Уйини сел ювиб кетган фуқароларга давлат ёрдами берилмайдими?

Жамият 17:30 / 03.12.2019 12963

Шу йилнинг март-апрель ойларида Самарқанддаги ёмғирлар кўплаб хонадонларга зарар етказганди. Сел оқибатларини бартараф этиш мақсадида шаҳар ҳокимлиги ҳузурида махсус штаб ташкил этилиб, уйини тиклашда ёрдам сўраган фуқароларга қурилиш материаллари берилиши маълум қилинганди.

Самарқанд шаҳри, Рудакий кўчаси, 36-уйда яшовчи Муҳиддин Примқулов табиий офат оқибатида уйсиз қолган фуқаролардан бири. Сел унинг уйини бутунлай ювиб кетган.

Оғир операцияни бошдан ўтказган аёли, олти ёшли боласи билан уйсиз қолган фуқаро бир неча марта ҳокимлик ва бошқа идораларга ёзма мурожаат қилган. Мақсад, олдин айтилганидек, озгина қурилиш материаллари берилса қишгача уйнинг бир хонасини бўлса-да тиклаш эди.

Ҳокимлик томонидан келган дастлабки жавоб хатига Муҳиддин Примқулов ҳалигича тушунмаётганини айтмоқда. Сел сабаб уйсиз қолганини айтиб ёрдам сўраган фуқарога Самарқанд шаҳар ҳокимлигидан 2019 йил 19 апрелда қуйидаги мазмунда жавоб хати келган:

Хуллас, «2019 йил учун тузилаётган манзилли дастурнинг навбатдаги рўйхатига киритиш режалаштирилган».

Нима қилиб бўлса ҳам қишгача бошпана тиклаш керак. Баҳор ўтиб, ёзнинг иккинчи ойида ҳам ҳеч қандай нажот бўлмагач, Муҳиддин ака яна мурожаатларни бошлайди.

Самарқанд шаҳри ҳокими номига ёзилган аризада аҳволини батафсил маълум қилади. Ҳокимликдан ёрдам келмаса-да, ҳартугул жавоб хати бўлади.

Самарқанд шаҳри ҳокими ўринбосари имзоси билан келган хатда табиий офатдан кўрилган зарарни қоплашда талаб этиладиган маблағлар ажратилишига ёрдам сўраб вилоят ҳокимлиги томонидан Вазирлар Маҳкамасига мурожаат этилгани баён қилинган. Шунингдек, мавжуд қонун-қоидаларга кўра, фуқаро уй-жойи таъмирини ўз ҳисобидан қилиши лозимлиги эслатиб ўтилган. Бу афтидан, «ўзинг таъмирлаб ол», дегани бўлса керак. Чунки ростдан ҳам фуқарога кейинчалик ҳам ҳеч қандай ёрдам кўрсатилмайди. 

Кутавериб, совуқ кунларга етган М.Примқулов охири хароба устида чайла қуриб олади. Плёнка, латта ва бошқа материаллар билан ўраб олинган бошпанада оила қилиш қийин — Муҳиддин ака охир-оқибат ёлғиз ана шу чайлада яшаб келмоқда.

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ,
Kun.uz мухбири.

ТАҲРИРИЯТДАН: Аслида, фуқаро ўз уй-жойини ўзи таъмирлаши лозимлиги таҳририятга ҳам яхши маълум. Аммо гап табиий офатдан қаттиқ зарар кўрганларга ёрдам ҳақида кетяпти.

Бутун дунёда табиий офатдан азият чекканлар тақдири кун тартибидаги асосий масалага айланади. Давлат томонидан, ҳомийлар ва жамоат ташкилотларидан ҳам имкон қадар бундай кишилар уйлари тикланишига ҳаракат қилинади.

Сарлавҳада «Уйини сел ювиб кетган фуқароларга давлат ёрдами берилмайдими?» деган савол қўйилиши бежиз эмас. Нафақат Самарқанд, балки бошқа вилоятлардан ҳам баъзан таҳририятга табиий офатдан зарар кўрганлар ҳақда мурожаат бўлиб туради. Хўш, бизда уларга ёрдам қўлини чўзиш амалиёти борми ёки фақат М.Примқуловгина кимларнингдир эътиборсизлигидан оғир аҳволда қолиб кетганми?

Кўпроқ янгиликлар