Немцов Болотная майдонидаги митингда нутқ сўзламоқда, 2011 йил 10 декабрь. Фото: Евгений Фельдман

СССР тарқалиб кетгандан кейинги Россиянинг энг машҳур икки мухолифатчисидан бири Борис Немцов ҳисобланади. Путинни энг кўп танқид қилган сиёсатчилардан бири бўлган Немцов ўз вақтида Нижегород вилояти губернатори ва бош вазир ўринбосари лавозимларида ишлаган. 2000-йилларнинг иккинчи ярмида у «Норозилик марши» ва «Стратегия-31» номли норозилик акцияларида иштирок этган. У Россия конституциясининг 31-моддасида белгиланган мажлис эркинлиги ҳуқуқини таъминлаш учун кўп жон куйдирган. «Болотная инқилоби»да намойишлар етакчиларидан бири бўлган.

2013 йил Немцов «Парнас» либерал партиясидан Ярослав области думасига сайланади. 2014 йилда эса Украинадаги Евромайдонни қўллаб, Россия Қримни босиб олишини қоралайди. 2015 йил 28 февралга ўтар кечаси Борис Немцовни отиб ўлдиришади. Бу Россия тарихидаги энг шов-шувли қотиллик бўлиб қолмоқда. Путиннинг ашаддий танқидчиси бўлган, у мамлакатни ҳалокатга етаклашини айтиб келган Немцов чеченистонлик бир гуруҳ ёлланма қотиллар томонидан отиб ўлдирилиши – Россия ҳукуматига нисбатан ишончсизликни янада оширади. Немцов ўлдирилган майдонда ҳар йили 28 феврал куни унинг хотираси ёдга олинади. Ғарбда кўплаб хиёбонлар ва майдонлар Немцов номи билан аталган.

Илья Яшин

Илья Яшин «Театре.док»да 15 кунлик ҳақида сўзлаб бермоқда, 2011 йил. Фото: Евгений Фельдман

2011 йил 5 декабр куни Чистий пруд хиёбонидаги намойишни «Бирдамлик» демократик ҳаракати ташкил этганди. Унинг ташкилотчиларидан бири айнан Яшин эди. У йиғилганларга шаҳар бўйлаб ҳаракатланишни таклиф қилади. Оқибатда ўзи ва Навальнийнинг қаторида яна 300 киши қўлга олинади. Яшин ҳам худди Навальний каби 15 сутка қамоққа ҳукм қилинади. Кейинчалик инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди босими билан Россия уларга 54,5 минг евродан товон пули тўлаб беради.

2011-2012 йиллардаги норозилик намойишларида иштирок этган Яшин мухолифатнинг мувофиқлаштириш кенгашидан ўрин олади. 2017 йилда у ҳудудий депутатликка сайланади ва Москвадаги Красносельский район кенгашини бошқаради. 2019 йил Москва шаҳар думаси учун сайловларда мустақил номзодларни қўйишларини талаб қилиб намойишлар ташкил этади ва эвазига кетма-кет беш марта кичик муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинади. 2021 йилда Красносельский райони раҳбарлигидан кетиб, Москва шаҳар думаси сайловида ўз номзодини кўрсата олмайди. Яшинни «экстремистик ташкилоти бўлган» Алексей Навальнийга алоқаси бўлгани учун сайловга қўйишмайди.

Ксения Собчак

Ксения Собчак Сахаров проспектидаги митингда, 2011 йил 24 декабрь. Фото: Евгений Фельдман

«Мен Ксения Собчак, менинг йўқотадиган нарсам бор», деганди Собчак 2011 йил 24 декабрда Сахаров проспектида ўтган намойишда. Собчак анча мўътадил ва муроса оҳангида гапиргани учун намойишчиларнинг ҳуштакбозлигига сабаб бўлади. Чунки улар сўзга чиққанлардан жўшқин сўзлар кутишарди. Собчак Путиннинг собиқ хўжайини Анатолий Собчакнинг қизи экани ҳам ҳуштаклар билан кутиб олинганига сабаб бўлгандир. Шунга қарамай, Собчак ҳукуматни мулоқотга чорлагани учун намойишчилар кейинги гал ҳам унинг иштироки учун овоз беришади.

«Миллионлар марши» юришидан кейин Собчакнинг уйини ҳам тинтишади. Телебошловчининг квартирасидан 1 миллион евро ҳамда 500 минг доллар чиқади. Текширувдан кейин пуллар қайтиб берилади. Намойишлар машҳур телебошловчи бўлган Собчакка ҳам таъсир қилмай қўймайди. У телевидениеда чиқиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади. ТВга 2017 йил – президентликка номзодини қўйишини эълон қилгач қайтади.

Собчак сайловларда қолган барча номзодларга қарши эканини иддао қилади. Унинг иштироки Кремль учун фойдали экани ҳам айтилади. Собчак президентлик сайловларида 1,7 фоиз овоз тўплайди.

Сайловдан кейин Собчак тинчгина бизнес билан шуғулланишини маълум қилади ва YouTube’да «Эҳтиёт бўлинг: Собчак» номли канал очади. Ҳозирда унинг каналини 2,5 миллиондан ортиқ ўқувчи кузатиб боради.

Эдуард Лимонов

Эдуард Лимонов Олий судда, 2011 йил. Фото: Денис Синяков / Reuters / Scanpix / LETA

2011 йил 6 декабр куни Триумфальная майдонида Лимонов ҳамда Немцов биргаликда қўлга олинади, аммо икки ҳафта ўтиб Лимонов Немцовни намойишлар тарқоқ ва самарасиз ўтишида айблайди. Унинг фикрича, норозилик акциялари аввалига Инқилоб майдонида ўтиши керак бўлган, лекин баъзи ташкилотчиларнинг Москва мэрияси билан келишуви сабаб Болотная майдонига кўчирилган. Инқилоб майдонида эса фақат Лимонов ва тарафдорлари қолади.

Лимоновнинг фикрича, 10 декабр куни намойишлар Инқилоб майдонида ўтганида, мақсадга эришиш осонроқ бўлган бўларди, чунки бу майдон Давлат думаси ва Марказий сайлов комиссиясига яқин жойда жойлашган. «Тасаввур қиляпсизми, Немцов ҳамманинг номидан розилик бериб, одамларни шаҳар марказидан олиб кетади. Буни аҳмоқлик, ҳатто сотқинлик дейиш ҳам мумкин», деганди Лимонов.

2012 йилда оммавий намойишлардан умид йўқ деб ўйлаган Лимонов «Бошқача Россия» номли ўз партиясини тузишга қарор қилади, аммо партия тузилмай қолиб кетди. 2014 йил кутилмаганда Лимоновнинг қарашлари Кремлники билан бир хил бўлиб қолади. У Россия Қримни босиб олганини олқишлайди. Кейинроқ кремлпараст нашрларда «Навальнийни маҳв этишди», «Украинадаги тил геноциди» ва «Америка қулаши» номли мақолалар чиқаради.

2020 йил 17 март куни Лимонов вафот этди. Унинг «Қария сайрга чиқди» номли охирги китоби ўлимидан кўп ўтмай чоп этилади.

Сергей Удальцов

Сергей Удальцов судда, 2011 йил. Фото: Max Avdeev

«Сўлчилар фронти» ҳаракати етакчиси Сергей Удальцов 2011 йил қишидаги намойишлардан аввал сўлчилар ҳаракатидан анча йироқда эди. У «Миллионлар марши» намойишининг асосий ташкилотчиларидан бири бўлади. Бу ҳақда НТВда «Намойишлар анатомияси-2» номли фильм ҳам ишлашганди. Фильмда айтилишича, Удальцовнинг ҳаракатларини «рангли инқилоб бўйича конструктор» грузиялик Гиви Таргамадзе бошқариб турган.

Намойишлар ташкилотчиси сифатида Удальцов 4,5 йилга озодликдан маҳрум этилади. Қамоқдан чиққач матбуот анжуманида қатнашган Удальцов Қримнинг Россияга қўшилиши ва Донбассдаги айирмачилар ҳаракатини қўллайди. Ўз навбатида, Удальцов Путиннинг 2018 йилдаги сайловда ғалабаси, пенсия ислоҳоти ва сиёсий репрессияга қарши кураш учун норозиликка чиқишга чорлайди. Европа суди қамоқда кўп марта очлик эълон қилган сиёсатчи фойдасига 9 минг евро товон пули тўланиши борасида инсон ҳуқуқлари бўйича қарор чиқаради.

2021 йил Удальцовни Россия коммунистик партияси намойишига чиққани учун қўлга олишади. Намойиш сайлов натижаларига қарши ўтказилганди. Бу сайловларда Удальцовнинг хотини Анастасия ҳам қатнашади. У сайлов натижасига кўра ҳукмрон партия бўлмиш «Ягона Россия» номзодини мағлуб этгани, аммо электрон овоз бериш натижалари ҳисоблангач имкониятни бой бергани иддао қилинганди.

Геннадий ва Дмитрий Гудков

Геннадий Гудков Болотная майдонидаги митингда, 2011 йил 10 декабрь. Фото: Евгений Фельдман

Ота-бола Гудковларнинг талаблари ҳаммани ҳайратга солади. Улар сайлов натижаларига кўра депутатлик мандатига эга бўлганига қарамай, овозларни қайта санаб чиқишни талаб қилишади. Геннадий Гудков «Адолатли Россия» партияси раҳбарининг ўринбосари ҳам эди. Оқибатда 2012 йилда у депутатликдан озод қилинади. Сабаб сифатида ноқонуний тадбиркорлик билан шуғуллангани келтирилади. Аммо бу ҳолат бўйича жиноий иш очилмайди.

2013 йилда кичик Гудков ҳам депутатликдан кетади. Уни отаси билан бирга мухолифатнинг муваққат кенгашига киргани учун «Адолатли Россия» партияси аъзолигидан чиқаришади. У Қрим бўйича овоз бериш жараёнида қатнашмаган, шунингдек, россиялик етимларни хорижликлар боқиб олишини тақиқловчи қонунга қарши чиққан. 2016 йилги Давлат думаси таркибида Гудков йўқ эди. Уни Россия парламентидаги энг охирги мустақил депутат деб ҳам аташади.

2018 йил кичик Гудков Ксения Собчак билан бирга «Фуқаролик ташаббуси» базасида ўзгаришлар партияси тузишини эълон қилади. Собчак ўша партиядан президентликка ўз номзодини илгари суради. Аммо кўп ўтмай «Фуқаролик ташаббуси» партияни қайта рўйхатдан ўтказмайди. 2021 йил кичик Гудков жиноий иш сабаб Россияни тарк этди. Унинг отаси 2019 йилда мамлакатдан чиқиб кетганди.

Илья Пономарёв

Илья Пономарёв Сергей Удальцов устидан суд жараёнида, 2011 йил. Фото: Max Avdeev

2011 йилги митинглар бошланишидан аввал Илья Пономарёв ЮКОС ва «Сколково» инновацион марказида ишлашга, Давлат думасига «Адолатли Россия»дан икки марта сайланишга, «Сўлчилар фронтига» аъзо бўлишга ҳам улгурган. Пономарёв намойишларга ўша вақтдаги президент администрацияси раҳбари ўринбосари бўлган Владислав Сурков билан гаплашиб қатнашади. Айнан Сурков уни «Сколково»га ишга жойлаб қўйганди. Охир-оқибат Паномарёв намойишларнинг энг фаол иштирокчиларидан бирига айланади. Гарчи у ҳам Лимонов каби 10 декабрдан кейин намойишлар самарасига шубҳа қила бошлаган бўлса-да.

2013 йил баҳорида Сурков қисқа муддат ишдан кетишидан бироз аввал Пономарёв жиноий иш фигурантига айланиб қолади. У «Сколково» давлат инновацион марказидан пулларни ўзлаштиришда айбланади. Бироз ўтиб Пономарёв шахсан Путин билан учрашишга муваффақ бўлади ва шундан кейин уни бир муддат тинч қўйишади. 2014 йил март ойида Пономарёв Давлат думасида Қрим Россияга қўшилишига қарши овоз берган ягона депутат бўлади. Шу сабаб унга очиқчасига мамлакатдан кетиш таклиф қилинади. Илья Пономарёв АҚШга кетиб, қайтмасликка қарор қилади.

Аввалига у АҚШ компаниясида технология соҳасида консултант бўлиб ишлайди. Кейинчалик Украинада Қора денгиз шелфини қайта ишловчи Trident Acquisitions нефть компаниясига асос солади. Бироқ собиқ депутатга нефть магнатига айланиш насиб қилмайди. Айни дамда Киевда яшаётган Пономарёв Украина фуқаролигини қабул қилган.

Владимир Тор

Владимир Тор Пушкин майдонидаги митингда, 2012 йил 5 март. Фото: Scanpix / LETA

Асл исми Владлен Кралин бўлган Тор «Рус марши» ташкилотчиларидан бири. У миллатчилар вакили эди. Миллатчилар либераллар, сўлчилар ва анархистлар билан фикрий қарама-қаршиликка қарамай, 2011 йил декабридаги намойишларда улар билан бирга қатнашишади. 2012 йил кузида Тор билан бирга яна бир қатор миллатчилар мухолифатнинг муваффақ кенгашига киради.

Тор раҳбарияти таркибида бўлиши кутилган Миллий-демократик партия очилмай қолади. ВВС миллатчилар орасида машҳур бўлган Тор машҳурлигидан фойдаланиши мумкинлигини тусмоллаганди. Аммо вақт ўтиб Тор ижтимоий фаол ҳаётда кўринмай кетди.

Евгения Чирикова

Евгения Чирикова, 2011 йил. Фото: Max Avdeev

«Немцов ва Чирикова одамларни бизнинг ёнимиздан олиб кетишди. Биз уларга қараб карнайларда бақирардик, улар эса хафа бўлиб ғўлдирашди, холос. Ахир биз одамларни Любянкага – марказга тўплашимиз, улар музокара учун чиқиши ва биз ўз шартларимизни айтишимиз керак эди-ку?» деганди Евгения Чирикова ҳақида ёзувчи Захар Прилепин.

Евгения Чирикова 2011 йил Москва – Санкт-Петербург трассаси Химкидаги ўрмондан ўтишига қарши намойишга чиққан активистлар етакчиси сифатида танилганди. Евгения ўз ҳаммаслаклари билан бирга Москвада 5 минг кишилик митинг-концерт ташкил қилади. Кейинроқ ўша вақтда АҚШ вице-президенти бўлган Жо Байден билан учрашади. Бўлажак Америка президенти унга жасорати учун махсус мукофот топширади.

2012 йил Чирикова Химки мэрлиги учун сайловларда иштирок этиб мағлуб бўлади. Шунингдек, Химки ўрмонидан ўтадиган трасса қурилишига ҳам қаршилик қила олмайди, 2015 йилда ўрмон орқали ўтган пулли йўл очилади. Ҳукумат тазйиқидан қўрққан Чирикова оиласи билан бирга Эстонияга кетиб қолади. У ерда ҳам Евгения ижтимоий фаолият ва экологик лойиҳалар билан шуғулланади.

Алексей Кудрин

Алексей Кудрин Сахаров проспектидаги митингда чиқиш қилмоқда, 2011 йил 24 декабрь. Фото: Валерий Шарифулин / ТАСС

2000-2011 йилларда Россия молия вазири бўлган Кудрин 11 йил ичида бош вазир ўринбосари лавозимида ҳам ишлаган. Давлат думаси сайловларига бир неча ой қолганида мамлакат президенти Дмитрий Медведев билан келишмай қолган Кудрин истеъфога чиқади. Кудрин бюджет тақсимоти бўйича президент билан келишмай қолганди.

2011 йил 24 декабрда Сахаров проспектида ўтган митингларда намойишларга қўшилади. У одамлар олдида чиқиш қилиб сайлов натижаларидан қониқмагани, Марказий сайлов комиссияси раҳбари Владимир Чуров истеъфога чиқиши кераклигини айтади. Узоқ вақт ҳукуматда ишлаган Кудриннинг чиқишини баъзи одамлар ҳуштакбозлик билан кутиб олишади. Миллатчилар вакили Владимир Тор эса «Путин ҳукумати вакили бўлган Кудриндан кейин сўзга чиққаним учун кечирасиз», деганди.

Кудрин охир-оқибат мухолифат етакчилари сафига кирмайди. Уни ҳукумат ва намойишчилар ўртасидаги воситачи деб қабул қилишади. Кудрин Сахаров проспектидаги намойишлардан олдин ва кейин Путин билан учрашганини тан олади. Шунингдек, у Путин 2012 йилги сайловларда иштирок этиши керак ёки йўқлиги ҳақидаги саволга жавоб бермайди. Шундай бўлса-да, Кудрин Путиннинг атрофидаги унга қарши намойишларда иштирок этган ягона инсон бўлиб қолганди.

2011 йил собиқ бош вазир ўринбосари Кудрин Twitter’да аккаунт очади, ўз сайтини ташкил қилиб, «Эхо Москва» нашрида блог юрита бошлайди. У ўша вақтда партия тузиш истаги ҳақида гапира бошлаганди. 2018 йил ҳукуматга қайтган Кудрин ҳисоб палатаси раҳбари бўлади. У ҳамон ҳукуматдаги Путин билан норасмий яқин муносабатларда бўлган либерал сиёсатчи сифатида қаралади.

Сергей Пархоменко

Сергей Пархоменко «Большой город» журнали таҳририятида 24 декабрь кунги митинг ташкилий қўмитаси йиғилиши вақтида, 2011 йил.
Фото: Scanpix / LETA

«Дунё бўйлаб» нашри раҳбари бўлган Пархоменко намойишларни молиялаштириш ғоясини ўйлаб топгани билан ёдда қолганди. Шунингдек, у шаҳар мэрияси билан музокара ўтказган намойишчилардан бири эди. Мухолифат муваққат кенгашига кирган Пархоменко «Сайловчилар лигаси» ва «Ҳалол сайлов учун» гуруҳлари ташкилий қўмитаси таркибига ҳам киради.

Кейинчалик Пархоменко «Диссертант» ташкилоти асосчиларидан бирига айланади. Бу гуруҳ ҳукумат аъзоларининг илмий ишларидаги бошқа ердан кўчирилган жойларини аниқлаш билан шуғулланади. Улар собиқ маданият вазири Владимир Мединский ва Санкт-Петербург раҳбари Александр Бегловнинг илмий ишларида плагиат борлигини аниқлайди. Пархоменко Сталин давридаги қатағон қурбонлари хотирасига «Охирги манзил» лойиҳасини ишга туширади. Шунингдек, Россияда мустақил журналистлар учун бериладиган «Редколлегия» мукофоти таъсисчиларидан бири бўлади.

Виолетта Волкова ҳамда Николай Полозов

Виолетта Волкова (орқа планда) ва Николай Полозов Москвадаги Хамовнический район судида, 2012 йил. Фото: Сергей Карпов / ТАСС

Виолетта Волкова ҳамда Николай Полозов 2011 йил қишидаги норозилик акцияларида намойишчиларни ҳимоя қилганди. Волкова намойишларда «навбатчилик қилиб» қўлга олинганларни ҳимоя қилиш билан шуғулланиб юрганда Twitter орқали Полозов билан танишиб қолади ва уни ўз ёнига чақиради. Чистий пруд хиёбонида 300 кишини қўлга олишади. Икки адвокат эса уларни қўйиб юборишларини талаб қилиб ҳимояга отланади.

2012 йил адвокатлар черковда пранк қилган ва кейинчалик икки йилга қамалган Pussy Riot гуруҳи қўшиқчиларини ҳимоя қилади. Кейинроқ Волков украиналик ҳарбий учувчи Недежда Савченкони ҳимоя қилади. Шунингдек, Россияда экстремистик ташкилот деб эълон қилинган қрим-татарлар мажлиси иштирокчиларини ҳам ҳимоя қилади. Полозов ҳозирда Россияда ҳам, Украинада ҳам фаолият юритмоқда.

Волкова эса «Болотная иши»даги фигурантлар Удальцов ва Леонид Развозжаевга адвокатлик қилган. 2017 йил кремлпараст Игор Бекетовга ҳам адвокатлик қилади. Бекетов устидан «Ўқ парвози» фильми намойишини тўхтатиб қўйгани учун маъмурий иш очилганди. Адвокат Волкова Алексей Навальнийни 2018 йилги президентлик сайловларига пул йиғгани учун айблаб, унинг гўёки яширин бухгалтерия орқали йиғган ноқонуний пуллари ҳақида кўрсатув тайёрлайди.

Дмитрий Биков

Дмитрий Биков 2012 йил 4 февралдаги акция вақтида. Фото: Евгений Фельдман

Ёзувчи 2011 йил қишидаги намойишларда плакат кўтариб машҳур бўлганди. Унда шундай сўзлар ёзилганди: «Кемани чайқатманг, каламушимизнинг кўнгли айнияпти». Бу ерда каламуш деб Владимир Путин назарда тутилгани айтилади. Кейинчалик бу ёзув кўплаб мемларга сабаб бўлди ва уларнинг аксарида Путин тасвирланган. Биков «Шоир ва фуқаро» лойиҳасида Медведев — Путин тандеми ҳақида сатирик шеър ҳам ёзган.

Биков мухолифатнинг муваққат кенгаши сафидан ўрин олади. 2019 йил Биков Екатеринбургдан Уфага учаётганда самолётда ўзини ёмон ҳис қилади. Касалхонада уни сунъий комага туширишади. 5 йилдан кейин эса Bellingcat ва The Insider суриштирув эълон қилиб, Биковни ҳам Навальнийни заҳарлашда қатнашган гуруҳ заҳарлаганини маълум қилади.

Борис Акунин

Борис Акунин Сахаров проспектидаги митингда, 2011 йил 24 декабрь. Фото: Митя Алешковский / ТАСС

Ёзувчи Борис Анунин 2011 йил 4 декабр куни китоб ёзиш учун Ла Манш соҳилидаги уйига кетганди. Аммо Москвада намойишлар авж олгач, ортга қайтиб 10 декабр куни Болотная майдонидаги намойишда иштирок этади. Кейинроқ Сахаров проспектида нутқ сўзлайди.

Акунин 2012 йил Lenta.ru билан суҳбатда 2011 йил қишидаги намойишлар Путиннинг бутун умр Россияни бошқариши мавзусини кун тартибидан буткул олиб ташлаганини айтганди. «Воқеалар қандай ривожланса ҳам бу иш (Путин Россияни бутун умр бошқариши) энди бўлмайди», деганди ёзувчи.

Намойишлардан кейин яна 2,5 йил Россияда яшаган ёзувчи Европага кетиб қолади. Унинг айтишича, кетишига Қримнинг босиб олиниши Донбассдаги воқеалар, Малайзия самолёти уриб туширилиши ва шуларга қарамай Путиннинг рейтинги кўтарилиб кетаётгани сабаб бўлган.

«Ҳаётнинг бу лаҳзасида озчилик сафида эканимни ҳис қилдим. 2011-2013 йиллардаги демократик ҳаракатлар вақтида юртимни тўғри тушуняпман деб ўйлагандим, аммо юртимни, ундаги воқеаларни нотўғри тушунганимни англаб етдим. Ҳаммаси тўғри кетяпти деб ўйлай бошлаган вақтим аслида бундай эмаслигини кўрди. Ҳаммасини ёвуз Путинга боғлаш ҳам нотўғридек кўриниб қолди. [Миллатнинг] ич-ичида нималардир тушунарсиз тарзда содир бўлаётганди», деганди у.

Хорижда Акунин 9 томли «Россия давлати тарихи» асарини ёзиб тугатади. Ёзувчи бу асари замонавий Россия тарихини тушуниш учун яхши манба эканини айтади.

Кўпроқ янгиликлар