Йўл ҳаракати қоидаларининг янги таҳрири ишлаб чиқилади

Ўзбекистон 08:54 / 26.09.2020 6175

1 ноябрга қадар гувоҳномасини йўқотган ҳайдовчилар аризасини қабул қилиш ва ички тизим орқали маъмурий амалиёт бўлимидан зарур маълумотларни электрон олиш дастурини жорий этиш назарда тутилмоқда

Олий Мажлис Сенатининг бешинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва соҳага оид қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолати юзасидан парламент сўрови юборилганди. 

Сенат ахборот хизмати хабарига кўра, сўровда умумтаълим мактабларида йўл ҳаракати қоидалари ва ҳаракат хавфсизлиги асосларини ўргатиш учун ўқув режа, дастурлар, дарслик ва ўқув қўлланмалар мавжуд эмаслиги масаласи кўтарилган. Шунингдек, халқ таълими ходимларининг малакасини ошириш бўйича муассасалар ўқув дастурига тегишли мавзулар киритилмаганлиги қайд этилган.

Шу кунларда Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасига келган жавобда парламент сўровидан келиб чиқиб, Вазирлар Маҳкамаси томонидан “Ўзбекистон Республикасида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган комплекс чора-тадбирлар дастури” ишлаб чиқилганлиги маълум қилинган. Унда “Ҳаётий фаолият хавфсизлиги” мажбурий фанини жорий этиш, тегишли дастурларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш белгиланди. Бу масала бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини 1 октябргача ишлаб чиқиш режалаштирилган. Шунингдек, 2021 йил январь ойидан ўқитувчилар малакасини ошириш дастурига йўл ҳаракати қоидаларининг киритилиши кўзда тутилган.

Парламент сўровида кўтарилган яна бир долзарб муаммо - Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 24 декабрдаги тегишли қарори билан тасдиқланган янги таҳрирдаги “Йўл ҳаракати қоидалари”ни ҳам такомиллаштириш зарурати эди. Жумладан, мазкур Қоидалардаги баъзи бандларнинг ўрни алмаштириб юборилгани оқибатида тегишли бандлардаги ҳаволалар мутлақо бошқа бандларга тааллуқли бўлиб қолаётгани қайд этилганди. Бундан ташқари, Қоидаларнинг ўзбек ва рус тилларидаги матнларида ҳам катта тафовутлар мавжуд. Бу масала бўйича юқоридаги дастурда 2021 йил 1 январига қадар Йўл ҳаракати қоидаларининг янги таҳририни ишлаб чиқиш вазифаси белгиланди.

Шунингдек, парламент сўровида ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун билимларни баҳолашда тест саволлари имтиҳон билетларидаги йўл ҳаракати қоидаларига зид ёки маънавий, техник эскирганлиги масаласи кўтарилганди. Бунга жавобан Вазирлар Маҳкамасининг тегишли чора-тадбирлар дастурида 2021 йилнинг 1 июнига қадар тест саволларини қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштириш вазифаси қўйилди.

Йўқотилган (ўғирланган, ёнғин, табиий офат оқибатида ва бошқа ҳолларда) миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси дубликатини олишнинг амалдаги тартиби ўта мураккаб, коррупцияга очиқдан-очиқ йўл очувчи талаблар, бюрократик тўсиқлардан иборат эканлиги – бу парламент сўровида кўтарилган яна бир муаммо. Бу масала юзасидан юқоридаги дастурда 1 ноябрга қадар гувоҳномасини йўқотган ҳайдовчилар аризасини қабул қилиш ва ички тизим орқали маъмурий амалиёт бўлимидан зарур маълумотларни электрон олиш дастурини жорий этиш назарда тутилмоқда. Бунда Ички ишлар вазирлигининг ягона автоматлаштирилган ҳисобга олиш тизими маъмурий амалиёт тизими билан интеграция қилинади.

Кўпроқ янгиликлар