«Хориждаги «олтинбош»лар ватанга қайтишга тайёр, лекин маъмурий тўсиқлар туфайли уларни йўқотяпмиз» – Экспертлар ёш олимлар ҳақида

Ўзбекистон 17:42 / 18.09.2019 125204

Ўзбекистон очиқ сиёсат йўлини танлаганидан бери ҳар соҳада ташқи дунё билан интеграциялашишга ҳаракат қилмоқда. Бунинг бир йўналиши сифатида инсон ресурсига инвестиция қилишга алоҳида аҳамият бериляпти. Президент хориж мамлакатларига ташриф буюрар экан, у ердаги ватандошларимиз билан учрашиб, юрт тараққиётига биргаликда ҳисса қўшишга чорламоқда.

«Буюк келажак» гуруҳи ташкил этилгани ҳам бежиз эмас. Амалга оширилаётган ҳаракатлар натижасида юртдошларимиз Ўзбекистонга қайтиб келмоқда. Бу қувонарли ҳол, албатта. Аммо кўринмас ва кераксиз тўсиқлар билан ортиқча «ҳимояланган» тизим «олтинбош»лар ўз юртига келиб ишлашини қийинлаштиряпти. Ёш ва интилувчан, халқаро даражада тан олинган ўзбек олимлари ватаним тараққиётига ҳисса қўшаман деб келсаю, унинг илмий даражаси тан олинмаслиги ёки асоссиз равишда кечиктирилишидан ким манфаатдор бўлиши мумкин?

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти масъул ходимлари, Япониянинг Кобе университети ҳуқуқ докторлари Ҳусаин Раджапов ва Отабек Нарзиев ёш олимларнинг илмий даража нострификацияси жараёнидаги ортиқча тўсиқлар ҳақида фикр билдиришди.

«Хориж илмий даражаларини тан олиш ва нострификациялаш низоми маънан эскирган. Янги қарор лойиҳасида ҳам бўшлиқлар бор»

19 йил олдин «Хорижий давлатларда илмий даража олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) тартиби тўғрисида»ги Низом ҳозиргача амалда ишлаб келмоқда ва у ҳозирги кун ислоҳотлари талабига жавоб бермайди, ҳуқуқий ва маънавий жиҳатдан анча эскирган.

Мисол сифатида, илмий даража олганлик тўғрисидаги ҳужжатни нострификациялаш жараёни 2-3 ой, қўшимча сифатида яна 3 ойга чўзилиши белгиланган. Аммо бу узоқ муддат янаям узайтирилаётгани амалиётда учраяпти. Ушбу камчиликлар ваколатли орган – Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси (ОАК) томонидан ўрганилиб, бошқа таклифлар инобатга олинган ҳолда янги қарор лойиҳаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар порталида эълон қилинди. Ушбу ҳужжатда айрим ўзгартириш ва қўшимчалар назарда тутилган бўлсада, хориждаги мутахассисларни жалб этиш учун концептуал янгилик белгиланмаган.

Масалан, мутахассиснинг хориждан келмасдан туриб, яъни у ердаги фаолиятидан узилмаган ҳолда ОАКга ҳужжатларини онлайн топшириб, нострификация жараёнини бошлаш имконияти назарда тутилмаган. Бунда мутахассиснинг онлайн аризаси ва илова қилинган электрон ҳужжатлари асосида ОАК нострификация жараёнини бошлайди. Тегишли қарор қабул қилингандан кейин номзод Ўзбекистонга келиб ҳужжатларининг асл нусхасини тақдим қилиш орқали хориждаги илмий даражаси нострификация қилинишига эришиши мумкин.

«Илмий даражани тан олишда номзоднинг иш жойидан ҳужжат талаб қилиниши қанчалик мантиқли?»

ОАК томонидан нострификация учун талаб қилинадиган ҳужжатларнинг кўпи кераксиз, қоғозбозликдан нарига ўтмайди. Масалан, номзоднинг иш жойидаги раҳбарнинг имзоси билан тасдиқланган хат. Хориждан келган олим бу ерда ўз мақомига мос ишга жойлашиши учун унинг илмий даражаси Ўзбекистонда тан олинган бўлиши керак. Ҳали муқим иш жойига эга бўлмасдан туриб ушбу ҳужжатни талаб қилиш қанчалик мантиқли?

Қолаверса, илмий даража олимнинг ўз билими, шахсий ижод маҳсулидир. Фаолият олиб бораётган ташкилотга ушбу масалани «боғлаш» кўп ҳолларда мантиқсиз. Яна бир ортиқча қоғозбозликлардан бири нострификация қилиш тўғрисидаги аризада нотариал тасдиқланган имзо бўлиши кераклигидир. Фуқаро нима ва ким учун вақт ва пул сарфлаб нотариусга бориши талаб этилмоқда? Буни осон ва қулай тарзда, яъни тегишли аризани ОАК вакили олдида имзолаб бериш кифоя эмасми? Жараённи қийинлаштиришга не ҳожат?

«Нострификациядан мақсад илмий даражани тан олиш, қайтадан имтиҳон ўтказиш эмас»

2000 йилда Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган «Хорижий давлатларда илмий даража олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) тартиби тўғрисида»ги Низом мазмуни ўз номига мос эмас. Низомнинг 2-бандида нострификация қилиш хорижий давлатларда фалсафа доктори (PhD) ва унга тенглаштирилган илмий даражалар олингани ҳақидаги ҳужжатларни қайта аттестациядан ўтказиш асосида тенглаштириш сифатида белгиланган. Ваҳоланки ушбу ҳужжатнинг номида нострификация эквивалентликни қайд этиш деб кўрсатилган. Бунда нострификациянинг мазмун-моҳияти ўзгармоқда. Яъни, бу ерда фақатгина ҳужжатнинг ҳақиқийлиги текширилиб, унинг эквивалентлиги қайд этилмайди, балки яна диссертант ҳимоя жараёнига ўхшаш қайта аттестациядан ўтказилади. Ҳужжат қандай қилиб қайта аттестацияда ўтказилиши мумкин, деган саволимга ОАК вакиллари асосли жавоб бера олишмади.

Амалиётда оддийгина тан олиниши керак бўлган ҳужжат қолиб, унинг эгаси ва аллақачон ҳимоя қилинган диссертация иши аттестациядан ўтказилмоқда. Аттестация ва нострификация умуман бошқа жараён. Иккаласини адаштирмаслик лозим. Агар нострификация ўрнига ОАК аттестацияни назарда тутган бўлса, қонун ҳужжатларида ва ОАК низомларида буни яққол ўрнатиб қўйиш лозим. Шунда хорижда таҳсил олган ватандошимиз дунёнинг кучли 100 ёки 300лигига кирадиган университет дипломини Ўзбекистонда ОАК томонидан қайта имтиҳон ўтказилишини англайди. Шунга қараб тайёргарлик кўради. Бироқ мантиқан ўйлаганда қайта имтиҳон хориждаги университетнинг имтиҳон жараёнига ишончсизлик дегани ва имтиҳон Ўзбекистон эмас, хориждаги талаблар асосида ўтказилиши лозимлигини англатади. Зеро, гап хориждаги диплом нострификацияси ҳақида кетмоқда.

Хорижда олинган дипломни Ўзбекистон қонун ҳужжатлари талаблари асосида янги шарт ва талаблар асосида имтиҳон ўтказиш мантиқсиз бўлади. Мисол учун, турли малакавий имтиҳонлар турли давлатларда назарда тутилмаслиги мумкин. Бундай ҳужжатни талаб қилиш ноўрин бўлади.  

«Бутун дунё тан олган ўзбек олими илмий даражасини баҳолашга ОАКнинг салоҳияти етадими, деган савол ўйлантиради»

Масаланинг иккинчи томони - аттестация ўтказаётган экспертларнинг салоҳияти. Бу саволни олий аттестация комиссиясига бердик: хорижда илмий ишлар юқори технологиялар ёрдамида амалга оширилади. Комиссия таркибидаги мутахассислар уларни тушунишга, холис баҳолашга салоҳияти, имконияти етарлими?

Гап ўзбекистонлик олимларнинг салоҳиятсизлиги ҳақида кетгани йўқ. Ўзбекистон олимларининг ҳар бири ўз соҳасини мутахассиси. Шу фикр тўғри тушунилишини истардик. Хорижда ёзилган илмий ишлар асосан хорижий давлатлар ва халқаро тажриба ҳақида ёзилади. Мисол учун, Японияда ҳимоя қилинган докторлик ишида Япония тажрибасининг ютуқ ва камчиликлари, ўрганса бўладиган жиҳатлари таҳлил қилинади. Албатта, буни Япония олимларидан яхши биладигани йўқ. Бундай ҳолда мазкур илмий ишни ўзбекистонлик олимлар томонидан қайта текширилиши ёки баҳоланиши илмий этикага тўғри келмайди. Бу дегани Ўзбекистон тарихи бўйича ўзбек тилида ёзилган диссертацияни Японияда ўзбек тилини ва тарихини яхши билмайдиган 3-4 нафар олим қайта баҳолаши билан баробар. Табиийки, Япония олими минг кучли мутахассис бўлсин, лекин ўзбек тилини билмай туриб қандай қилиб ўзбек тилида ёзилган диссертацияни текшириши ва баҳолаши мумкин? Бу қандай мантиқсизлик? Бугунги ривожланган жамиятда бундай мантиқсизлик бизни кулгига қўймайдими?

Масаланинг бошқа жиҳати шундаки, ОАКдагилар барча шароитлар борлиги, айрим вазиятларда мутахассислар жалб этилиши мумкинлигини айтишди. Билишимча, ОАКда ҳар бир соҳа бўйича экспертлар гуруҳи бор. Лекин тан олиб айтиш керакки биз хорижий илмий мактаблар ва олимлар билан тенгма-тенг илмий баҳслаша оладиган, уларнинг илмий ишланма ва изланишларини объектив баҳолай оладиган экспертларга муҳтожмиз. Бу муҳтожликни тўлдирадиган самарали йўл, яъни хориждаги мутахассис юртдошларимизни жалб этишда эса қатор муаммоларимиз мавжуд. Бугунги кунда энг асосий муаммо бутун илмий ҳамжамият доктор сифатида тан олиб турган мутахассиснинг ўз юртида фан докторидан пастки мақомга қўйилиши бўлиб турибди.

«Ёш олим хорижда докторлик илмий даражасини олса, бу ерда ундан ҳам паст поғонага тушириб қўйиляпти»

Тасаввур қилиш учун айтамиз: салоҳиятли кадр хорижда илмий даража олди. Уни бутун дунё тан олди. Ўзининг илмий ишланмалари, шогирдлари, ва айримлари ўз мактабига эга. Ўша ерда тажриба орттирди, обрўга эга бўлди. Энди билимини Ўзбекистон учун сафарбар этишни ният қилди. Илмий даражаси ва дипломини нострификация қилиш учун ариза топширди, сўнг имтиҳонлардан муваффақиятли ўтди. Энг катта муаммо шундан кейин бошланади. Яъни хорижда докторлик илмий даражаси олиб келган мутахассис Ўзбекистонда фан докторидан паст бўлган илмий даражага (PhD) тенглаштирилади. Фан доктори сифатида бутун жаҳонда доктор сифатида тан олинган мутахассис ўз юртида фан докторидан пастки даражага тушириб қўйилади. Бу ҳол мутахассиснинг турли илмий жамиятлар ва кенгашлар фаолиятидаги иштироки, диссертация ишларида тақризчи сифатида тайинланиши, шогирдлар етиштиришига сунъий тўсиқ бўлади.

Фикримизча, бунинг асосий сабабларидан бири юртимизда белгиланган илмий даражаларни тан олиш (нострификация) тизимидаги чалкашликлардир. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси томонидан хорижий илмий даражаларни тан олиш ва нострификациядан ўтказиш жараёнида номзодга фақатгина 2та илмий даража: фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSс) унвони берилади. Ваҳоланки, чет элда бир босқичли докторлик тизими ўрнатилган. Бизда қўлланаётган PhD, DSс каби илмий даражалар хорижда бир хил мақомга эга. Улар фақат фан соҳаларига қараб номланишда фарқланади. Масалан, табиий фанлар соҳасида докторлик диссертацияси ҳимоя қилганларга Doctor of Science (DSс), ижтимоий фанлар соҳасидагиларга эса Doctor of Philosophy (PhD) берилади.  

Бу борада ОАК низомида «хорижий давлатларда фалсафа доктори (PhD) ва унга тенглаштирилган илмий даражалар олингани ҳақидаги ҳужжатлар ОАК томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 25 июлдаги 283-сон қарори билан тасдиқланган хорижий давлатларда илмий даража олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ нострификацияланади (қайта аттестациядан ўтказиш асосида тенглаштирилиши белгиланган. Бироқ, мазкур низомда фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSс) унвони фарқланмаган. Барчаси фалсафа докторига (PhD) тенглаштирилган. Бу дегани Ҳарвардда докторлик ишини қилиб келсангиз ҳам Ўзбекистонда сизни нари борса, фалсафа доктори (PhD) деб тан олишади. Сиз илмий раҳбарлик, илмий кенгашлар фаолиятида иштирок этиш ёки тақризлар беришда фан доктори (DSс) имкониятларидан анча чекланган мақомда бўласиз.

«Хорижда илмий даража олганлар учун алоҳида тизим ишлаб чиқилиши керак»

Яхшироқ тушуниш учун яна бир мисол келтирамиз: биз Япониянинг машҳур университетида докторлик илмий даражасини олиб келдик. Бошқа олим ҳам маҳаллий ОТМда докторлик ишини ёқлади. Амалдаги тажрибага асосан хорижда илмий даража олган шахсга Ўзбекистонда илмий тадқиқот қилган тадқиқотчиларга бериладиган даражалардан бири берилади. Бу унчалик ҳам тўғри ёндашув эмас, назаримда. Чунки хорижнинг илмий даража олиш талаблари бу ерникидан фарқ қилиши кундай равшан, лекин бир хил даражадаги унвон берилиши мантиққа тўғри келмайди.

Таклифимиз шундан иборатки, хорижда олинган илмий унвонни қандай бўлса, шундайлигича қабул қилиш лозим. Низомда берилган 2та даражани бериш билан чегараланиб қолиш керакмас. Шунинг учун хорижий илмий даражалар учун алоҳида платформа ишлаб чиқилиши мақсадга мувофиқ бўларди.  

«Илмий даражани илмий муассасанинг ўзи бериши керак»

Маълум бир йўналишда илмий изланиш қилаётган олим докторлик ёки номзодлик даражасини илмий муассасанинг ўзида олиши керак. Чунки унинг иши мавзусини фақат ўша университет мутахассислари тўлиқ тушуна олади, моҳиятига етиб бора олади, шу жиҳатдан холис баҳо ҳам бера олади. Алоҳида ташкил этилган масъул ташкилот ташқи тарафдан илмий ишга баҳо бериши қийин.

Хорижда бу тизим аллақачон ишлай бошлаган. Сиз тадқиқот олиб бораётган жойингиздан илмий даражани ололасиз. Бир тарафдан бу ҳолат жараёнга кетадиган вақтни ҳам тежайди. Ўзбекистонда бу тажрибани қўлласа бўладими? Бу саволга жавоб беришдан олдин республикада илмий изланишларни ҳаққоний баҳолашга ОТМларнинг илмий базаси, салоҳияти етадими, деган масалани ҳал қилиш зарур. Шундай бой имкониятларга эга ўқув юртлари йўқ эмас, оз бўлса-да бор. Бу йўналишда ишни аввалига Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган халқаро университетлардан бошлаган маъқул.

Хорижда илмий даража бериш билан бу ердагиники ўртасида фарқни айтамиз: чет элда илмий унвонни бериш олимлар ва масъул университет зиммасида. Ўзбекистонда эса олимлар, университет ва олий аттестация комиссияси (ОАК) бу вазифаларни бажаради. Биз санаган охирги ташкилот жараён муддати чўзилишига «ҳисса қўшяпти», холос.

Муҳаббат Маъмирова суҳбатлашди

Кўпроқ янгиликлар