БМТ Аҳолишунослик жамғармаси одам папиллома вирусини аниқлаш учун Соғлиқни сақлаш вазирлигига ускуналар ва синов тизимларини тақдим этди

Жамият 13:45 / 14.01.2021 1527

БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонасидан Kun.uz’га хабар қилишларича, ушбу тадбир Ўзбекистонда бачадон бўйи саратони скрининги бўйича миллий дастурни ишлаб чиқиш учун пилот лойиҳани бошлайди.

Пилот лойиҳа Япония ҳукумати молиявий кўмаги билан БМТ Тараққиёт Дастури ва Аҳолишунослик жамғармасининг "Оролбўйи ҳудудидаги аҳолининг иқтисодий, экологик ҳамда соғлиқни сақлаш масалаларидаги заифликларни бартараф этиш орқали турмуш барқарорлигини мустаҳкамлаш" дастури доирасида Қорақалпоғистон Республикасида, Аҳолишунослик жамғармаси ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан ҳамкорликда бачадон бўйни саратони скрининг синови лойиҳаси доирасида Чирчиқ шаҳрида амалга оширилади.

«Дунё бўйлаб ҳар йили 300 мингдан зиёд аёл бачадон бўйни саратонидан вафот этади. Аммо бу дунё бартараф эта оладиган ягона саратон касаллигидир», - Аҳолишунослик жамғармасининг Ўзбекистондаги вакили.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ҳар йили қарийб 1660 нафар аёл бачадон бўйни саратони касалига чалинади ва 800 дан ортиқ аёллар касалликдан вафот этади. Одам папиллома вируси билан боғлиқ касалликнинг юки юқори. 

2017 йилда Вазирлар Маҳкамаси томонидан бутун мамлакат бўйлаб бачадон бўйни саратони бўйича кенг қамровли скрининг жорий этишни ўз ичига олган саратон касаллигини назорат қилиш ва олдини олиш бўйича миллий режа тасдиқланди. Ушбу режа бачадон бўйни саратонини даволаш ва паллиатив ёрдамни такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлардан ташқари одам папиллома вирусига қарши эмлаш ва бачадон бўйни саратони скрининги каби бирламчи профилактика тадбирларини ўз ичига олади.

Аҳолишунослик жамғармасининг мамлакат ваколатхонаси ЖССТ халқаро экспертлари ҳамкорлигида, шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги бачадон бўйни саратонининг олдини олиш бўйича миллий ишчи гуруҳи кўмагида одам папиллома вируси учун текширув асосий скрининг усули сифатида тавсия этилиши кераклигини аниқлади. Соғлиқни сақлаш вазирлигига тақдим этилган синов ускуналари бачадон бўйни саратони бўйича бутун мамлакат бўйлаб кенг кўламли скринингни ташкил этиш бўйича миллий саъй-ҳаракатларга ҳисса қўшади.

Кўпроқ янгиликлар