Тошкент шаҳри ҳокимлигининг облигация чиқаришга ҳуқуқий асоси бор – Капитал бозорни ривожлантириш агентлиги

Иқтисодиёт 18:46 / 17.11.2020 2467

Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги раҳбарлари иштирокида облигациялар бозорини тартибга солишни такомиллаштириш масалаларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

17 ноябрь куни АОКА биносида ташкил этилган матбуот анжуманида Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги бошқарма бошлиғи Шерзод Эгамбердиев Тошкент шаҳри ҳокимига 500 миллион доллар миқдорида облигациялар чиқариш ҳуқуқи берган фармон юзасидан мулоҳазаларини билдирди.

«Ҳақиқатан ҳам давлат раҳбарининг 2018 йилдаги 5515-сон фармони билан Тошкент шаҳар ҳокимига облигациялар чиқариш ҳуқуқи берилган. Бу каби ҳуқуқ бошқа вилоятларга қараганда фақат Тошкент шаҳрига берилган.

Бу каби ҳуқуқ бор, лекин қонунчиликда (назарда тутилмаган – таҳр.) йўқ, [облигация] чиқарса бўладими, деган савол туғиляпти. Бу Тошкент шаҳри томонидан пилот сифатида чиқариладиган облигациялар ҳисобланади. Ўйлаймизки, қонунчиликда бунга тақиқ йўқ, чунки бу ерда облигациялар чиқариш ҳуқуқи берилмоқда», деган бошқарма бошлиғи. 

«Тошкент шаҳрида бошқарувнинг алоҳида тартибини жорий этиш бўйича ҳуқуқий экперимент тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси президентнинг 2018 йилдаги 5515-сон фармонининг 17-бандига мувофиқ, Тошкент шаҳар ҳокимига рентабелли инвестиция лойиҳаларига аҳолининг бўш маблағларини Тошкент шаҳрининг облигациялари ёки янги ташкил этилаётган хўжалик жамиятлари акциялари шаклида қимматли қоғозларни чиқариш орқали жалб этишга рухсат берилган.

Шерзод Эгамбердиевнинг айтишича, давлат раҳбари томонидан имзоланган фармонда Тошкент шаҳар ҳокимлиги облигацияларининг маҳаллий ёки хорижий аҳолининг бўш маблағларини жалб этиш бўйича аниқ таърифи берилмаган.

«Амалдаги қонунчилигимиздан келиб чиқиб, тақиқловчи нормалар белгиланмаган бўлса, рухсат берилган, деб эътироф қилсак бўлади. Шу нуқтайи назардан Тошкент шаҳар облигацияларининг чиқарилиши қонунчиликка мувофиқ амалга оширилишини кўрсатиб ўтмоқчиман», деди агентлик бошқарма бошлиғи.

Матбуот анжуманида агентлик директорининг биринчи ўринбосари Турсунбой Маҳкамов Тошкент шаҳар ҳокимияти томонидан чиқариладиган 500 миллион доллар миқдоридаги облигацияларнинг қандай лойиҳаларга инвестиция қилиниши ҳақидаги саволга жавоб берди.

«Ҳокимиятга облигация чиқариш ҳуқуқи берилган фармонда Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги Молия вазирлиги билан биргаликда Тошкент шаҳар ҳокимига қимматли қоғозларни чиқаришда кўмаклашиши ҳақида ёзилган. Ҳужжатда ёзилганлардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, облигация чиқаришдан келиб тушган маблағлар шаҳар инфратузилмаси билан боғлиқ бўлган инвестицион, ўзини ўзи қоплайдиган лойиҳаларга йўналтирилиши керак», дея жавоб берди Турсунбой Маҳкамов.

Аввалроқ, президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида соғлиқни сақлаш масалалари бўйича нутқ қилган Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев евробонд ҳақида гапириб ўтган.

Кўпроқ янгиликлар