Трамп Эрдўған 13 ноябрда АҚШга ташриф буюриши ва у билан музокаралар олиб боришини маълум қилди

Жаҳон 22:58 / 08.10.2019 5196

Туркия президенти Ражаб Таййип Эрдўған 13 ноябрь куни АҚШга келади ва президент Доналд Трамп билан музокаралар олиб боради. Бу ҳақда Вашингтон маъмурияти раҳбари Twitter саҳифасида маълум қилди. 

"У (Эрдўған) 13 ноябрь куни менинг меҳмоним сифатида АҚШга келади", деб ёзди Трамп. 

У Анқарани АҚШнинг энг йирик савдо шерикларидан бири деб атаб, АҚШ-Туркия муносабатларининг муҳимлигини таъкидлади.

"Кўпчилик Туркия АҚШнинг энг йирик савдо шерикларидан бири эканлигини осонгина унутмоқда, улар бизнинг F-35 қирувчи самолётимиз учун фюзеляжнинг пўлат конструкцияларини тайёрлайди. Улар билан ишлаш ҳам жуда яхши - улар менга Суриянинг Идлиб вилоятида кўпчиликнинг ҳаётини сақлаб қолишимга ёрдам беришди ва менинг илтимосимга биноан узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинган пастор [Эндрю] Брэнсонни соғ-омон қайтаришди. Бундан ташқари, эсда тутинг ва бу жуда муҳим - Туркия НАТОнинг яхши нуфузга эга муҳим аъзоси", - деб қайд этди АҚШ президенти.

Якшанба куни Эрдўған ва Трамп телефон орқали суҳбатлашишган ва ноябрь ойида Вашингтонда учрашув ўтказишга келишиб олишган.

Кўпроқ янгиликлар