ССВ: Ажратилган маблағлар эвазига тиббий-ижтимоий муассасаларни қуриш, реконструкция қилиш ишлари олиб борилмоқда

Жамият 16:50 / 03.12.2019 983

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Ўзбекистон давлат консерваториясида 3 декабрь — Халқаро ногиронлар кунига бағишлаб ўтказилган тадбирда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш йўналишида олиб борилаётган чора-тадбирлар ва истиқболдаги вазифаларга алоҳида урғу берилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Абдуҳаким Хаджибаев, Ўзбекистон Ногиронлар жамиятининг раиси Комил Абдуллаев сўзга чиқиб, иштирокчиларни байрам билан табриклади.

Сўнгги уч йил мобайнида Ўзбекистонда кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва имконияти чекланган болаларга тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатиш йўналишида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилгани қайд этилди.

Президентнинг 2017 йил 1 декабрдаги «Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида ногиронлиги бўлган шахсларнинг турмуш даражаси ва сифатини янада яхшилаш, тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш, жамиятдаги фаол позициясини шакллантириш, жамиятда барча учун, шу жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар учун инклюзив шароитлар яратиш юзасидан илк бор аниқ чоралар белгиланди.

— Мазкур фармон ногиронлиги бўлган шахсларга жамиятда тўлақонли ҳаёт кечириш имкониятини яратиш борасидаги чора-тадбирлар кўлами ва қамровини ошириб берганлиги билан муҳим ҳуқуқий асос бўлди, — дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббий ижтимоий хизматлар агентлиги директори вазифасини вақтинча бажарувчи Алишер Иноков. — Хусусан, ногиронлиги бўлган шахсларга қулайлик яратиш учун жамоат транспортини пандуслар, алоҳида жойлар билан, бекатлар ва маршрутларни эшиттирувчи, электрон маълумотли таблолар каби махсус воситалар билан жиҳозланади. Шунингдек, ушбу йўналишда кадрлар тайёрлашга, илм-фанни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Тошкент врачлар малакасини ошириш институти негизида биринчи марта ижтимоий тиббиёт кафедраси ташкил этилди.

«Президентимизнинг 2018 йил 20 июндаги «Протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситалари ишлаб чиқарилишини ривожлантириш ҳамда тиббий-ижтимоий муассасаларининг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори доирасида биринчи марта тизимдаги тиббий-ижтимоий муассасаларни янгидан қуриш, реконструкция қилиш ишларига қарийб 389 миллиард сўм маблағ ажратилди ва бу борада амалий ишлар олиб борилмоқда», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Тадбирда 540 нафар ногиронлиги бор болаларга замонавий, енгил конструкцияли қулай бўлган ногиронлик аравачалари тарқатилди.

Таъкидлаш жоизки, 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан жорий йилнинг 30 ноябридан 30 декабрига қадар меҳр-мурувват ойлиги ўтказилмоқда. Унда ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг қамровли тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган.

«Тадбирда янграган дилтортар куй-қўшиқлар ва файзли дастурхон атрофидаги суҳбат иштирокчилар қалбига бир олам завқ бағишлади», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Кўпроқ янгиликлар