Таниқли болалар хирурги Юрий Козлов Тошкентда 20та жарроҳлик амалиётини ўтказди

Ўзбекистон 22:29 / 12.01.2021 9079

«Вести-Иркутск» дастурида хабар қилинишича, шифокор Тошкентга фарзанд кўришга ҳозирланаётган оиланинг чақируви билан келган. Она ҳомиласида ошқозон-ичак тракти аномалияси ривожланган бўлиб, бола туғилиши биланоқ бир неча соат ичида операция қилиниши зарур эди.

Якунда жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтган. Эътиборлиси, хирург бу оила фарзандидан ташқари, Республика перинатал марказида 5 кун ичида яна 19 нафар бошқа болаларни ҳам операция қилган.

«Козлов бажарадиган операцияларни қила оладиган шифокорлар дунё миқёсида анчагина кам. Улар орасида бепул операция ўтказадиганлари айниқса саноқли. COVID-19 вақтидаги ҳаракатланиш чекловлари туфайли иркутсклик врач ўзи жажжи беморларининг олдига бормоқда», дейилади хабарда.

Айни пайтда шифокор Тошкентда операция қилган болаларнинг барчасига уйига жавоб берилган.

Маълумот учун, Юрий Козлов – тиббиёт фанлари доктори, олий тоифали болалар жарроҳи, Россияда хизмат кўрсатган шифокор, «Россиянинг энг яхши шифокори» танлови ғолиби. У Ивано-Матренинск болалар клиник шифохонасининг Янги туғилган чақалоқлар хирургияси ва реанимацияси маркази асосчиси ва раҳбари саналади.

Кўпроқ янгиликлар