«Заковат» брейн-ринг: Бухорода яримфиналчилар аниқланди

Жамият 15:43 / 11.10.2021 6185

Олдинроқ барча вилоятларда ҳудудий чемпионлар аниқланган ва улар 100 миллион сўмдан мукофотни ютиб олганди. 13 та ҳудудий чемпионлар ва энг яхши иккинчи ўринни қўлга киритган 3 жамоа республика финал босқичида курашмоқда.

11 октябр куни 16 жамоа плей-офф кўринишида қуръа ташлангач, курашга киришди. Сирдарёлик билимдонлар чоракфиналнинг илк ўйинида Самарқанд жамоасини мағлуб этди ва яримфиналга чиқди. Аммо кўп ўтмай Хушнуд Худойбердиев Самарқанд жамоасининг апелляцияси қаноатлантирилиб, Сирдарё жамоасига хато бериб юборилган очко бекор қилинганини эълон қилди.

Тошкент-2 ва Хоразм жамоалари ўртасидаги чоракфиналдан кейин (бу жуфтликда хоразмликлар устун келди) Самарқанд — Сирдарё ўйинида қўшимча савол ўйналди ва унда сирдарёликлар барибир ғолиб бўлишди. Яна бир чоракфинал тўқнашувида эса Навоий Сурхондарёни мағлуб этди.

Тўртинчи яримфиналчи эса Тошкент – Жиззах учрашувида аниқланди - турнир фаворити ҳисобланган тошкентликлар буни амалда ҳам исботлашди.

Яримфиналда қуйидаги жуфтликлар ҳосил бўлди:

Тошкент — Хоразм
Сирдарё — Навоий

«Заковат» брейн-ринг республика финал босқичи эртага, 12 октябр куни Бухорода ўтказилади. Ғолиб жамоанинг ҳар бир аъзоси биттадан Chevrolet Gentra автомобили билан тақдирланади.

Кўпроқ янгиликлар