Давлат божхона қўмитаси: «Риштон-Сўх» йўли очилиши бизга боғлиқ эмас»

Ўзбекистон 18:11 / 11.09.2019 7037

Бугун, 11 сентябрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Давлат божхона қўмитаси мутасадди вакиллари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбирда журналистлар «Риштон-Сўх» йўли очилиши нега эълон қилингани ҳолда кечиктирилаётгани, бу борада Ўзбекистон Республикаси Давлат Божхона Қўмитаси қандай позицияда эканлиги билан қизиқишди.

Бу масала юзасидан қўмита Божхона назоратини ташкил этиш бошқармаси бошлиғи Рустам Қобулов жавоб берди.

«Риштон-Сўх» йўлининг очилишини жуда кўпчилик кутаётгани шубҳасиз, чунки аҳолига катта қулайлик туғдиради. Расман таъкидлайман – бу масала ечими айни пайтда биз томонга боғлиқ эмас. Сабаби, биз ўзимизга боғлиқ барча ишларни бажарганмиз, йўл очилишига тайёрмиз ва буни кутяпмиз. Қирғизистонлик ҳамкасбларимиз бу йўлнинг очилишини ортга суриш билан биргаликда бирор сабабни ҳам кўрсатишмаяпти. Ҳолбуки, йўл очилгани тантанали равишда эълон қилинган, ҳоким ва губернаторлар учрашган, бир-бирларини қутлаган эдилар. Лекин бу борада ишлар, музокаралар давом этмоқда», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Кўпроқ янгиликлар