Сталин қатағонлари: «Ёт унсурлар»дан «Врачлар иши»гача

Жаҳон 09:26 / 26.01.2020 76708

Иосиф Сталин — бу XX асрда энг машҳур номлардан бири. У нафақат СССР тарихида, балки жаҳон тарихида ҳам энг узоқ иқтидорда бўлган ҳукмдорлар қаторида туради. У СССРда 1922 йилдан 1953 йилгача, жами 31 йил ҳокимият тепасида бўлган.

Сталин раҳбарлик қилган йилларда инсониятга қарши кўплаб қатағонлар уюштирилган, унинг шахсига сиғиниш эса энг авжига чиққан.

Мазкур мақолада Сталин ҳукмронлик қилган даврда амалга оширилган қатағонлар ҳақидаги маълумотларни юзаки санаб чиқамиз. Зеро, уларнинг ҳар бири янада чуқурроқ ўрганса бўладиган мавзу.

1920-йиллар қатағонлари

Сталин ўзининг илк қатағонларини 1925-йиллардан бошлаган эди. 1927 йилда Совет-Британия муносабатларига дарз кетади ва Британия СССР билан савдо ва дипломатик алоқаларни узади. СССРда бу «чет эл интервенцияси» деб баҳоланади ҳамда шахсан Сталиннинг буйруғи билан ёппасига қама-қамалар бошланиб кетади.

СССРда фуқаролар уруши ҳам «чет эл интервенцияси» баҳонаси остида бошланган.

Энг аввал хориждан мамлакатга қайтган собиқ муҳожирлар қамоққа олинади. Сўнг собиқ помешчиклар, савдогарлар, поплар, қулоқлар қамалади. Аҳамиятлиси шундаки, ўшанда СССР бўйлаб қанча одам қамалгани ҳақида ҳануз аниқ маълумотлар йўқ.

«Шахта иши»

Шахта иши Донбассда бўлиб ўтган. Донбассдаги кўмир ва руда конларини ўзлаштиришда хориждан мутахассислар чақирилган эди. 1928 йилда чет эл жосуси сифатида хорижлик мутахассислар ва улар билан бирга ишлайдиган СССР фуқаролари битта ҳам қолмасдан қамоққа тиқилади.

Партия ичидаги «ёт унсурлар» билан кураш

1927 йил ноябрь ойидан 1928 йил январь ойигача СССРда «партиявий тозалаш» ишлари олиб борилди. Айниқса, собиқ меньшивикларга умуман раҳм қилинмади.

Уларнинг лидери Лев Троцкий 1928 йилда аввал Олмаота шаҳрига сургун қилинади. Сўнг хорижга қочишга мажбур бўлади.

Троцкий

Коллективлаштириш давридаги қатағонлар

1928-1932 йилларда СССРда хусусий мулк тугатилиб, деҳқонлар мажбурий тарзда коллективлаштирилади. Бунда, деҳқонлар қўлидаги барча нарса: ер, сув, чорва моллари, деҳқончилик асбоблари янги тузилган жамоа хўжаликлар учун тортиб олинади.

Бойлар ва ўртаҳоллар ёппасига «бой-қулоқ» деб аталиб қамалади ёки кимсасиз ҳудудларга сургун қилинади.

Хўжалигидаги чорва моллари ва деҳқончилик анжомларини жамоа хўжаликларга ихтиёрий топширмаганлар қаттиқ жазоланади. Қаршилик кўрсатганлар ҳатто жойида отиб ташланади.

Мамлакатдаги деҳқонларни талаб, уларни мажбурий тарзда жамоа хўжаликларига аъзо қилиш ишларига Михаил Калинин бошчилик қилади.

М.Калинин

Лагерлар бош бошқармаси (ГУЛАГ) махсус бўлими маълумотларига кўра, 1930-1931 йилларда, СССР бўйлаб коллективлаштириш ишларида 381 мингта оила қулоқ қилинган ва 1 миллион 803 минг 392 нафар киши қамалган.

Сталин қатағонлари ҳақида кўплаб тадқиқотлар ўтказган тарихчи В.Н.Замсков берган маълумотларга кўра, СССРда 1930-1940 йиллар оралиғида айнан коллективлаштириш даврида 2,5 миллион киши қамалган ва 1930-1933 йилларда 600 минг киши ҳалок бўлган.

Норасмий маълумотларга кўра коллективлаштириш даврида жами 4 миллион деҳқон қатағон қилинади.

Ғалла тақчиллиги қатағони

1932 йилда СССРда ғалла ҳосили жуда паст бўлди ва жамоа хўжаликлари белгиланган режани зўрға 15-20 фоизга бажара олди, холос. Кузга келиб ҳосил чўғи камлигини билган СССР раҳбарлари ғалла етиштирадиган ҳудудларда ғалла етиштиришга масъул бўлганлар ва деҳқонларни жазолашади.

«Ғалла иши»да умумий ҳисобда 5000 партия ходими, 15000 деҳқон жазоланади. Кўплаб темир йўл станциялари раҳбарлари ва ишчилари жазоланган.

1933-1934 йиллар қатағони

Сталин қатағонлари 1934 йилда авж палласига чиқади. Тарихчилар, буни ўша йилда СССРда НКВД ташкил этилганига боғлашади. Янги ташкил этилган бу орган ўша пайтда «иш кўрсатиш» учун ҳам кўпчиликни қамоққа тиқади.

РСФСР ҳукуматининг расмий маълумотларига кўра, 1933 йилда 1 миллион, 1934 йилда 1,2 миллион киши қамоққа ташланади.

«Киров иши»

1934 йилдан бошлаб Сталиннинг сиёсий қатағонлари бошланган. Аввалига партия сафлари «ёт унсурлар»дан тозаланади. Кейин эса Ленинградда «Киров иши» бошланади.

Сталин ва Киров

С.М.Киров Ленинград обкомининг раҳбари бўлиб ишлар, халқ орасида обрўси ниҳоятда катта эди. Уни Ленинградда отиб кетишади. 1989-1990 йилларга келиб бу иш шахсан Сталиннинг буйруғи билан амалга оширилгани маълум бўлади. Аммо 1934 йилда бу ҳақда гапириш, суриштирув ўтказиш мумкин эмас эди.

Кировнинг қотили қўлга олинганда у Г.Зиновьев ва Л.Каменев раҳбарлик қилган яширин ташкилотга аъзолигини айтади.

Ўша йил 16 декабрда Каменев ва Зиновьев қамоққа олинади. Улардан сўнг, яна кўплаб кишилар Кировнинг ўлимида ва яширин ташкилотга аъзоликда айбланиб қамоққа ташланади. Ўшанда, Сталин Кировни ўлдиртириб, шу баҳона жуда кўп одамни қамоққа тиқади.

«Пулково иши»

1934 йилда қуёш тутилиши ҳодисаси юз беради ва уни СССР ҳудудидан тўлиқ кузатиш мумкин бўлади.

Ўшанда Пулково обсерваторияси раҳбари Б.Герасимовичга хорижий олимлардан қуёш тутилиши ҳодисасини у бошчилик қилаётган обсерваториядан кузатишни сўраб кўплаб мурожаатлар тушади. Олим уларнинг аксариятига ижобий жавоб беради ва кўплаб хорижлик олимлар ҳодисани Пулково обсерваториясидан туриб кузатишади.

Хорижликлар кетганидан сўнг, обсерваторияни НКВД босади ва барча ходимларни «хориж жосуси» сифатида қамоққа олади. Шундан сўнг мамлакатдаги кўплаб астрономлар, геологлар, геофизиклар, математиклар «Пулково иши»га дахлдорликда айбланиб, қатағон қилинади.

«Катта террор»

1936 йилда НКВД раҳбари Ягода бўшатилиб, ўрнига Н.Ежов тайинланади. Шундан сўнг «Катта террор» деб номланган қатағонлар бошланиб кетади.

Сталин ва Ежов

1937-1938 йилларда умумий ҳисобда 1 млн 575 минг 259 нафар киши қамалади. Улардан 681 минг 692 нафари терговдан сўнг отувга ҳукм қилинади.

Марказий Осиё республикаларидан қамалганлар ва отиб ташланганлар асосан «панктуркист», «миллатчи», «диний реакционер», Россия тарафларда «троицкийчи», «меньшевик», Украинада эса «бандерачилар» деб айбланиб қатағон қилинади.

Октябрь тўнтариши пайтида ўзини кўрсатаган ва кейинчалик маршал унвонига эга бўлган Михаил Тухачевский ҳам 1937 йилда қамалади. Уни ватанга хиёнатда айблашади.

Тухачевскийдан кейин СССР мудофа вазирлигининг бир қатор юқори лавозимли ҳарбийлари қамоққа олиниб, отувга ҳукм қилинади.

Ўшанда 4 йил ичида 11 000 нафар турли юқори лавозимдаги ҳарбийлар қамалади ёки отувга ҳукм қилинади.

1937 йилда НКВД мамлакат бўйлаб ўзининг барча тузилмаларига N00447 сонли «Собиқ қулоқлар, жиноятчилар ва бошқа ёт унсурларни маҳв этиш» ҳақидаги буйруғини жўнатади.

Шундан сўнг, бутун мамлакат бўйлаб одамларни сиёсий айблар билан қамоққа тиқиш бошланиб кетади.

Оила аъзоларидан кимдир «қизиллар»га қарши курашган ёки «бой-қулоқ» қилинган бўлса бўлди — уни «ватанга хиёнат»да айблаш учун шу асоснинг ўзи етарли эди. Сўнгра, қариндошлари орасида «ёт унсурлар» бўлганларни, «душманлар» билан бирга ишлаганларни, диний билимга эга бўлганларни сиёсий айблар билан қамаш бошланади.

Ўшанда НКВД дастидан ҳеч ким омон қолмайди. Мамлакат бўйлаб чақимчилар ниҳоятда кўпаяди.

Кимдир НКВДчиларга яхши кўриниш учун, кимдир мансаб олиш учун, кимдир яна нимадир сабаб билан бошқалар устидан чақув хатлари ёза бошлайди.

Шу тариқа, 1941 йил 22 июнь, фашистлар Германияси СССРга бостириб киргунча, мамлакат бўйлаб жуда кўплаб одам сиёсий айблар билан қамоққа тиқилади.

Уруш давридаги қатағонлар

СССР иккинчи жаҳон урушини 1939 йилда бошлайди. Урушлар натижасида Польша ва Чехословакиядан Ғарбий Беларусь ва Ғарбий Украинанинг, Финландиядан Карелиянинг бир қисмини ва Руминиядан Бессарабияни тортиб олади.

Босиб олинган ҳудудларнинг аксарият аҳолиси СССР таркибига киришга рози бўлмайди ва қуролли қаршилик кўрсатади. Аммо, кучлар тенг бўлмагани учун улар енгилади.

Шундан сўнг ўша ҳудудларда яшайдиган аҳолининг аксарият қисми қамоққа тиқилади. Қамоқхоналар поляк, фин, карел, румин, молдаван, украин, беларусь асирлари билан тўлади.

Уруш даври депортациялари

Немислар СССРга бостириб кирганидан кейин ҳамма мудофаа ишлари билан банд бўлиб, мамлакат ичида сиёсий қатағонлар бирмунча тўхтайди.

1943 йилнинг кузида, урушда СССРнинг қўли баланд келиб, немислар ортга чекина бошлаганда қатағонларнинг янги тўлқини бошланади. Сталиннинг буйруғи билан турли миллатлар сотқинликда айбланиб ўз уйларидан қувғин қилинади.

1943 йил 12 октябрда СССР Олий Совети Президиумининг РСФСР таркибидаги Қорачой автоном областида яшовчи қорачойларни Қозоғистон ва Қирғизистонга бадарға қилиш ҳақида қарори эълон қилинади.

1943 йил 27 декабрда қалмиқлар, 1944 йил 29 январда чечен-ингушлар, 24 февралда болқорлар, 10 майда қримтатарлар, 24 июлда месхети турклар ўз уйидан қувғин қилиниб, мамлакатнинг бошқа ҳудудларига бадарға қилинади.

Қрим татарларни юк вагонларига тиқишяпти

Ўшанда, бадарға қилинганларни юк вагонларига тиқиб олиб кетишган. Оғир шароитда уларнинг кўпчилиги ҳалок бўлган. Сталин вафотидан кейин уларнинг бир қисмига ватанига қайтишга рухсат берилади.

Европалик маҳбуслар ва ҳарбий асирлар

Уруш СССР ҳудудидан чиқиб, Шарқий Европа ҳудудига ўтганидан сўнг, ГУЛАГ қамоқхоналари ҳарбий асирлар ва Шарқий Европа мамлакатларида СССРга қарши бўлган аҳоли вакиллари билан тўла бошлайди.

Ўша пайтда, Польша, Венгрия, Руминия, Болгария, Чехословакия каби мамлакатлар аҳолиси орасида немислар билан бирга коммунистларни ҳам бирдай ёмон кўрадиган инсонлар етарлича топилар эди.

СССР қўшинлари немисларни қувиб ўша давлатлар ҳудудига кирар экан, СССРни ёқтирмайдиганларнинг аксарияти қамоқхонага жўнатилади.

Уруш тугаганидан сўнг немислар қўлига асир тушган, Шарқий Европа мамлакатларида партизанлик ҳаракатларида қатнашган СССР фуқароларнинг барчаси ватан хоини сифатида қамоққа тиқилади.

«Звезда» ва «Ленинград» журналлари «иши»

1946 йил 14 августда ҳукуматнинг «Звезда» ва «Ленинград» журналлари ҳақида қарори чиқади. Қарорда бу журналлар ўз саҳифасида А.Ахматова ва М.Зошченконинг «совет реализмига ёт бўлган» асарларини бергани учун қаттиқ танқид остига олинган эди.

Анна Ахматова

Шундан сўнг, мамлакат бўйлаб барча газета ва журналлар «элакдан ўтказилади». Яна қайтадан адиблар, журналистлар, адабий ходимлар қамоққа тиқила бошланди. Одамлар учун яна таҳликали кунлар бошланди.

Ўзбек адибларидан Шукрулло, Саид Аҳмад ва кўплаб адиблар ўша даврда қамалган эди.

«Яҳудийлар иши»

1948 йилда эса «Яҳудийлар иши» номи билан қатағонлар тўлқини бошланади.

Бу қатағоннинг бошланишига СССРда фаолият юритувчи «Яҳудий антифашист комитети» ташкилотининг Яқин Шарқда ташкил этилаётган Исроил давлати билан яқин муносабатлар ўрнатиши сабаб бўлган.

Бу ташкилотни 1942 йилда театр актёри ва режиссёри Соломон Михоэлс тузган эди. Уруш тугаганидан сўнг бу ташкилотнинг хориждаги яҳудий ташкилотлари билан алоқа ўрнатишга уриниши бошданоқ Сталинга ёқмай келаётган эди.

1948 йилда Исроил билан алоқа ўрнатиши бу ташкилот ишининг тафтиш қилинишига ва мамлакатдаги аксарият таниқли яҳудийларнинг қамалишига сабаб бўлади.

Бу иш ортидан 1949 йилда АҚШ коммунистик партияси Коммунистик партияни «антисемитизм»да айблайди. «Яҳудийлар иши» туфайли ўша пайтда мамлакатдаги кўплаб таниқли яҳудийлар қамалади ва отувга ҳукм қилинади.

Улар орасида мамлакатдаги раҳбар шахслардан бири бўлган В.Молотовнинг хотини П.Жемчужина ҳам бор эди. У 1953 йилгача — Сталин вафотигача қамоқда қолади.

Сталин дафн этилганидан сўнг, Молотов Берияга қўнғироқ қилади ва шахсан Бериянинг буйруғи билан Жемчужина қамоқдан озод қилинади.

Полина Жемчужина

«Яҳудийлар иши» 1952 йилгача давом этади ва мамлакатдаги энг таниқли 13 нафар яҳудийнинг отиб ташланиши билан тугайди.

«Врачлар иши»

1950-йилларда СССРдаги энг кучли врачларнинг аксарияти яҳудийлар эди. «Яҳудийлар иши» ёпилгани билан Сталиннинг яҳудийларга бўлган муносабати ўзгармайди.

Марказий Комитет Президиумининг аъзоси В.Малишевнинг эслашича, 1952 йил 1 декабрь куни Сталин Марказий Комитет аъзолари олдида «Ҳар қандай яҳудий миллатчиси — АҚШ разведкасининг айғоқчиси. Яҳудий миллатчиси яҳудийларни АҚШ қутқарди, деб ўйлайди. Айниқса, врачлар орасида яҳудий миллатчилари кўп», дейди.

Сталиннинг шу гапи мамлакат бўйлаб таниқли врачларнинг қамоққа олинишига сабаб бўлади. Аввалига миллати яҳудий бўлган врачларни ҳибсга олишади. Сўнг улар билан бирга ишлаган врачларни қамашади. Шу тариқа мамлакатдаги энг кучли врачлар қамоққа олинади. Улар орасида Сталиннинг шахсий врачи В.Виноградов ҳам бор эди.

Сталин қатағонлари рўйхатида энг охирги иш «Врачлар иши» бўлади. Орадан бироз ўтиб, 1953 йил 5 март куни у вафот этади.

Сталин қатағонларининг оқибатлари

Халқаро «Мемориал» ташкилоти ҳисоботларига кўра, Сталин қатағонлари туфайли 10–12 миллиондан 38–39 миллион нафаргача одам ҳалок бўлган.

4,5–4,8 миллион нафар одам сиёсий айблар билан қамалган ва улардан 1.1 миллион нафари отувга ҳукм қилинган.

6,5 миллион киши депортация қилинган.

4 миллиондан ошиқ одам сайлов ҳуқуқидан маҳрум қилинган.

6–7 миллион киши турли йилларда рўй берган очарчилик туфайли ҳалок бўлган.

17 минг 961 нафар киши мажбурий меҳнат натижасида ҳалок бўлган.

1954 йил КПСС Марказий Комитети Биринчи Котиби Хрушчёв номига тайёрланган маълумотномага кўра, 1921 йилдан 1954 йилгача НКВД «тройка»лари ва ҳарбий трибунал томонидан 3 млн 777 минг 380 нафар одамга ҳукм эълон қилинган.

Қамоқдагилар ишда

Улардан 642 минг 980 нафари отувга ҳукм қилинган.

2 млн 369 минг 220 нафар одам 25 йилгача қамалган.

765 минг 180 нафари сургун қилинган.

СССР ИИВ қошидаги 1-махсус бўлинма маълумотларига кўра, 1921 йилдан 1954 йилгача СССР бўйлаб 4 млн 60 минг 306 нафар одам судланган.

Улардан 799 минг 455 нафари отувга ҳукм қилинган. 2 млн 631 минг 397 нафари қамоқхоналарда сақланган. 413 минг 512 нафари сургун қилинган. 215 минг 942 нафарига енгил жазо қўлланган.

Умуман олганда, бугун тарихчилар ва экспертлар Сталин қатағонлари ҳақида берилган расмий статистикага ишонмайди.

Уларнинг фикрига кўра, расмий маълумотлар анча камайтириб кўрсатилган.

Масалан, тарихчи В.Поповнинг билдиришича, 1923-1953 йилларда Сталин тузуми томонидан қатағон қилинган шахсларнинг умумий сони 40 миллиондан кам эмас.

Сталин қатағонларининг ижрочилари

Сталин қатағонларининг асосий ижрочилари НКВДнинг раҳбарлари Г.Ягода, Н.Ежов ҳамда Л.Берия бўлишган. Кейинроқ уларнинг тақдири ҳам аянчли якунланади.

Ягода 1934-1936 йилларда НКВДга раҳбарлик қилади. 1936 йил 26 октябрда вазифасидан озод этилади. 1937 йил 28 мартда қамоққа олиниб, тергов қилинади ва 1938 йил 15 мартда суд ҳукмига кўра отиб ташланади.

1936 йил 26 сентябрда Ягоданинг ўрнига НКВД раҳбари этиб Н.Ежов тайинланади. Ежов НКВД раҳбари сифатида бор-йўғи икки йил ишлайди. 1938 йил 24 ноябрда уни бўшатишади ва сув транспорти комиссари лавозимига ўтказишади.

1939 йилда Ежовни ўз кабинетидан қўлига кишан тақиб унинг ўрнига НКВД раҳбари бўлган Бериянинг ўзи олиб чиқиб кетади.

Берия ва Сталин

1940 йил 3 февралда СССР Олий суди ҳарбий коллегияси Ежовни ҳам отувга ҳукм этади. 4 февраль куни ҳукм ижро этилади.

Сталин қатағонларининг энг ёвуз ижрочиларидан бири Лаврентий Берия 1938 йил 22 августда НКВД раҳбари этиб тайинланади.

Сталин вафотидан кейин, унинг содиқ хизматкори сифатида Бериянинг бошида ҳам қора булутлар айлана бошлайди. 1953 йил 26 июнда Хрушчёв СССР Министрлар Советининг махсус йиғилишини чақиради.

Йиғилишда Берия масаласи кўрилади ва уни «мамлакатнинг социализм йўлидан ривожланишга тўсиқ бўлаётган шахс» сифатида ва яна бир қатор айблар билан айблашади ва ўша ернинг ўзида қамоққа олишади.

Бериянинг қўлига кишанни шахсан маршал Жуковнинг ўзи тақади. Берия 1953 йил 24 декабрда СССР Олий суди томонидан отувга ҳукм қилинади ва ҳукм ўша кунда ижро этилади.

Шу тариқа, Сталин қатағонларининг асосий ижрочиларидан яна бири ўз жазосини олади. Сталин вафотидан кейин унинг инсониятга қарши қилган жиноятларига муносиб баҳо берилади.

Бугун аксарият тарихчилар Сталинни Адолф Ҳитлер билан бир сафга қўяди. Ҳитлер уруш туфайли миллионлаб инсонларнинг ўлимига сабабчи бўлган бўлса, Сталин тинч замонларда миллионлаб инсонларни ёстиғини қуритган ва инсониятнинг катта бир бўлагига барча ёмонликларни қўллаб кўрган.

Бугун Сталиннинг ёвузликларидан гап кетганда, тарафдорлари унинг қаттиққўллик билан фашизм устидан ғалаба қозонганини дастак қилишади. Сталин фашистлар Германиясини енгган бўлса-да, СССРга ҳужум қилгунича у бошлиқ давлат Германияга иттифоқдош бўлган. Қолаверса, ўша урушда болаларини урушга жўнатиб, камига бир бурда нонини ўзи емай, фронтга жўнатган халқнинг ҳам ҳиссаси катта бўлган. Шуни унутмасак бас.

Ғайрат ЙЎЛДОШ тайёрлади.

Кўпроқ янгиликлар