Гулнора Каримовага суд ҳукми эълон қилинди

Ўзбекистон 12:20 / 18.03.2020 327333

Бугун, 2020 йил 18 март куни, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Гулнора Каримова ва у томонидан ташкил этилган жиноий уюшма аъзоларига нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.

«Ўтказилган ёпиқ суд мажлисида судланувчилар, гувоҳлар, жабрланувчилар кўрсатмалари тингланди, далиллар текширилди ва судланувчилар ҳимоячиларининг важлари муҳокама қилинди.

Суд жиноят иши материалларини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб, судланувчи Г. Каримовани жиноий уюшма ташкил этиш, товламачилик, ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбли деб топди.

Суд ҳукми билан Г. Каримовага 13 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жиноят қонунчилиги нормаларига мувофиқ ҳамда бир неча жиноят ва ҳукмлар мажмуи бўйича жазо тайинланганлигини инобатга олган ҳолда жазо муддатини 2015 йил 21 августдан бошлаб ҳисоблаш белгиланди.

Қолган судланувчиларга ҳам содир этилган жиноятларнинг оғирлилик ва ижтимоий хавфлилик даражаси ҳамда уларнинг жиноятлардаги иштирокидан келиб чиқиб, тегишли жазолар тайинланди.

Хусусан, суд ҳукмига кўра, Н. Содиковга 20 йил, О. Свиридовга 17 йил 3 ой, А. Эргашевга 18 йил 1 ой, Ш. Сабировга 17 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси, Г. Авакьянга 3 йил синов муддати билан 5 йил 3 ой 21 кун шартли равишда озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Ж. Абдурахманов ва Б. Тешабаев эса жавобгарликка тортиш муддатининг ўтиб кетганлиги муносабати билан жиноят учун жавобгарликдан озод қилиндилар», дейилади Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати хабарида.

Гулнора Каримова 2015 йилнинг августида қатор молиявий жиноятларда айбдор деб топилган ва унга 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланганди.

У Ўзбeкистон Бош прокуратураси томонидан триллионлаб сўм даромадни солиқдан яширганлик, ўзгаларнинг триллионлаб сўмлик мулкини товламачилик билан тортиб олиш ва қарийб 2 миллиард АҚШ долларини хорижда бeркитиш каби жиноятларда айбланган.

Кейинроқ Гулнора Каримовага нисбатан фирибгарлик, хорижий валютани яшириш, божхона қонунчилигини бузилиши бўйича яна бир жиноий иш қўзғатилганди.

2017 йилнинг 18 декабрида 10 йилга озодликдан маҳрум этилган Гулнора Каримовага жазо 2018 йилнинг 1 июлида 5 йилга озодликни чеклаш жазосига алмаштирилган.

Лекин уй қамоғида ўтирган Гулнора Каримова Ўзбекистонга етказилган зарарни қоплашга фаол қаршилик қилгани, шунингдек чекловларни бузгани учун 2019 йилда Зангиотадаги қамоқхонага қайтарилган.

Гулнора Каримова энди унга нисбатан тайинланган жазонинг ўталмай қолган муддатини умумий тартибли колонияда ўтамоқда.

2019 йилнинг декабрь ойида бош прокуратура Гулнора Каримовага нисбатан навбатдаги жиноят иши бўйича маълумот берган, унга кўра у ўлпон йиғиш ва қўрқитиб, мулкларни тортиб олишда айбланаётгани айтилганди.

2020 йилнинг январида Гулнора Каримова иши бўйича навбатдаги тергов якунланиб, жиноят иши судга оширилганди.

Кўпроқ янгиликлар