Энергетика вазирлиги электр энергиясидаги вақтинча узилишлар ҳақида огоҳлантирди

Ўзбекистон 18:40 / 08.11.2019 26926

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги матбуот хизмати «Толимаржон иссиқлик электр станцияси»да таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани ҳақида маълумот берди.

«Бугун, 8 ноябрь куни кеч соат 24:00га қадар республикамизнинг айрим ҳудудларида электр энергиясида вақтинча узилишлар бўлади.

«Толимаржон иссиқлик электр станцияси»нинг 450 МВт қувватга эга электр энергиясини ишлаб чиқаришга мўлжалланган энергоблокида газ фильтрларини тозалаш учун таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Шу муносабат билан республикамизнинг айрим ҳудудларида бугун, 8 ноябрь куни соат 24:00га қадар электр энергиясида вақтинча узилишлар бўлади.

Келтирилган ноқулайликлар учун истеъмолчилардан узр сўраймиз», дейилади хабарда.

Бундан аввалроқ Kun.uz сайтида сўнгги кунларда Ўзбекистоннинг кўп ҳудудларида, айниқса водий вилоятларида электр энергияси таъминотида узилишлар кузатилаётгани ҳақида хабар қилинганди.

Маълумот учун, Ўзбекистонда айни пайтда электр энергияси ишлаб чиқарувчи 8та ИЭС бор – «Толимаржон», «Ангрен», «Янги Ангрен», «Навоий», «Тўрақўрғон», «Тахиатош», «Сирдарё» ва «Тошкент» иссиқлик энергия станциялари. Шунингдек, 3та иссиқлик электр марказлари фаолият кўрсатмоқда.

Кўпроқ янгиликлар