2020/2021 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларида янги фанлар жорий этилиши мумкин

Ўзбекистон 07:52 / 29.02.2020 16146

Президентнинг “Ўзбекистон Республикасида туризм хизматларини янада диверсификация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси:

а) 2020 йил 1 апрелга қадар муддатда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ва Маданият вазирлиги билан биргаликда зиёрат туризми объектларининг, улар ҳақида батафсил маълумотлар кўрсатилган, фото ва видео жойлаштирилган ҳолда, маълумотлар базасини яратиш, шунингдек, унга барча туроператорлар, турагентлар, сайёҳлар ва бошқа манфаатдор шахслар кира олишини таъминлайди;

б) 2020-йил 1 майга қадар Маданият вазирлиги, Фанлар Aкадемияси ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги билан биргаликда Самарқанд шаҳрида “Регистон” мажмуаси ҳудудида ўрта асрлар даврида Марказий Осиё халқларининг илмий ва маданий ютуқларига бағишланган доимий фаолият олиб борувчи экспозицияни ташкил этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади;

в) Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси билан биргаликда:

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб бакалавр ва магистрларни тайёрлашда мамлакатнинг тегишли олий таълим муассасаларида “МICЕ туризм”, “Экотуризм” фанларини жорий этишни таъминлайди;

республикада хорижий олий таълим муассасаларини, шу жумладан, туризм соҳасида малакали кадрлар тайёрлашга ихтисослашган филиалларини очиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади;

қуйидагиларни назарда тутувчи академик иммиграцияни рағбатлантириш механизмларини ишлаб чиқилади:

чет эллик юқори малакали илмий-педагогик кадрларни, шу жумладан чет элдаги ватандошларни касб-ҳунар ва олий ўқув юртлари, илмий-тадқиқот марказлари фаолиятига жалб этиш;

соддалаштирилган тартибда “академик виза” турини чет эллик олимларга, ўқитувчиларга ва уларнинг оила аъзоларига контракт муддати давомида уни республикадан ташқарига чиқмасдан узайтириш имконияти билан 5 йил муддатга Ўзбекистонда яшаш учун рухсатнома бериш;

Ўзбекистонда яшаш учун рухсатнома ёки “академик виза”га эга бўлган хорижий олимлар ва ўқитувчилар ҳамда уларнинг оила аъзолари Ўзбекистон фуқаролари учун назарда тутилган шартларда тиббий ва таълим хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

г) Манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қуйидагиларни ишлаб чиқади ва Вазирлар Маҳкамасига киритади:

махсус кўчма дўконлар, киоскалар ва кафе-фургонларда (“фудтрак”) умумий овқатланиш хизматларини кўрсатишга (“стрит-фуд”) рухсатнома бериш тартиби тўғрисидаги низом;

“МICЕ” – тадбирларни ўтказиш учун тегишли инфратузилмага эга объектлар рўйхатини шакллантириш тартиби тўғрисидаги Низом.

д) Миллий кинокомиссия ва манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда Ўзбекистонда кинотуризмни ривожлантириш дастури тасдиқлаш тўғрисида қарор лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Кўпроқ янгиликлар