Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва прокуратура мутасаддилари фойдаланилмаётган объектлар эгалари билан сайёр учрашувлар ўтказди

Жамият 10:00 / 19.09.2019 6032

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва прокуратураси раҳбариятининг ўзаро ҳамкорлигида Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 18 майдаги ПҚ-2973, шунингдек 2018 йил 4 сентябрдаги ПҚ-3928-сон қарорлари ижроси доирасида пойтахт ва унинг туманларидаги мутасадди раҳбар ҳамда вакилларидан иборат фойдаланилмаётган объектлардан самарали фойдаланиш бўйича идоралараро комиссия ва ишчи гуруҳлар аъзолари томонидан ўтказилган хатловда аниқланган, бўш турган, фойдаланилмаётган ёки самарасиз ишлатилаётган бино-иншоотлар, ишлаб чиқариш объектларининг эгалари билан сайёр учрашувлар ўтказилди. 

Бундай тадбирлар жорий йил 29 июлдан 19 августга қадар пойтахтнинг барча 11та туманида амалга оширилиб, бир қатор объектларга ташриф буюрилди.

Учрашувлар давомида 100дан ортиқ аввал хусусийлаштирилган бўш биноларнинг эгалари, шунингдек кичик саноат зоналарида фаолият олиб бораётган 280 нафар тадбиркор билан бирма-бир суҳбат бўлиб ўтди. 

Ўз навбатида, тадбиркорларнинг фаолиятида учраётган муаммолар тингланиб, уларга зарур ҳуқуқий ва амалий ёрдам кўрсатилди.  

Масъуллар инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқилмаган, бунинг етарлича чоралари кўрилмаган тақдирда амалдаги қонунчиликда белгиланган оқибатлар хусусида огоҳлантирилди. 

Тадбирлар якунида, бўш турган биноларни қисқа муддатга ишга туширишда тадбиркорларга амалий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш юзасидан «йўл харитаси» ишлаб чиқилиб, ижроси сектор раҳбарларининг назоратига олинди. 

Доимий алоқада бўлиб туриш, муаммоларни қисқа муддатда ҳал этиш, масофадан тезкор ҳуқуқий тушунтиришлар бериш мақсадида шаҳар прокуратурасида тадбиркорлар қамраб олинган «Телеграм» ижтимоий тармоғидаги бот-канал ишга туширилди.

Кўпроқ янгиликлар