Давлатдан халос бўлган Coca-Cola, «гул вазирлиги»га миллиардлар, қимматлаган озиқ-овқат – ҳафтанинг пуллик хабарлари

Иқтисодиёт 15:33 / 08.08.2021 17066

Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистон иқтисодиёти учун 780 млн доллар ажратади

Халқаро валюта жамғармаси коронавирус пандемиясидан кейин жаҳон иқтисодиётини тиклаш учун ўз захираларидан 650 млрд доллар ажратилишини маъқуллади.

Ўзбекистоннинг ХВЖда бугунги кундаги квота улуши 0,12 фоизга тенг. Бу дегани тахминан 780 млн доллар (650 миллиард сўмнинг 0,12 фоизи) Ўзбекистонга тақсимланишини англатади.

Давлат қарзини бошқаришга оид қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди

Молия вазирлиги томонидан “Давлат қарзи тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Ҳужжатда давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг давлат қарзини бошқаришдаги ваколатларини белгилаш, қарз маблағларини бошқаришда парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш назарда тутилмоқда.

“Ривожланмаслигимизга менталитетимиз сабаб деган гаплар бир тийинга қиммат” - Беҳзод Ҳошимов

Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов Kun.uz’га интервю берди. “Одамлардан нима учун камбағалмиз, деб сўрасангиз, “Коррупция қонимизда бор, менталитетимиз шунақа”, дейишади. Булар – бир тийинга қиммат гаплар. Коррупцияга мойиллигимиз, одамлардаги қандайдир “айблар” ёки денгиздан узоқлигимиз кабилар эмас, сиёсий институтларимизнинг сифати пастлиги – асосий сабаб”, – деди у.

Тўлиқ интервью бу ерда.

Бир йил ичида асосий озиқ-овқат маҳсулотлари кескин қимматлашди

Kun.uz бир йиллик озиқ-овқат нархлари ўсиш динамикасини таҳлил қилди. Ўтган йилнинг июл ойи билан таққосланганда, суякли мол гўшти 17,4 фоизга, кунгабоқар ёғи 60,5 фоизга, пахта ёғи эса 61,2 фоизга, шакар нархи 33,1 фоизга қимматлашган.

Ўзбекистонда Гул етиштирувчилар уюшмаси ташкил этилиб, унга 20 млрд сўм ажратилди

Ўзбекистонда Гул етиштирувчилар уюшмаси ташкил этилди. 4 августдаги қарорга мувофиқ, уюшмани ташкил этишга 20 млрд сўм ажратилади.

Ҳужжатга асосан, 2021–2024 йилларда йиллик экспорт тушумида гул экспортидан тушум улуши камида 30 фоизни ва 100 минг AҚШ долларидан кўпни ташкил қиладиган тадбиркорлик субъектларининг хомашё (гул кўчатлари, уруғлари, пиёзлари ва пайвандтаглари) импорти учун сарфланган транспорт харажатларининг 50 фоизи Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан қопланади.

KIA Ўзбекистонда яна иккита моделдаги автомобиллар сотувини бошлади

KIA Stinger ва Carnival моделлари сотувини бошлади. Бунгача  Seltos, K5, Sorento ва Soul моделлари сотувга чиқарилганди.

Aвгуст ойидан бошлаб сотувда Stringer (649 900 000 сўмдан бошланади) ва  Carnival (499 900 000 сўмдан бошланади) моделлари пайдо бўлди.

Статқўм аҳолининг 10 йиллик даромадларини қайта ҳисоблади

Статистика қўмитаси уй-жой ижараси нархи ҳам аҳоли даромадларига киритилишини маълум қилди. Қўмита аҳолининг 10 йиллик даромадларини қайта ҳисоблаб чиқди. Натижада аҳоли даромади  18,8 трлн сўмга кўпайди.

Coca-Cola Uzbekistan компанияси 252 млн долларга хусусийлаштирилди

Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston Ltd MChJ устав капиталидаги давлатнинг 57,118 фоиз улуши Туркиянинг Cоcа-Cола İçеcек A.Ş. компаниялар гуруҳига сотилмоқда. Келишув қиймати – 252,28 млн доллар.

Кўпроқ янгиликлар