Сергелида 24 ёшли аёл онаси ва 3 ойлик чақалоғи билан ертўлада яшаб келгани маълум бўлди. Масалага Сенат эътибор қаратди

Жамият 02:30 / 13.08.2020 49296

Ижтимоий тармоқларда Тошкентдаги кўп қаватли уйларнинг ертўласида яшаб келаётган оила ҳақида видеолавҳа тарқалди.

Видеода кўчада қолган она ёрдамга муҳтож бўлиб, Сергели туманидаги Янги Чоштепа маҳалласи Ўзар кўчаси 14-уй ертўласида уч ойлик чақалоғи ва онаси билан бирга яшаб келаётгани акс этган.

Олий Мажлис Сенати Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Ботир Матмуратов ҳамда Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Носирбек Абдуллаханов мазкур масалани жойига чиқиб ўрганди. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, 1996 йилда Тошкент шаҳрида туғилган фуқаро А.И. пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманида доимий рўйхатда туради. Бироқ уйи йўқлиги сабабли онаси У.И. билан бирга, руҳий касалликлар бўйича диспансер назоратида турадиган опаси Н.П.нинг Сергели туманидаги Янги Чоштепа маҳалласи Ўзар кўчаси 14-уйида истиқомат қилган.

Бир хонали уйда яшаб турган пайтда юзага келган ўзаро келишмовчилик сабаб опаси уларни уйидан ҳайдайди. Оқибатда у уч ойлик фарзанди ва онаси билан ертўлада яшаб туришга мажбур бўлган.

А.Иноғомова Мирзо Улуғбек туман ҳокимлигига ва бошқа бир қатор тегишли идораларга мурожаат қилган. Аммо ҳеч қандай натижа бўлмаган.

Сенаторлар бу масала юзасидан МФЙ раиси, маҳалла фаоллари, профилактика инспектори ва бошқа мутасаддилар билан суҳбатлашди ҳамда уларга тегишли кўрсатмалар берди.

«А.Иноғомованинг муаммоси қонуний кўриб чиқилиши учун маълум муддат талаб этилиши табиий. Шу боис, унга ҳозирда вақтинчалик яшаб туриши учун ушбу ҳудуддаги хонадонлардан бирида шароит яратилди ва ижара ҳақи тўлаб берилди. Мазкур масала сенаторлар томонидан назоратга олиниб, ижобий ҳал этиладиган бўлди», – дейилади хабарда.

Кўпроқ янгиликлар