Муҳтож оилаларга бир марталик ёрдам нега нақд пул шаклида тарқатилаётганига изоҳ берилди

Жамият 15:52 / 31.07.2020 22726

«Жойларда эҳтиёжманд аҳолининг ҳолидан хабар олиш бўйича кўрилаётган чоралар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, айрим ҳолатларда озиқ-овқат тўплами ёки дори-дармон шаклида етказиб берилаётган моддий ёрдамни тарқатишда камчиликлар учраётгани, ҳамма масъуллар ҳам бу масалага виждон билан ёндашмаётгани учун Қурбон ҳайити арафасида ажратилган бир марталик моддий ёрдам пулларини эҳтиёжманд ва кўмакка муҳтож оилаларга нақд пул шаклида тарқатиш тўғрисида топшириқ бўлди.

Моддий ёрдам пуллари вилоят даражасида молиялаштирилгач 4 та сектор раҳбари – вилоят ҳокими, прокурори, ИИБ ва солиқ бошқармаси бошлиқлари мутасадди идоралар томонидан шакллантирилган эҳтиёжманд ва кўмакка муҳтож оилаларнинг рўйхатлари асосида нақд пулларни банкдан олиб, ўзларининг вертикалларидаги сектор раҳбарларига топширишади ва мазкур жараёнда вилоятдаги секторларнинг раҳбарлари шахсан иштирок этади. Яъни пулларни қайсидир бир идоранинг кичик ходими ёки кассирига ишониб топшириб қўйганмиз йўқ. Давлатнинг ваколатли одамларига ишониб топширилди бу пуллар», дея Акмалхон Ортиқовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Вазир ўринбосарининг қўшимча қилишича, ёрдам пуллари эга-эгасига етказилгани, ўрта йўлда кимлардир уларни ўзлаштириб юбормаслигини назорат қилиш ҳам тегишли органларга юклатилган.

«Энг асосийси, жойлардаги масъуллар ишларнинг натижаси бўйича вилоятдаги 4 та сектор раҳбарига ахборот беришади, бунинг учун ҳисобдорлик белгиланган. Ёрдам пуллари эга-эгасига етказилгани, ўрта йўлда кимлардир уларни ўзлаштириб юбормаслигини назорат қилиш ҳам тегишли органларга юклатилди. Тўғри, бу жараёнда ташкилий жиҳатдан қандайдир камчиликлар бўлиши мумкин. Агарда ажратилган пул муҳтож оилалар рўйхатига киритилган кимларгадир етмай қоладиган бўлса, қўшимча равишда ҳам етказиб бериш кўзда тутилмоқда.

Жойлардаги сектор раҳбарлари кечадан бошлаб ўзига бириктирилган секторда яшовчи эҳтиёжманд оилаларнинг уйларига борган ҳолда пулларни алоҳида конвертларда тарқатишмоқда. Конвертларда оила бошлиғининг исм-шарифи ва ажратилган пул миқдори ёзиб қўйилган. Кимга қанча берилгани тўлов қайдномасида ҳам қайд этиб борилади, яъни икки ёқлама назорат тизими амалга оширилади», дейди Акмалхон Ортиқов.

Эслатиб ўтамиз, «Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент фармонига кўра, Қурбон ҳайити байрами муносабати билан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича мутасадди идоралар томонидан шакллантирилган моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларнинг рўйхатлари («темир дафтар»)га киритилган 400 мингдан кўпроқ оилаларга Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан бир марталик моддий ёрдам кўрсатилиши белгиланган.

Президент фармонига мувофиқ муҳтож оилаларни молиявий қўллаб-қувватлаш учун «Саховат ва кўмак» жамғармасининг ҳудудий бўлимларига — 200 миллиард сўм ажратилмоқда. Бир марталик моддий ёрдам пулларини эҳтиёжманд ва кўмакка муҳтож оилалар рўйхатларига киритилган оилаларга 2020 йил 15 августга қадар етказилади.

Кўпроқ янгиликлар