Тошкент метросининг Юнусобод йўналиши қурилишида авария содир бўлди. Тупроқ остида бир неча киши қолиб кетган бўлиши мумкин

Ўзбекистон 12:39 / 18.12.2019 78561

Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, ер ўпирилиши оқибатида бир неча киши тупроқ остида қолиб кетган.

Kun.uz мухбири Ички ишлар вазири ўринбосари, ИИВ Тергов департаменти бошлиғи Дониёр Тошхўжаевдан ҳодиса юзасидан изоҳ олди.

«Дастлабки маълумотларга кўра, Юнусобод туманида, «Мегапланет» олдида туннел қазилаётган бўлган. Сув туннелга тушмаслиги учун бетон лоток қилинган. Ана шу лотокнинг қайсидир қисмидан сув кетган ва сув тўпланган. Ёғингарчилик кучайган вақтда ер бўшаб туннелни босиб қолган.

Ҳозирча ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар ёки жабрланганлар борлиги ҳақида аниқ маълумот йўқ. Бу ҳудудда олиб бориладиган ишлар натижасида аниқланади», дейди вазир ўринбосари.

Айни вақтда ҳудудда қидирув-қутқарув ишлари олиб борилмоқда.

Ҳозирча Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бу борада расмий маълумот бермади.

Kun.uz манбаси хабар қилишича, мамлакат бош вазири Абдулла Арипов воқеа жойига бориши кутилмоқда.

UPD: «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ матбуот хизмати Тошкент метрополитени Юнусобод линиясида қурилиш ишлари олиб борилаётган очиқ участкада авария ҳолати юз берганини тасдиқлади. Ҳозирда Бош вазир биринчи ўринбосари О. Раматов шахсий назорати остида хизмат текшируви ўтказилмоқда. Хизмат текшируви натижалари ҳақида жамоатчиликка ахборот берилади.

Кўпроқ янгиликлар