Киберспорт Олимпия ўйинлари таркибига киришга ҳақлими?

Спорт 15:56 / 06.07.2020 1842

Халқаро Олимпия Қўмитаси Олимпиадани ёшлар орасида оммалаштириш борасида бош қотирмоқда. Шу мақсадда, скейтбординг, сёрфинг, қояларга чиқиш каби спорт турларини Олимпия ўйинларига киритиш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Олимпия ўйинларига ёшларни қизиқтириш ҳақида гап кетганда, миллий жамоаларга киберспорт борасида ҳам мусобақалашиш имконини бериш керак, деб ёзади The Economist нашри.

Қай бири оммабопроқ: анъанавий ёки киберспорт?

Электрон ўйинлар Олимпия ўйинларининг от спорти ёки кёрлинг каби шаклларидан кўра анча оммабоп. Умуман олганда, электрон ўйинлар анъанавий спорт турларидан кўра ёшлар орасида кенг тарқалган. Статистикага кўра, Британияда 16-19 ёш оралиғидаги болаларнинг 28 фоизи анъанавий спорт мусобақаларини томоша қилишни ёқтирган бир пайтда, 57 фоизи видеоўйинларга қизиқади.

Аксарият киберспорт дея таърифланаётган видеоўйинлар ҳақиқий спорт бўла олмайди, деб ҳисоблайди. Аммо профессионал лигалар шаклида ўтказилаётган видеоўйинлар стадионларни тўлдирадиган анаънавий спорт билан рақобатчи бўла олади. Дейлик, дунёда турнирларда иштирок этиш орқали даромад топа оладиган теннис юлдузлари 200 нафар атрофида бўлиши мумкин. Бироқ 5 кишилик жамоалар қатнашадиган видеоўйинлардан иборат «Фантастик лига»да (киберспорт мусобақаларидан бири) иштирок орқали 1000дан ортиқ киши мўмайгина пул топади. Бу лиганинг ўтган йили бўлиб ўтган финалини 44 миллиондан зиёд киши кузатган эди.

Норозиликка сабаб бўлган футбол ва бейсбол

Янги шакллана бошлаган спорт турларининг оммалашиши ҳар доим қийин кечган. 1314 йилда Англия қироли Эдуард II ўғил болалар камондан ўқ отишни ўраниши керак, деган ўйда футболни тақиқлаб қўйишга ҳаракат қилган эди. 19-асрда эса АҚШда айрим тоифа тақводорлар азарт ўйин дея бейсболга қарши чиқишган.

Аммо киберспорт ҳам анъанавий спорт турлари каби маҳорат ва эпчилликни талаб қилади – профессионал ўйинчи сониясига бештагача турли ҳаракатларни амалга ошириши керак бўлади. Шунингдек, видеоўйинлар от спортига қараганда анча арзон ва қулай ҳам саналади.

Қаршилар ва ёқловчилар

Киберспортни танқид қилувчилар уларни маънавий жиҳатдан қоралашади – видеоўйинлар муккасидан кетишни чақиради, зўравонлик ғояларини уйғотади, ваҳоланки, Олимпиаданинг бирламчи мақсади халқаро тинчликни таъминлашдир, дейишади.

Бундан ташқари, видеоўйинларнинг тижорийлиги, масалан, баскетбол айнан кимгадир тегишли бўлмаса, «Афсоналар лигаси» видеоўйини Хитойнинг Tencent мегакорпорациясига қарашли экани асос қилинади.

Аммо бу аргументларни тўла асосли деб бўлмайди. Қарамлик чақирувчи моддалардан ташқари айрим фаолият турлари ҳам кишини муккасидан кетишга сабаб бўла олади, деган қараш – шифокорлар ўртасида баҳсли масала. Виртуал ўйинлар ва зўравонлик ўртасидаги боғлиқлик юзасидан ҳам худди шундай қарама-қарши фикрлар бор.

Олимпия ўйинлари тарихига қарайдиган бўлсак, ҳарбий руҳдаги спорт турларига ўрин йўқ, деган аргумент ўз исботини топмайди. Милоддан аввалги 708-йилда найза улоқтириш, эркин ва юнон-рум кураши кабилар олимпия ўйинларига киритилган ва улар ҳозиргача рўйхатда қолмоқда. Ўқ отиш ва қиличбозликни ўз ичига оладиган замонавий бешкураш ҳам дастлаб аскарларни тайёрлаш учун ишлаб чиқилган эди.

Бундан ташқари, киберспорт мухлислари футбол ёки хоккей иштиёқмандлари сингари шаҳар кўчаларида тартибсизликлар келтириб чиқаришмайди.

Киберспорт ўйинларининг муайян компанияларга тегишли экани ҳам муаммо эмас. Ахир Олимпиада ҳам аллақачон трансляция ва ҳомийлик орқасидан миллиардлаб даромад келтиришни бошлаган. Тижорий руҳнинг бўлиши ўйинларнинг янада жонли кайфиятда, кўнгилочар тарзда кечишини таъминлайди. Дастурчилар ўзлари яратган ўйиннинг Олимпия ўйини деб эътироф этилишига интилиб, янада қизиқарли ва завқли ўйинларни ишлаб чиқишга ҳаракат қила бошлашади.

Киберспортни Олимпия ўйинлари қаторига киритилса-ю, бу амалиёт ўзини оқламаса ҳам бу муаммо эмас: ХОҚ кейинги ўйинларда уни дастурдан чиқариб юбориш билан масала ечим топади. Ахир илгари ҳам крокет, арқон тортиш, якка синхрон сузиш каби спорт турлари Олимпиада дастурига киритилиб, сўнг яна чиқариб юборилган.

Кўпроқ янгиликлар