Чирчиқда «Ҳуқуқий билимлар куни» ўтказилди

Жамият 22:03 / 12.10.2019 1688

12 октябрь куни Чирчиқ шаҳрининг «Машинасозлар» истироҳат боғида мингдан ортиқ ёшлар ва тадбиркорлар иштирокида «Ҳуқуқий билимлар куни» флешмоби ўтказилди. Бу ҳақда Kun.uz’га Тошкент вилоят Адлия бошқармаси матбуот хизмати хабар қилмоқда.

Мазкур тадбир Тошкент вилояти адлия бошқармаси томонидан аҳолига бепул ҳуқуқий маслаҳатлар бериш, фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини юксалтириш, қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳолига етказиш, шунингдек, ҳуқуқий билимини баҳолаш ва рағбатлантириш мақсадида ташкиллаштирилди.

Унда иштирок этганларни ҳуқуқий билимларга қизиқтириш ҳамда уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини рағбатлантириш учун ёшидан келиб чиқиб тест саволлари тарқатилди ҳамда турли танловлар ва викториналар ташкил этилди. Хусусан, мактаб ўқувчилари ўртасида «Ҳуқуқ билимдонлари», Чирчиқ давлат Педагогика институти талабалари ўртасида «Сайлов билимдони» танлови ўтказилди.

Викторина ва савол-жавобларда фаол иштирок этган ва ғолиб бўлган 50 нафар қатнашчиларга махсус эсдалик совғалари топширилди.

Адлия бошқармаси томонидан қатнашчиларга норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари мазмун моҳияти тушунтирилиб 2000 нусхадан ортиқ турли флаерлар, буклетлар тарқатилди. Малакали нотариуслар ва адвокатлар томонидан 40 дан ортиқ қатнашувчиларга бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Вилоятда фаолият юритувчи «Истиқболли авлод» ва «Ҳунарманд» уюшмаси нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳам ўзларининг кўргазмали ва тарқатма материаллари билан фаол иштирок этишди. «Истиқболли авлод» ННТ томонидан ноқонуний миграция оқибатлари ва одам савдосига қарши курашиш мавзуларида иштирокчиларга тушунтиришлар берилиб тарқатма материаллар тарқатилди.

Вилоят бандлик бош бошқармаси томонидан бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилди.

Ҳуқуқий билимнинг минимум даражасидан келиб чиқиб йўл харакати қоидаларидан ўқувчиларни хабардор қилиш мақсадида вилоят ИИБ ЙҲҲБ ходимлари ҳам ўзларининг кўргазмали тарғибот материаллари билан иштирок этишди.

Чирчиқ шаҳар ДХМ томонидан сайёр давлат хизматлари кўрсатилганлиги флешмобда иштирок этаётган аҳолига қулайликлар яратди. Марказ томонидан тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш, болаларга мактабгача таълим муассасасига йўлланмалар бериш каби 20 дан ортиқ давлат хизмати кўрсатилди. 

Кўпроқ янгиликлар