Наманганда икки чақалоқ қасддан ўлдирилди. Бош прокуратура расмий маълумот берди

Жамият 15:20 / 10.09.2019 61566

2019 йил 9 сентябрь куни соат тахминан 04:30ларда Наманган тумани тиббиёт бирлашмасининг туғруқ комплексига қарашли бинонинг орқа ҳовлисидан фуқаро Д.Х. (1996 й.т.) ва М.Т.(1997 й.т.)ларнинг 2019 йил 2 сентябрь куни туғилган қиз чақалоқлари тирик ҳолда топилиб, жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Бош прокуратура матбуот хизмати хабарига кўра, бироқ, шифокорлар томонидан кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан чақалоқлар вафот этишган. 

Аниқланишича, 2019 йил 9 сентябрь куни соат тахминан 03:30ларда фуқаро Д.Х. 2019 йил 2 сентябрь куни туғилган фарзандини олдига кириб, уни оёқлари нотекис (нуқсонли) туғилганлигидан аччиқланиб, ундан қутулиш мақсадида ўз чақалоғи билан биргаликда, келгусида содир этаётган қилмиши фош бўлиб қолишини олдини олиш мақсадида шу хонада ётган М.Т.нинг қиз чақалоғини ҳам олиб, дераза ойнаси орқали уларни туғруқ комплексининг 2-қаватидан пастга улоқтириб юборган. Оқибатда чақалоқлар оғир тан жароҳатлари олишган. 

Мазкур ҳолат юзасидан 2019 йил 9 сентябрь куни туман прокуратураси томонидан фуқаро Д.Х.га нисбатан ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми “а,в” бандлари ҳамда туман тиббиёт бирлашмасига қарашли туғруқ комплекси масъул шахсларига нисбатан 116-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Д.Х. процессуал тартибда ушланган. 

Дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда, дейилади хабарда.

Кўпроқ янгиликлар