G20 саммити тарихда биринчи марта виртуал тарзда ўтказилмоқда

Жаҳон 20:10 / 26.03.2020 5077

Бу ҳақда “Ал-Арабия” телеканали хабар берди.

Жорий йилда G20’да Саудия Арабистони раислик қилмоқда. Шу муносабат билан Саудия Арабистони подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд биринчи бўлиб сўз олди. 

“Биз учрашувимизни дунёнинг энг йирик иқтисодиётлари етакчилари сифатида коронавирус пандемиясига қарши курашдаги масъулиятимизни намойиш қилиб ўтказмоқдамиз. Бу кураш биздан турли даражаларда қатъий чоралар қабул қилишни талаб қилади”, деб айтган Саудия Арабистони подшоҳи.

Унинг таъкидлашича, “Катта йигирматалик” аъзолари жорий инқирозни ва унинг оқибатларини енгиб ўтиш учун ривожланаётган ва кам ривожланган давлатларга ёрдам қўлини чўзишлари керак.

“Йигирматалик”нинг навбатдан ташқари саммитига Испания, Иордания, Сингапур ва Швейцария қўшилган. Вьетнам саммитда Жануби-Шарқий Осиё давлатлари ассоциациясини, ЖАР Африка иттифоқини, БАА Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгашини, Руанда эса Африкани ривожлантириш манфаатлари йўлида янги ҳамкорликни билдирмоқда.

Шунингдек, саммитда халқаро ташкилотлардан БМТ, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Жаҳон савдо ташкилоти, Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти, Халқаро меҳнат ташкилоти, Жаҳон банки гуруҳи, Молиявий барқарорлик кенгаши, Халқаро валюта жамғармаси иштирок этади.  

Шошилинч саммитнинг мавзуси коронавирус пандемияси ва унинг глобал иқтисодиётга таъсири ҳисобланади.

Кўпроқ янгиликлар