Тил нега ўлади? Глобал таназзулдан омон қолиш мумкинми? — Профессор билан суҳбат

Жамият 12:40 / 20.10.2019 10984

Дунёда барча жабҳаларда ривожланиш, тараққиёт бўлгани сари ижтимоий алоқа воситаси саналган тилга муносабат ҳам ўзгариб бораверади. Маълумки, тарихан жаҳон тиллари ривожланиб, бойиб борган ёки маълум сабабларга кўра истеъмолдан чиқиб ўлик тилга айланган. Бугунги глобаллашув, илм-фан юксалган даврда дунё тиллари ўз яшовчанлигини қандай сақлаб қолади? Киши ўзи мансуб бўлган халқ тилини сақлаб қолиш учун нималар қилиши керак? Қуйида Ўзбек тили ва адабиёти университети профессори, тилшунос олим Бахтиёр Менглиев билан бўлган суҳбатда шу каби саволлар хусусида фикр юритилган.

Бугунги глобаллашув даврида дунёнинг лисоний ҳолати ва вазияти кун сайин ўзгариб бормоқда. Бу борада даҳшатли статистик маълумотлар борлиги ҳам сир эмас. Уларга муносабатингиз қандай? Глобал таназзул гирдобидан омон қолиш учун тилларга нималар зарур?

— Турли ҳисоб-китобларга кўра, бугунги кунда дунёда 3 мингдан 7 мингтагача тил борлиги эътироф этилади. 2005 йилда тузилган ЮНЕСКО рўйхати 6 912та тилни қамраб олади. Бу тиллардан 32,8 фоизи (2 269таси) Осиё ва 30,3 фоизи (2 092таси) Африка қитъасига тўғри келади.

Тил – моддий, маънавий меросни сақлаш ва бойитишнинг энг кучли воситаси. ЮНЕСКО ҳисоб-китобига кўра, мавжуд 7 мингга яқин тилнинг ярми ХХI асрда ўзининг «сўнгги соҳиби»дан ажралиши мумкин. Баъзи фаразларга кўра, аср охирига келиб мавжуд тилларнинг 95 фоизи ўлик тилга айланади. Ҳар ойда дунё миқёсида иккитадан тил ўлаётгани эса даҳшатли ҳодиса!

ЮНЕСКОнинг 2017 йил 15 июндаги хабарига кўра, ўлим ёқасида турган 2,5 минг тилдан 15таси Марказий Осиё минтақасига тўғри келади. Жумладан, Ўзбекистондаги Марказий Осиё араблари тили, Бухоро-Самарқанд яҳудийлари тили, Марказий Осиё лўлилари (парё) тилини келтириш мумкин. Қолган тилларнинг 2таси Қозоғистон ва Қирғизистонда (дунган ва ойрот тиллари), биттаси Туркманистонда (трухман тили), 9таси Тожикистонда (вохон, ишкомиш, санглич, рошорв, шуғон, бартанг, рушон, язғулоб, яғноб тиллари). 

Тилга давлат тили мақоми берилиши уни йўқолиш муаммосига дуч келиш хавфидан маълум даражадагина (!) халос қилади. Масалан, удмурт, чукот, чечен тиллари ҳам, давлат тили бўлса-да, йўқолиш хавфига юз тутаётгани – фикримизнинг далили. Албатта, давлат тили мақоми тил ва унинг соҳиблари учун жуда улкан ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий, тарихий, ҳуқуқий аҳамиятга эга. У – миллий яхлитликни ва бардавомликни таъминловчи асосий восита. Бироқ унинг ўзигина тилнинг яшаб қолиши учун етарли эмас.

Тиллар ўлими сони сўнгги ўн йилликда охирги юз йилликдагидан кўпроқ. Тиллар ўлимига асосан нималар сабаб бўлмоқда?

— Тил нега ўлади? Чунки одамлар ундан фойдаланмай қўяди, кенг қўлланишдаги ва «обрўли» тилларга устунлик берилиши натижасида бу тилда таълим олинмайди.

Тиллар ҳам одамларга ўхшайди, ёнма-ён яшашади, бир-бирига таъсир қилади, ўзгаради – ривожланади. Фақат тил ўлганда, мотам тутувчиси бўлмайди, холос.

Тараққиёт тезлашиши натижасида дунёнинг ягона ахборот маконига айланиб бориши тиллар тақдирида ҳам катта роль ўйнайди. Масалан, ўтган минг йилликда дунё тилларининг 500таси ўлик тилга айланган бўлса, сўнгги юз йилликда эса 1000та тил тарих қаърига сингиб кетди.

Тиллараро нотенглик – кичик тиллар яшовчанлигига салбий таъсир қилувчи асосий омил. Қайсидир тил муҳимроқ, обрўлироқ, қулайроқ бўлиб, унга муайян бир жамият ёки дунё миқёсида кўпроқ эътибор қаратилади. Табиийки, одамлар ўзи ва фарзандлари учун ижтимоий мавқе берадиган тилни танлашади. Масалан, бизнинг шароитда рус тилига, инглиз тилига берилаётган эътибор бунинг бир кўриниши. Одатда, мактаб ва олий ўқув юртларида ўқитилаётган бу «катта» тиллар – мансаб пиллапояларидан юксалишнинг муваффақиятли гарови.

Натижада «кичик» тиллар аҳамиятсиз, иккинчи даражали ёки умуман кераксиз бўлиб қолаверади. Кўптиллилик қадрланмайди, она тили севилмайди, балки «бош» тилни билиш ҳар томонлама рағбатлантирилади. Бу тилни билувчи мутахассисларга устама маошлар берилади, имтиёзлар тақдим этилади. Бироқ, масалан, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган бошқа миллат мутахассисларининг ўзбек тилини билиши, бу тилда иш кўриши рағбатлантирилмайди. Ҳолбуки, энди мамлакатимизнинг дунё бўйича ўзбек тили таълимини йўлга қўйишга киришиш вақти келди. 

Цивилизация тилларнинг тақдирида муҳим роль ўйнайди. Юқорида қайд этганимдек, тараққий этган қитъаларда тиллар сони кам, кам ривожланган қитъаларда эса тиллар сони анча кўп. Масалан, Еропа қитъасида 240та тил мавжуд. Буни Осиё ва Африка қитъалари тиллари сони билан қиёслаш етарли.

Тилларнинг тараққиёти ва таназзулида қуйидаги ҳолатлар алоҳида ажралиб туради:

1) тилларнинг ўлик тилга айланиши (этруск тили, шумер тили, санскрит тили, қадимги хоразмий тили, сўғд тили);

2) тилларнинг бошқа тилга айланиши (грек тили, яҳудий тили, арман тиллари);

3) тилларнинг бўлиниб кетиши (герман тиллари);

4) тилларнинг қўшилиши натижасида янги тиллар вужудга келиши (ўзбек, туркман тиллари);

5) тилларнинг «тирилиши» (иврит тили).

«Ўлган» иврит тили эса дунё яҳудийларининг саъй-ҳаракатлари билан қайта жонлантирилди – мулоқот воситаси тусини олди. Бунда жонкуяр мутахассислар ва фидойи тил соҳиблари катта роль ўйнадилар.

Ҳар бир даврда тиллар тараққиёти ёки ўлимига турли омиллар сабаб бўлган. ХХ асргача колониализм, ХХ асрда урбанизация (шаҳарлашув), ХХI асрда глобаллашув тиллар ўлимига сабаб бўлмоқда. Европадаги Исландия давлатининг тили бўлган исланд тили ўлик тилга айланаётгани барча миллатпарвар кишиларни ҳушёр торттириши табиий. Мутахассислар фикрича, Исландияда интернет тили инглиз тили бўлгани учун исланд тилининг қўлланиш доираси тобора торайиб бормоқда.

Барча тиллар яшаб қолиш даражаси нуқтайи назаридан қуйидагича тасниф қилинмоқда:

  1. хавфсиз тиллар;
  2. эҳтиётталаб тиллар;
  3. хавф яқинлашаётган тиллар;
  4. хавфга чалинган тиллар;
  5. ўлаётган тиллар.

Энг хавфсиз тиллар қаторини турган инглиз, хитой, испан, немис, япон, француз, араб тиллари эгаллаган. Уларнинг хавфсизлиги гаплашувчилари сони, мамлакатларининг қудрати, миллатининг тилсеварлиги ва оммавийлашганлик даражаси кабилар билан белгиланади. Бу борада етакчиликни ҳали кўп вақт давомида инглиз тили сақлаб турса керак. Инглиз тилида сўзлашувчилар сони хитой тилига нисбатан кам бўлса-да (450 млн киши), унинг талабгорлари кун сайин ошмоқда. АҚШ ва Англия иқтисодда етакчилик қилар экан, бу тилнинг мавқейи сақланиб қолаверади. Бундай ҳол иккинчи жаҳон уруши олдидан немис тили мисолида кўринган эди ва дунё миқёсида бу тилнинг расмий таълими урушдан кейин ҳам узоқ вақт сақланиб қолди. Бу жараён сусая бошлаши билан Германия бу тилнинг дунё бўйича ўқитилишини, ўрганилишини рағбатлантиришга киришди. Зеро, кенг тарқалган тилларнинг ўлими ўз мамлакатидан ташқарида унинг таълими сусайишидан бошланади.  

Хитой тилида сўзлашувчилар сони бўйича жаҳонда биринчи ўринда туради, аммо уларнинг бари хитойликлардир. Таъкидлаш керакки, хитойликлар ҳам ўз тилларини дунёга таълим йўли билан ёйиш бўйича жидду-жаҳд кўрсатмоқда.

— Лекин ҳозирги кунда ҳар томонлама ривожланиш учун сиз айтаётган тилларга таяниш, уларни ўрганиш заруратга айланмадимикан? Ҳатто Хитой ва Ҳиндистондек давлатлар ҳам инглиз тилидан кенг фойдаланмоқда-ку?

— Тўғри. Аммо «уларга таяниш», «уларга ҳам таяниш» ва «фақат уларга таяниш» ифодалари фарқ қилади. Буни эртаклардаги «борса келар», «борса келар-келмаслиги гумон» ва «борса келмас» йўлларига қиёслаш мумкин. Сизнинг фикрингизни «уларга таяниш» деб тушунадиган бўлсак, она тилимизга онгсиз равишда эътиборсизлик қилган бўламиз. «Фақат уларга таяниш» шарт бўлса, она тилимизга нисбатан қасддан жиноят содир бўлади. Халқаро тиллардан фойдаланиш, уларга таяниш, сиз айтганингиздек, тараққиёт гарови. Агар бунда ўрта йўлни («уларга ҳам таяниш») танламасак, техник-технологик, иқтисодий жиҳатдан «тараққиёт»га юз тутсак-да, маънавий жиҳатдан орқага кетамиз. Тараққиётда она тили билан бирга «халқаро тилларга ҳам таяниш» – «борса келар» йўли. Кўплаб мамлакатларда она тиллари тараққиёт йўлида глобаллашув қурбонига айланмоқда. Шу маънода президентимизнинг ўзбек (она) тилини билмаган болаларни замонавий мактабларга қабул қилмаслик ҳақидаги фикрлари катта методологик аҳамиятга эга. Бу фикрга ҳуқуқий мақом бериш керак.

Агар бирор тилни сақлаб қолишнинг фақат битта йўлини кўрсатинг деган савол берилса, жавобингиз қандай бўлар эди?

— Глобаллашув асрида тилларнинг яшаб қолиши кўпроқ ахборот-коммуникациялари соҳасида, Интернет тизимида қўлланиш даражаси билан боғлиқ. Қайси тил интернет тили эмас экан, бу тилларнинг рўпарасида ўлим хавфи тураверади.

Интернет тили ҳақида сўз кетар экан, ўзбек тили интернет тили эмасми деган савол туғилиши табиий. Чунки ўзбек тилида интернет саҳифаларида маълумотлар берилмоқда, ёзишмалар амалга оширилмоқда, тилимизда иш олиб борадиган сайт ва порталлар, ижтимоий тармоқлар кундан-кунга кўпаяётир. Зоҳиран тилимиз интернет ва ахборот-коммуникация соҳаларида чекланмаган даражада қўлланаётгандек, тилимиз эса интернет тилига айлангандек. Аслида ҳам шундайми?

Интернет компьютер технологияларига таянади. Компьютер лингвистикасида «компьютернинг тилни таниши» деган тушунча бор. Агар компьютер тилни «танир» экан, тилнинг компьютер тили, интернет тили эканлиги ҳақида сўз юритиш тўғри бўлади.      

Компьютер тилни «таниши» учун у бу тилни «билиши» зарур. Компьютернинг матндаги хатоларни тузатиши, матнни қайта ишлаши, таржима қилиши, аннотациялаши, тилни ўргатиши, транслитерация қилиши, тил ифодаларини таснифлаши, тартиблаши, бирор тилда гапириши, ёзиши унинг тилни таниши асосида амалга оширилади. Умуман олганда, сунъий интеллектнинг муайян тил асосида иш кўриши, тилнинг сунъий интеллектнинг тўла маънодаги мулоқот воситасига айланиши унинг тилни «билиши» ва «таниши» асосида содир бўлади.

Хуллас, ХХ асрнинг буюк кашфиёти бўлган компьютер технологиялари соҳаси учун катта вазифаларни вужудга келтирди ва тилларнинг тараққиёти ҳамда яшаб қолиши учун ҳал қилувчи омилга айланиб қолди.

Тилнинг интернет, компьютер технологиялари тилига айланиши математик лингвистика, унинг давоми бўлган компьютер лингвистикасининг шакллангани ва ривожланиш даражаси билан боғлиқ. Айниқса, сунъий интеллект учун табиий тилларни моделлаштириш компьютер лингвистикасининг асосий, пировард вазифаси ҳисобланади.

Дунё миқёсида сунъий интеллектлар яратиш асосида табиий тилларни математик моделлаштириш ётади. Математик моделлаштириш натижалари сунъий интеллектнинг фаолият дастурини яратишга асос бўлиб хизмат қилади. Бу эса ўзбек тили мисолида ҳали очилмаган қўриқ.

Тилнинг хавфсизлигини таъминлаш учун уларнинг ёзувларига, кўп сонли сўзлашувчиларга (100 мингдан ортиқ), давлат тили мақомига ва ахборот-коммуникация, интернет тизимида қўлланиш хусусиятига ҳамда сўзлашувчиларнинг муҳаббатига эгалигидан ташқари, зиёлиларнинг тилларни сақлаб қолиш ва ривожлантириш ҳақида қайғуришлари ва мутасаддиларнинг эса бир ёқадан бош чиқариб ташкилий йўл билан курашишлари жуда ҳам зарур.

Шубҳасиз, она тилимизнинг ҳам ўз ёзувига, давлат тили мақомига эгалиги, 40 миллионга яқин сўзлашувчиси борлиги кишини хушнуд қилади. Бироқ аччиқ бўлса-да, таъкидлаш керакки, унинг ахборот-коммуникация технологиялари, интернет тили даражасига кўтарилмаётгани, айниқса, бу борада тегишли илмий-тадқиқот муассасалари ва марказларда концептуал характердаги на назарий, на амалий, на ташкилий ишлар олиб борилаётгани унинг ҳам йўқолиш хавфидан буткул холи эмаслигини, рўйхатда эса эҳтиётталаб тиллар қаторида қолиб кетаётганини кўрсатади. Ижроси кечикиб бораётган бўлса-да, бу вазифаларни бажаришга енг шимариб киришсак ва уддалай олсак, она тилимиз, албатта, ҳеч қачон ўлмайди.

Кўпроқ янгиликлар