Андижон вилоят ИИБга чақирилган 20 ёшли йигит уйига қайтиб келмаган. У ҳозир қаерда?

Жамият 23:06 / 06.11.2019 112667

2 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда «Абдуллоҳ қаерда?» сарлавҳаси остидаги пост тарқалди. Унда Андижон вилоятининг Жалақудуқ туманида яшовчи фуқаро Дилмурод Тоҳировнинг 20 яшар ўғли Абдуллоҳни ИИБ ходимлари олиб кетиб, бир ҳафтадан буён дарагини бермаётганига оид фикрлар баён этилган.

Kun.uz мазкур ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида йўқолиб қолган йигитнинг отаси, оила ёллаган адвокат ва вилоят ИИБ расмийси билан суҳбатлашди. 

Ота: «Фарзандим ҳозир қандай аҳволда, билмайман» 

Таҳририятга келган андижонлик Дилмурод Тоҳировнинг айтишича, ўғли Абдуллоҳ Тоҳировни оила аъзолари 26 октябрдан буён кўришмаган. Ҳатто фарзандининг айни пайтдаги аҳволи ва қаердалиги ҳам уларга ошкор этилмаяпти. Бу эса қариндош-уруғлар, маҳалла-кўйни ваҳимага солган.

«Жалақудуқ туманининг «Юқори чигитр» маҳалласида яшаймиз. Деҳқончилик билан шуғулланиб, тирикчилик қиламиз. Ўғлим Абдуллоҳ бу йил 20 ёшга тўлди. 2018 йил ноябрида маҳалладаги таниш-билишлар билан бирга Россияга ишлагани кетиб, шу йил май ойида қайтиб келди. Шу кунгача ўғлимнинг ортидан бирор ёмон гап эшитмаганман. Унинг хатти-ҳаракати ҳамиша назоратимда бўлган.

Жорий йил 26 октябрь куни эрталаб соат чамаси 7:00ларда ўғлим Қўрғонтепа ҳудудида Андижон-Қўрғонтепа йўналишидаги катта кўчада йўл-транспорт ҳодисаси содир этади. У қариндошимизнинг «Lacetti» русумли автомобилини ишончнома асосида бошқариб юрганди. Ҳодиса юз бергач, Абдуллоҳ тоғаси Исломбекка телефон қилиб, юз берган ҳодиса ҳақида маълум қилади. Кўнгилсиз воқеа содир этилишида ўғлим айбдорлиги боис тоғаси Исломбек «Nexia-2»га етказилган зарарни қоплаб, шикастланган жойларини таъмирлатиб беришини айтади. 

Боғишамол даҳасидаги эски машина бозорга яқин жойдаги устахонада «Nexia-2»нинг орқа багажи очиқлиги учун унинг ичига ҳам бир назар солдим ва у ерда «VSF» категориядаги давлат рақам белгиси борлигига кўзим тушди. Автомашинани таъмирлаш учун зарур бўлган эҳтиёт қисмлари ва маблағни устахонага ташлаб, уйга қайтдик.

Эндигина йўлга чиққан пайтимиз укам Элмурод қўнғироқ қилиб, «Жалақудуқ туман ИИБдагилар ўғлингни олиб боришимизни сўрашяпти», деди. Андижон шаҳардан то хонадонимга боргунимча, укам 4-5 марта сим қоқиб, шу гапни такрорлади. Уйга етганимдан сўнг аччиқ устида ўғлимнинг телефонини синдириб ташладим. Чунки у бир неча ой олдин телефони туфайли йўл-транспорт ҳодисасини содир этган эди. Бу сафар ҳам яна шу матоҳи сабаб бўлгандир, деган фикр миямда айланаверди.

Ўғлим ҳали бола ва қизиққон экан-да, дарров синган телефонидан сим-картасини чиқариб, уни бошқа оддий телефонига солиб олди. Кечки соат 18:00 чамаси қайнукам машинасида ўғлим билан туман ички ишлар бўлими томон отланишди. Йўлда уларга Фаррух Юсупов исмли орган ходими алоқага чиқиб, унинг ҳамроҳлигида вилоят ИИБга боришлари кераклигини айтибди. Учаласи Исломбекнинг автомобилида Андижон шаҳрига кетишади.

Уларнинг ортидан бошқа машинада рафиқам билан бирга бордик. ИИБда ўғлимнинг камерали телефонини тезда уйдан олиб келишим шартлигини айтишди. Биз яна хонадонимизга қайтиб келдик. Кечқурун соат 23:30да аёлим иккимизнинг ортимиздан 3-4 нафар орган вакиллари уйимизга келиб, тинтув ўтказишди. Ўғлимнинг телефони ва унинг ажралиб кетган қисмларини, унга қўшимча равишда кичкина компьютеримиз ва флешкани ҳам ўзлари билан олиб кетишди.

Шу вақтда қайнукам машина устасига телефон қилиб, «Сиз таъмирлаётган машина кимники? Устахонадан қайтганимиздан сўнг орган ходимлари уйимизни тинтув қилишди», деган саволни берди. У эса «Машина вилоят ИИБда катта лавозимда ишлайдиган одамники» деб айтди. Шунда машина Андижон вилояти ИИБ Терроризмга қарши кураш бошқармаси бошлиғи, подполковник Қаҳрамон Эргашевники эканлигидан бохабар бўлдик.  

Эртасига, яъни 27 октябрь куни тонгги соат 6:00ларда укамга Фаррух Юсупов телефон қилиб, жиянингизни Тошкентга олиб кетяпмиз, деб ўғлимга гўшакни тутибди. Абдуллоҳ ҳам «Биз Тошкентга яқинлашиб қолдик», деган гапни айтибди.

Қаҳрамон Эргашев билан телефонда бир неча марта гаплашиб турдик. Ундан Абдуллоҳ қаердалигини сўрасак, «Бунинг автоҳалокатга алоқаси йўқ. Тошкентдан буйруқ бўлган ва Тошкентга олиб кетилди. Ўғлингиз Россиядалигида «нозик одамлар»ни сўкиб ёзган интернетда. Унга кўпи билан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси берилади. Ваҳима қилманглар, бугун чиқарворишса керак», деган фикрларни билдирди. 

Унинг бу жавобидан ҳайрон бўлиб, турли саволларга жавоб изладим. Ахир фарзандимнинг Россиядан келганига 5-6 ой бўлганди. Ўйлаб кўринг, агар у ростдан ҳам амалдорлар ҳақида ёмон гап ёзганида шу пайтгача чора кўришарди-ку?

Қаҳрамон Эргашев 28 октябрда ҳам бир кун олдинги гапларини яна такрорлади. У ўғлим Тошкентга олиб кетилгани, Андижон вилояти ИИБдагиларнинг бунга алоқаси йўқлиги, телефонда кўп нарсани гапиролмаслиги, кейинроқ юзма-юз кўришиб суҳбатлашиши мумкинлигини айтди. 

Келишилганидек, 29 октябрь куни Андижон шаҳридаги кафелардан бирининг олдидаги кўчада учрашдик. 

«Абдуллоҳ 15 кунга қамалди, қарор чиқарилган, Тошкентдагилар билан гаплашиб турибман. Сизларга яна хабар берилади», деди. Қамалишининг сабабини сўраганимизда, Исломбекнинг қулоғига паст овозда «юқори лавозимли амалдорлардан бирини сўкибди», дея жавоб қайтарди. Бу гапни бизни қўрқитиш мақсадида айтган, деган фикрдаман. Чунки ўғлимни жуда яхши биламан. У беозор, биров ҳақида беҳуда ёмон сўз айтмасди. Ошна-оғайнилари ҳам оддий йигитлар. 

30 октябрь куни Тошкентга келдик ва адвокат Умидбек Давлатов билан танишиб, шартнома туздик. Ҳалигача Абдуллоҳ ҳақида бирор маълумотга эга эмасмиз. Ўғлимни қайси айби учун қаерда ва қачон, қайси модда билан судлашгани бизга қоронғи. Суд жараёнида ҳам иштирок этмаганмиз. Фарзандим ҳозир қанақа аҳволда, унга нималар қилишяпти, билмаймиз. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан ўғлимни топишда ёрдам беришларини илтимос қиламан.

Адвокат: «Ҳануз бирор дарак йўқ»

Тошкентдаги «Simay kom» адвокатлик фирмаси адвокати Умидбек Давлатовнинг таъкидлашича, у ва Абдуллоҳнинг яқинлари 31 октябрь–1 ноябрь кунлари қатор ташкилотларга ёрдам сўраб мурожаат қилишган. Аммо 20 ёшли ўсмир ҳақида ҳануз бирор дарак бўлмаяпти.

«31 октябрда Дилмурод Тоҳировнинг мурожаатини эшитиб, ўша куниёқ Андижонга кетдик. Кечга яқин Андижон шаҳар маъмурий судига сўровнома киритдик. Лекин у ердагилар Абдуллоҳга нисбатан маъмурий қамоқ қўлланмаганини расман маълум қилишди. Эртасига Андижон, Жалақудуқ туманлари ва вилоят маъмурий судларига бордик. Улардан ҳам Абдуллоҳнинг тақдирига оид аниқ хабар чиқмади. Вилоят прокуратураси ва ИИБдан ҳам маълумот ололмадик. 

А.Тоҳиров 15 суткалик жазони ўтаётгани тўғрисидаги хабарни текшириш учун Қўрғонтепа тумани ва Андижон шаҳридаги вақтинчалик сақлаш изоляторига мурожаат қилганимизда, улар бундай шахс ушбу муассасаларга олиб келинмаганини таъкидлашди.

Жалақудуқ тумани ИИБ ва прокуратураси ҳам А.Тоҳировга нисбатан иш очилмаганини билдирди. Кейин Тошкентга қайтиб келиб, Президент виртуал қабулхонаси, Бош прокуратура, ИИВ ва ДХХ раҳбарлари номига телеграмма юбордик, ариза ҳам ёздик. Хозирча Абдуллоҳ ҳақида бирор хабар ололмадик», дейди адвокат. 

Вилоят ИИБ бошқарма бошлиғи: «Барчасини отаси тушунтиради» 

Суриштирув давомида Андижон вилояти ИИБ Терроризмга қарши кураш бошқармаси бошлиғи, подполковник Қаҳрамон Эргашев билан телефон орқали боғландик. Унинг қисқа изоҳи ҳолатга ойдинлик киритиш ўрнига саволларни кўпайтирди.  

«Ҳеч қанақа ҳолатлар (йўл транспорт ҳодисаси - таҳр.) бўлмаган. Машинам ўзимда, ҳайдаб юрибман. Қандайдир тушунмовчиликлар бўляпти, телефонлар масаласи бўйича арзимаган бир-иккита нарса бор. Яқинда ойдинлик киритамиз.  

Дадасининг ўзи (Дилмурод Тоҳиров назарда тутиляпти – таҳр.) раддия беряпти, нотўғри ёзиб қўйганидан афсусда. Барчасини отаси тушунтиради», – дея жавоб бериш билан кифояланди Андижон вилояти ИИБ расмийси.  

Эслатиб ўтиш жоизки, биз подполковник Қаҳрамон Эргашев билан Дилмурод Тоҳиров таҳририятимизга келишидан бир соат олдин телефонда суҳбатлашган эдик. Дилмурод Тоҳиров билан кечган суҳбатимизда у ўғлининг тақдири ҳақида қайғуриб, ижтимоий тармоқлар орқали юртдошларимиздан ёрдам сўраганидан умуман афсусда эмаслигини таъкидлади.

Ички ишлар вазирлигининг Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармасидан ҳолат юзасидан изоҳ олишнинг иложи бўлмади.

Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.

Миролим ИСАЖОНОВ,
Kun.uz мухбири.

Кўпроқ янгиликлар