Тошкентда суд раиси ёрдамчисини ўлдирган шахсларга ҳукм ўқилди

Жамият 15:56 / 07.09.2019 48152

2019 йил август ойнинг 27 куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Сергели туман маъмурий суди раиси ёрдамчиси Обид Шомақсудовнинг ўлдирилиши бўйича жиноят иши юзасидан ҳукм ўқилди.

Олий суд хабарига кўра, судланувчи, 1964 йил 18 май куни Тошкент вилояти, Юқори Чирчиқ туманида туғилган, нафақада бўлган Рустам Эргашев 2018 йил август ойида ўзининг таниши Обид Шомақсудов онаси ва отаси ўрталаридаги мулкни бўлиш натижасида кўп миқдордаги пул маблағларни онаси орқали олишини билиб, ундан 5 минг АҚШ долларни қарзга олишни режалаштириб, сўнг тамагирлик ниятларида О.Шомақсудовга қарзни қайтармаслик ва унга тегишли бўлган “SPARK” русумли автомашинасини ҳамда унинг ёнида бўлган бошқа мулкларни босқинчилик йўли билан эгаллаш мақсадида О.Шомақсудовни ўлдиришга қарор қилган.

Р.Эргашев 2019 йил январь ойининг бошида Миробод тумани “Қўйлиқ” бозори атрофида савдо мажмуаси орқасида жойлашган дори воситаларнинг норасмий бозорида, терговда шахсини аниқлашни имкони бўлмаган шахсдан 100 минг сўмга 4 дона думалоқ сариқ рангдаги уйқу дорисини ичимликларга қўшиш ва улар билан О.Шомақсудовни заҳарлаш учун сотиб олган. 

2019 йил 26 февраль куни соат тахминан 21:00ларда, Р.Эргашев Сергели тумани, “Чоштепа” маҳалласида жойлашган озиқ-овқат дўконида бўлган вақтда, O.Шомақсудов ўзининг вояга етмаган қизи билан мазкур дўконга кириб P.Эргашевга кейинроқ учрашишни ва иш борлигини таклиф қилган, сўнг дўкондан қизига зарур нарсаларни олиб бериб, уни уйида қолдирган. Шундан кейин у ўзига тегишли бўлган “SPARK” русумли автомашинасида Р.Эргашев билан учрашиш учун озиқ-овқат дўкони олдига бораётган вақтда йўлда Р.Эргашевни учратиб, дўкон олдига боришини, иш борлигини маълум қилган. Р.Эргашев ўз навбатида ўзининг бошқарувидаги “Нексия” русумли автомашинада O.Шомақсудов билан учрашиш учун дўкон олдига қайтиб келган.

Шундан сўнг, О.Шомақсудов кечки вақт соат 22:05лар атрофида P.Эргашев олдиндан сўраган 5 минг АҚШ долларидан 4 минг АҚШ доллари (яъни 33.612.760 сўм)ни Р.Эргашевга бериш учун олиб, ўзига тегишли “SPARK” автомашинасидан тушиб, Р.Эргашев бошқарувидаги “Нексия” русумли автомашинасига ўтириб, ҳар бир купюраси 100 АҚШ долларидан бўлган 40 дона 4 минг АҚШ долларини Р.Эргашевга берган. 

Р.Эргашев 4 минг АҚШ долларини чўнтагига солиб қўйгандан сўнг, ўзи олдиндан режалаштирган қасддан одам ўлдириш, босқинчилик ва транспорт воситасини олиб қочиш мақсадида, О.Шомақсудовга ўзи томонидан қорамоллар боқиладиган Жўнариқ кўчасидаги уйда жойлашган фермага бориб, у ерда спиртли ичимликлар ичишни, О.Шомақсудовга ўзини транспорт воситасини дўкон яқинидаги кўприк устида қолдиришни таклиф қилган, ўз навбатида О.Шомақсудов бунга розилик билдирган. Р.Эргашев ўз бошқарувидаги машинада Чоштепа маҳалласидаги озиқ-овқат дўконига бориб, у ердан маҳсулотлар сотиб олган.

Тахминан соат 22:30ларда Р.Эргашев ва О.Шомақсудов Жўнариқ кўчасидаги уйда жойлашган фермага келишиб, спиртли ичимликларни истеъмол қилишган. Сўнг, Р.Эргашев ташқарига чиқиб, режалаштирган ғараз ниятларини амалга ошириш мақсадида олдиндан 100.000 сўмга сотиб олган 4 дона думалоқ сариқ рангдаги уйқу дориларни “Дена” номли апельсин шарбатига майдалаб қўшиб хонага олиб кириб O.Шомақсудовга ичирган. 

О.Шомақсудов уйқу дорилар таъсирида ўзини бошқара олмайдиган ожиз аҳволда бўлганидан фойдаланиб, P.Эргашев ташқарига чиқиб ҳовлида ҳеч ким қолмаганлигига ишонч ҳосил қилиб, “Нексия”ни ўзлари ўтирган хона яқинига олиб келган. У хонага кириб, О.Шомақсудовга тегишли “SPARK” русумли автомашинани олиб қочиш мақсадида транспорт воситаси калитини стол устидан олиб, О.Шомақсудовни ўзининг бошқарувидаги “Нексия”га юклаган.

Ушбу шахс Тошкент шаҳар Сергели туманида яшовчи таниши, 1966 йил 13 июль куни Тошкент шаҳрида туғилган, вақтинча ишсиз Баҳром Амановнинг олдига келиб, унга кўп қаватли уйлардан хонадон сотиб олиш учун бирламчи бадални тўлаб беришини ваъда бериб, О.Шомақсудовга тегишли автомашинани олиб қочиш, ожиз ҳолатда бўлган О.Шомақсудовнинг ёнидаги бошқа мулкларни ҳам босқинчилик йўли билан эгаллаш мақсадида қасддан ўлдириш ҳақида у билан жиноий тил бириктирган.

Р.Эргашев кафтига сиғадиган катта тошни олиб қурол сифатида фойдаланиб, алкоголдан ҳамда уйқу дори таъсиридан ожиз ҳолатда бўлган О.Шомақсудовни тамагирлик ниятида қасддан ўлдириш мақсадида бош қисмига бир неча марта ура туриб, Б.Амановга О.Шомақсудовнинг бошига кийгизиш учун ўзлари билан олиб келган автомашинаси юкхонасида бўлган қопни олиб келишни буюрган. Сўнг, иккаласи бир-бирининг ёрдамида қопни О.Шомақсудов бошига кийгизишиб, ўзлари томонидан тозаланган темир-бетон қувурга 1-1,5 метр ичкарисига киргизишиб, олиб келган кетмон ва белкурак ёрдамида темир-бетон қувур оғзига тош ва тупроқларни тўплашиб темир-бетон қувур оғзини кўмиб ташлашган. О.Шомақсудов олган оғир тан жароҳатлари натижасида темир-бетон қувур ичида вафот этган.

Суд ҳукми билан Рустам Эргашевга узил-кесил ўташ учун 20 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди. Баҳром Амановга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми “в,ж,п” бандлари билан 17 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

Кўпроқ янгиликлар