ИИББ Чилонзорда фуқаро ва ички ишлар ходими ўртасида содир бўлган ҳодиса бўйича изоҳ берди

Жамият 08:22 / 10.09.2019 35557

Интернет тармоғида «Flavio Briattore» тахаллусли фойдаланувчи ундан шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни талаб қилган ва ҳужжат бўлмаганлиги сабабли уни ички ишлар органлари таянч пунктига йўл олишни талаб қилган профилактика инспекторининг ҳаракатларидан норозилик билдирган ҳолда эълон қолдирди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ хабар бермоқда.

Профилактика катта инспектори, майор Қориев К. бўлиб ўтган воқеани қуйидагича изоҳлаган. 

Чилонзор тумани Г35 массивида жойлашган “Ал Хоразмий” маҳалласининг ҳудудини айланиб чиқиш давомида, 10-сонли уйнинг кириш жойи ёнида турган, кириш эшиги оча олмай, турли кодларни синаётган эркак киши ушбу ҳаракатлари билан ички ишлар органлари ходимида шубҳа уйғотган. Кимнинг ёнига келгани ҳақидаги саволга фуқаро: “холамникига”, “энаганинг ёнига” каби мужмал жавоб берган. Шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиш ҳақидаги илтимосга ҳам аниқ жавоб бермасдан, ходимга: “ўзингиз кимсиз?”, “ҳужжатларни нимага асосланиб талаб қиляпсиз?”, “нимага мен ўзим билан паспорт олиб юриши керак?” деган қарама-қарши саволлар бера бошлаган.

Шу йўл билан ходимни эмоционал муомалага мажбур қилган 32 ёшли Руслан Ш. суҳбат давомини ўзининг мобиль телефонига тушира бошлаган.

Шунга қарамасдан, Тошкент шаҳар ИИББ ходим ўзини намунали тутмаганини ва ортиқча эҳтиросга берилганини тан олган. Ҳозирга вақтда ходимга нисбатан хизмат текшируви олиб борилмоқда.

“Ҳурматли фуқаролар! Ички ишлар органлари ходимлари – сиз каби инсондирлар ва сиз каби турли ҳис-туйғуларни бошдан кечиришади. Аммо уларнинг фаолиятларининг хусусияти шундаки, улар бошқа касб эгаларидан кўпроқ жиноят жабрланувчиларининг, гумонланувчиларнинг, уларнинг қариндошлари ва яқинларининг, ҳамда гувоҳларнинг негатив ҳиссиётларига дуч келишади. Айнан юқоридаги ҳолатга тўхталиб ўтсак. Ўзингизни ходимнинг ўрнига қўйиб кўринг: сиз кўриб қолган нотаниш шахс подъезд эшигини очишга уринаётганидан унинг бу ерда яшамаслиги кўриниб турибди. Сиз қандай йўл тутган бўлардингиз? Сизнинг асосли саволларингизга менсимаган ҳолда савол билан жавоб қайтаришса, нима қилган бўлардингиз?

Ҳуқуқий давлатда фуқаролар ва давлат органлари вакиллари – муносабатлари ҳурматга асосланган тенг шерик, ўзаро боғлиқ элемент ҳисобланадилар. Бизда эса, афсуски, тез-тез давлат органлари ходимларига қарши чиқишнинг гувоҳи бўлиш мумкин. Тошкент шаҳар ИИББ танқидга тайёр, аммо танқид холис ва конструктив бўлиши керак. “Ҳаммаси ёмон бўлганлиги учун ёмон”, “илгари ҳам шундай бўлган... бундан кейин ҳам шундай бўлади” каби ҳужумларнинг ҳеч кимга фойдаси йўқ. Бундан ҳатто муаммосини ҳуқуқий майдонда эмас, интернетга ҳал қилишга уринаётган “танқид” муаллифи учун ҳам фойда йўқ.

Агарда ички ишлар органлари ходими сизга нисбатан ноқонуний ҳаракат қилган ёки умуман ҳаракатсизлик қилган бўлса, бу ҳақда 99-797-45-63 рақами орқали Ўз хавфсизлик бошқармасига, 102 рақамига ёки Тошкент шаҳар ИИББ навбатчилик хизматининг 71232-40-50 ва 71-232-30-40 қўшимча рақамлари орқали хабар беринг. Ижтимоий тармоқларда тушунарсиз шахсий эҳтиёжларни қондириш учун ўзни “намойиш” қилиш шарт эмас.

Шу ўринда солиқларни эслаб туришни хуш кўрадиганлар учун айтиб ўтамиз: барча бошқа фуқаролардан ушлаб қолинганидек, ички ишлар органлари ходимларидан ҳам даромад солиғи ушлаб қолинади”, - дейилади пойтахт ИИББ изоҳида. 

Кўпроқ янгиликлар