«Биз Супермен эмасмиз!» — Фабио Каннаваронинг Италия халқига мурожаати

Спорт 21:29 / 07.04.2020 19778

Албатта, Италиядаги вазият биз учун анча бегона ва фарқли кўриниши мумкин. Айнан шу туфайли, биз бу хатни таржима қилдик. Чунки, бу касаллик Хитойда авж ола бошлаганда, Италия ҳам бефарқ бўлгани ҳақида сўз боради. Яъни вазиятнинг жиддий эканини ҳозирдан ҳис қилсак, турли чақириқ ва тақиқларга жиддий ёндашсак, ўзимизни эмас, атрофимиздагиларни кўпроқ ўйлаб, халқ олдидаги масъулиятни ҳис қила олсак, пандемия юртимиз учун оғриқсиз кечади. Акс ҳолда, худо кўрсатмасин...

Хуллас, номани ўқинг ва сиз ҳам жамиятнинг бир бўлаги эканингизни ва ушбу жамиятни қутқарибгина, ўзингизни қутқариш мумкинлигини англанг

Салом, уйда ўтирган Италия!

Бугун юртимиз билан бўлаётган воқеалар мени жуда хавотирга солмоқда. Италия чекаётган бу дард, ҳар куни вафот этаётган жуда кўп инсонлар мен учун қанчалик даҳшатли ва оғриқли эканини сўзлар билан ифодалаб бера олмайман. Менинг бу мурожаатим азият чекаётган, айниқса, ушбу вирус туфайли ўз яқинларини йўқотган ватандошларимга бағишланади.

Шунингдек, тиббиёт ходимларига ҳам ўз миннатдорчилигимни билдиришим лозим. Улар иложи борича кўпроқ инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш учун бор имкониятларини ишга солмоқдалар. Айни пайтда улар мамлакат учун энг аҳамиятли бўлган қаҳрамонлардир.

Афсус, ҳақиқат шуки, ҳеч биримиз Супермен эмасмиз. Ҳеч ким, қайтараман, ҳеч ким вирус юқишидан кафолатланмаган. Шундай бўлса ҳам, Хитойда бу офат чиққан пайтларда, Италия учун ҳеч қандай муаммо бўлмайди, деб ўйлагандим. Камида вирус бизни четлаб ўтишига ҳар биримиз ишонгандик, тўғрими?

Бошида вазиятнинг бу қадар жиддийлигини билмагандим. Бу шунчаки, гриппнинг бир тури сифатида қараганман. Нақадар адашганмиз-а?

Дастлаб, мамлакат ёпилди ва одамларга иложи борича уйда қолишлари кераклиги айтилди. Бу ерда, Хитойда, бир неча ҳафта олдин мен ҳам карантинга тушдим. Хитойликларда ноодатий пневмония билан курашиш тажрибаси бор экан, лекин Италия учун бундай фавқулодда вазият илгари содир бўлмаганди.

Лекин бугун, катта жангнинг энг марказида турар эканмиз, биз ҳаммамиз биргаликда курашишимиз керак. Шу маънодаки, ҳар биримиз ўзимизнинг энг яхши хислатларимизни юзага чиқаришимиз шарт.

Албатта, Италия ўзига яраша ажойиб мамлакат. Ажойиб қирғоқликлар, табиат билан уйқаш манзараларга тўла. Қулай иқлим бизга ташқарида жуда кўп вақтимизни ўтказиш имконини беради. Ўз урфларимиз, миллий таомларимиз бор. Италияда ҳаёт шу қадар яхшики, доим ўз қобиғимизга ўралиб яшашга ўрганиб қолганмиз. Одатда, ўзимизга боғлиқ муаммоларга аҳамият берамиз, ўз фаровонлигимиз йўлида бошқаларни ўйламаймиз. Айнан шу ерда миллат сифатида салоҳиятимизга путур етади.

Яхшиямки, баъзан халқимиз бирлашадиган, ғуруримиз ўртага тикилганда, вазият оғирлашганда жипслаша олган пайтларимиз ҳам бўлган. Мен бундай ҳолатни кўп ҳис қилганман. Агар ўрнак керак бўлса, масалан, Италия терма жамоаси жаҳон чемпионатларида тўп сураётган паллаларни айтишим мумкин. Балким, футбол энг аҳамиятсиз бўлиб қолган пайтда айнан футболдан мисол келтиришим сизга бироз ғалати кўринар, аммо ҳаммамиз биламизки, футбол Италияда шунчаки спортдан кўра каттароқ. Айниқса, терма жамоа тўп сураётганда ҳамма буни ҳис қилади, халқ бирлашади.

Италияликлар бирор масалада бирлашишса, одатда, якунда ғолиб чиқамиз.

Мен ҳали ҳам 1982 йили Италия жаҳон чемпиони бўлганини эслайман. Ўшанда саккиз ёшли неаполлик болакай эдим. Она шаҳримда, уйда, қариндош ва дўстлардан ташкил топган одамлар билан футбол томоша қилгандик. Эслайман, Италия гол урганда, барча қичқирар, бир-бири билан у қадар таниш бўлмаган инсонлар ҳам қучоқлашиб, биргаликда сакрашарди.

2006 йилги жаҳон чемпионатида эса, мен терма жамоа сардори эдим. Бу сафар энди футболчилар билан шундай ҳолат бўлганини кўрганман. Кальчиополи воқеалари мундиал бошланишидан бироз олдин рўй берган, тайёргарлик учун йиғилганимизда, ҳаммамиз жуда асабий эдик. Кўпчилик бу жанжал оқибати ўзига ҳам зарар қилиши мумкинлигидан қўрқиб турарди.

Аммо машғулотлар жараёнида кайфиятимиз ўзгарди ва бу муваффақият учун калит эди. Бундай қалтис пайтда биз ўзимизни ўйламай қўйдик, ҳамма учун ўйнаш кераклигини тушуниб етдик. Марчелло Липпи каби буюк етакчимиз бор эди, у мураббий сифатида жамоадаги иштиёқни ва гармонияни кўтарди. Германияга қўнишимиз билан барчамиз ўша воқеаларни унутган, аммо ютқазишни умуман истамаётгандик.

Мендан кўп сўрашади – нега ўшанда Италия жаҳон чемпиони бўлганди? Биз омадимиз келгани учун ютмадик. Биз ўшанда энг яхши жамоа бўлганимиз учун ютганмиз, сабаби, ғалаба қозонишимизга ишонардик.

Айни паллада, бутун мамлакатни бирлаштира оладиган руҳият жудаям зарур. Ҳозирда бирликни акс эттирадиган жуда кўп мисолларни кузатяпман. Andrà tutto bene – «ҳаммаси яхши бўлади» шиори уйда ўтирган, қўрқув остида яшаётган, тушкунликка тушган инсонларни ҳаётга қайтариш учун муҳим. Одамлар балконга чиқиб тиббиёт ходимларини олқишламоқдалар. Қўшнилар биргаликда қўшиқлар айтишяпти. Буларнинг ҳаммаси жуда керакли бўлган бирликдир.

Бу инқирозли ҳолат якунига етгач, Италия бутунлай бошқача бўлади. Кўпчилик ишсиз қолди. Баъзилар бизнесидан маҳрум бўлди. Жуда кўп оғир ишлар кутиб турибди. Фақат ўша вакцина тезроқ топилиб, бу даҳшат иложи борича тезроқ ниҳоясига етишидан умид қила оламиз, холос.

Унгача эса, уйда қолиш керак. Келинг, ҳаммамиз уйда бўлайлик, кўп вақтимизни оиламиз, фарзандларимиз даврасида ўтказиб, иложи боричи, камроқ инсонлар билан яқин мулоқот қилайлик.

Ва келинг, миллат, инсоният фойдаси учун ҳам нимадир қилайлик. Масалан, мен 2006 йилдаги жамоадошларимни бирлаштирдим, ва ҳаммамиз бир ишга қўл урдик. Ўзаро маблағ тўплаб, йиғилган пулни Италияда касалхоналарни таъминлаш, беморларга ёрдам кўрсатиш имкониятини ошириш учун йўналтирдик. Ўйлайманки, сиз ҳам бу борада четда қараб турмайсиз.

Агар бунга имконингиз бўлмаса, шунчаки, қўшнингизга қилинган бирорта ёрдам ҳам катта аҳамият касб этади. Муҳими, ҳаммамиз тушунишимиз керакки, бу кураш ҳаммамизники ва фақат жамоа бўлиб ғолиб чиқа оламиз.

Албатта, ҳақиқат шуки, ҳеч биримиз Супермен эмасмиз.

Лекин ҳаммамиз бирлашсак, жуда кўп мақсадларга эриша оламиз. Қардошлар, сизларга куч-қувват тилайман.

Ҳурмат билан

Фабио Каннаваро

Кўпроқ янгиликлар