Навоийда таркибида олтин зарралари бўлган тошларни қазиб олган шахслар ушланди

Жамият 08:11 / 10.08.2020 22426

Навоий вилоятида Миллий гвардия ва ИИБ ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Бу ҳақда Миллий гвардия ахборот хизмати хабар берди.

Натижада, Учқудуқ тумани Алтинтоу маҳалласида жойлашган “Айгул-партия” деб номланган эски олтин конидан таркибида олтин зарралари бўлган тошларни ноқонуний йўл билан қазиб олаётган Хатирчи туманида яшовчи фуқаролар Т.Ж. ва Ш.М. қўлга олинган.
 
Фуқаро Т.Ж. ўз бошқарувидаги “Форд” русумли автомашинасида 17 та қопга жойланган 1264 кг оғирликдаги таркибида олтин зарралари бўлган майда тошларни, фуқаро Ш.М. эса ўзининг бошқарувидаги “Форд” русумли автомашинасида 33 та қопга жойланган 1654 кг оғирликдаги тошларни олиб чиқиб кетаётганида тўхтатиб қолиниб, холислар иштирокида баённома расмийлаштирилган.

Таркибида олтин зарралари бўлган ушбу тошлар мутахассислар томонидан (1 гр 604 863,5 сўм белгиланган нархда) текшириб кўрилганда, фуқаро Т.Ж.томонидан ўзлаштирилган 1264 кг оғирликдаги тошлардан 148 гр (89 000 000 сўм) миқдордаги олтин моддаси борлиги, фуқаро Ш.М. дан олинган 1654 кг оғирликдаги тошлардан эса 234 гр (141 000 000) миқдордаги олтин моддаси борлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан ҳозирги кунда Навоий вилояти Учқудуқ тумани ИИБ ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Кўпроқ янгиликлар