Инглиз тилини билиш рейтингида Ўзбекистон юзта давлат орасидан 95-ўринда қайд этилди

Жамият 11:40 / 15.12.2019 20351

Инглиз тили дунёда энг кўп тарқалган тил ҳисобланади – бу тилда сўзлашувчилар сони тахминан 1,5 миллиард кишини ташкил этади. Таъкидлаш керакки, уларнинг аксарияти учун инглиз тили она тили эмас, балки иккинчи тилдир.

«EF Education First» халқаро таълим компанияси ҳисоботига кўра, инглиз тили она тили бўлмаса-да, унда ҳаммадан ҳам равон сўзлаша олувчилар – Шимолий Европа халқларидир.

Рейтингда Нидерландия биринчи ўринда қайд этилган бўлса, ундан кейинги ўринларда Швеция, Норвегия ва Дания кўрсатилган.

Юзта давлат киритилган рўйхатда Ўзбекистон – 95-поғонада. Ўзбекистонликлар юз баллик тестдан ўртача 43,18 балл олишган. Натижа бир йил олдингига қараганда 0,65 пунктга яхшиланган холос.

Ўзбекистондан кейин Кот-д’Ивуар, Ироқ, Саудия Арабистони, Қирғизистон ва Ливия юзлик рейтингни якунлаб беради.

Мазкур натижаларни мукаммал ва ҳақиқий ҳолатни акс эттиради, деб бўлмайди. Индекс бепул онлайн-тест натижаларига асосланган. Юзта мамлакатдаги 2,3 миллион кўнгилли бу тестдан ўтган. Тест топширганлар – шундай истаги, интернетга уланиш имкони ва бунинг учун вақти бўлган кишилардир. Бу эса натижалар бойроқ мамлакатлар фойдаси учун ижобий бўлганини англатади. Натижада кўплаб Африка мамлакатларида индексга киритиш учун зарур бўлган миқдор – камида 400 киши ҳам тестдан ўтиб кўрмаган.

Шундай камчиликлар билан илмийликка даъво қила олмаса-да, EF натижалари қизиқ фактларни тақдим этган. Бу йил имтиҳон топширганларнинг салкам олтмиш фоизи – аёллар. Аёллар ҳар доим эркакларга қараганда яхшироқ натижа кўрсатиб келган, бироқ бу йилда эркаклар ўртадаги тафовутни бироз қисқартиришди. Бу – аёлларнинг инглиз тили кўникмалари ёмонлашгани эмас, балки синовдан ўтувчилар сонининг кўпайгани билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Иқтисодиёти ривожланган Европада натижалар ҳайратланарли даражада ёмон: фақат Германиягина «аҳолисининг инглиз тили бўйича малакаси ўта юқори» мамлакатлар қаторига кирган.

Франция, Испания ва Италия эса аҳолиси инглиз тилини ўртача биладиган давлатлар қаторида. Испаниянинг ўзида ўтказилган ўрганиш натижалари ҳам салбий янгиликни тасдиқлаган: катта ёшдаги кишиларнинг 60 фоизи инглиз тилида умуман сўзлашмасликларини айтишган. Эҳтимол, бунга испан тилининг ҳам глобал тил экани (испанчада сўзлашувчилар 400 миллиондан ортиқ) сабабчидир. Французлар билан боғлиқ ҳолатни шундай изоҳлаш мумкин.

Инглиз тилини билиш даражаси энг юқори мамлакатлар рўйхатига Осиёдан фақатгина Сингапур киритилган. Кейинги категориядан Филиппин ва Малайзия, учинчи тоифадан эса Ҳонконг, Ҳиндистон ва Хитой жой олган. Япония – тўртинчи классда.

Кўпроқ янгиликлар