Муфтий Усмонхон Алимов Ургутдаги янги масжидга борди

Ўзбекистон 20:45 / 14.01.2021 7257

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов бугун 14 январь куни Ургутда бўлиб, бу ерда янги қурилган масжид биносини кўздан кечирди. Бу ҳақда Ургут туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Хабарда ёзилишича, Ургутда Усмонхон Алимовга Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов ҳамда Ургут туман бош имом-хатиби Шоди домла Хақбердиев ҳамроҳлик қилган.

Таъкидланишича, Усмонхон Алимов ушбу кўркам масжиднинг фаолияти юзасидан муҳим тавсиялар берган ва унинг қиёматга қадар мўмин-мусулмонларга хизмат қилишини сўраб хайрли дуолар қилган.

Маълум қилинишича, замон талабларига тўла жавоб берадиган қилиб қурилган ушбу янги масжид биноси фойдаланиш учун тайёр ҳолга келтирилган.

Маълумот учун, Ушбу масжид хонақоҳи 55х45 метр ўлчамда қурилган бўлиб, хонақоҳнинг икки четида 18х45 метр ўлчамда айвон ҳам тушган. Масжид хонақоҳи ўртасидаги гумбазнинг баландлиги 36 метр, масжид четида жойлашган тўртта миноранинг ҳар бири 40 метрдан баландроқ. Масжидда бир вақтнинг ўзида 10 мингга яқин одам сиғиши мумкин.

Кўпроқ янгиликлар