«Суд жараёни ҳамон давом этяпти» – фермерлик фаолиятини бошлаган Руслан Нуриддинов билан суҳбат

Спорт 16:59 / 07.09.2019 102532

Жорий йил бошида спорт арбитраж судининг Допингга қарши кураш бўлими ўзбекистонлик таниқли спортчи Руслан Нуриддиновни 2012 йилги Лондон Олимпиадасида оғир атлетика бўйича мусобақаларда антидопинг қоидаларини бузганликда айбдор деб топгани ва у спортдан четлаштирилганлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Айримларда чиндан Руслан Нуриддинов 7 йил аввалги мусобақада допинг истеъмол қилгандир, деган шубҳа уйғонган бўлса, аксарият спорт ишқибозлари бу борада Русланни Ўзбекистондаги спортга алоқадор ташкилотлар муносиб ҳимоя қилиши зарурлигини таъкидлаган.

Охирги пайтларда ОАВ ва интернетда кўриниш бермай қўйган Руслан Нуриддинов билан боғлиқ турли гап-сўзлар ҳам болаламоқда. У шу пайтга қадар эришган барча ютуқларидан маҳрум қилингани, спортни тарк этиб, бизнес фаолиятини бошлагани қанчалик рост эканлигига аниқлик киритиш мақсадида 2016 йилда Рио Олимпиадаси ва 2018 йил Индонезияда бўлиб ўтган Осиё ўйинларида тенгсиз эканлигини исботлаб, рекорд ўрнатган 28 ёшли спортчи билан суҳбатлашдик.

Видео: Youtube

Видео: Mover (tas-ix)

Ўзининг бир қатор йирик халқаро мусобақалардаги иштироки ва ғалабаси орқали нафақат Ўзбекистон, балки дунёнинг кўплаб мамлакатларида машҳур бўлган Руслан Нуриддинов суҳбатимиз бошида допинг билан боғлиқ вазият юзасидан шахсий фикрларини қуйидагича баён этди:

“Биз ўзига мос ва хос бўлган витаминлар ичамиз. Лекин айнан допинг ҳисобланган андриоген ва анаболик нарсаларни ҳеч ҳам қабул қилмаймиз. 2012 йилнинг январидан август ойига қадар тахминан 6-8 ёки 8-10 марта допинг назоратчилари келиб кетган. Улар бу нарсани организмга Лондон Олимпиадасидан 3-5 йил олдин ҳам тушган бўлиши мумкин, деган фикрни билдиришди. 7 йилдан кейин нима ичгансиз, қандай ичгансиз буни ҳеч қандай исботлай олмайсиз. Аммо уларнинг қўлида исботи бор. Мени ўша мусобақадан олдин ва охирида топширган пешоб таҳлилларимдан ижобий натижа чиққан. Шу боис ҳалигача айбланмоқдаман ва суд жараёни ҳозир ҳам бўляпти. Бу масалада аниқ бир нарса айтиш қийин олдиндан. 7 йилдан сўнг нима кўзланиб ва нима мақсадда бу иш очилганини билмайман.

Кўпчилик “Риодан олдин ичганмидинг? Медалларингни олиб қўйдими?”, деган саволни беряпти. Мени одамлар Рио Олимпиадасидан кейин танигани туфайли Лондон Олимпиадаси билан адаштириб юборишмоқда. Буни Риога ҳеч қандай алоқаси йўқ. Лондон Олимпиадасидан кейинги медалларга ҳам дахли йўқ”, дейди спортчи.

Русланнинг айтишича, суд иши шу йилнинг январь ойи охирларида бошланган. Лекин жараён ҳамон давом этмоқда. Бу борада спортчи номидан тажрибали адвокат иш олиб боряпти.

Интервью давомида аён бўлдики, Руслан Нуриддинов ўзи туғилиб, ўсган она юрти – Хонобод шаҳрида туризмни ривожлантиришга ҳисса қўшиш истагида тадбиркорлик фаолиятини ҳам бошлаб юборган. У шаҳар ҳокимлиги томонидан берилган ер майдонида дам олиш маскани қуриш ҳаракатида. Шунингдек, Бўка туманида фермер хўжалигини ҳам ташкил этиб, чорвачилик тармоғини юксалтиришга интилмоқда. “Ўтган йили балиқчиликни йўлга қўйдик, афсус ўхшамади. Ҳозир қўйларим кўп. Аста-секин қорамол ҳам боқиш ниятидаман. Олдин оиламиз бундай катта фермани бошқармагани боис бироз қийналдик бошида. Айни пайтда эса кўникиб қолдик”, - дейди Руслан.

Вақти зиқ бўлишига қарамай, суҳбатимизга рози бўлиб, ўнлаб саволларимизга рўйи рост жавоб берган оғир атлетикачи келгусидаги фаолияти тўғрисида ҳам тўхталиб ўтди. Унинг спортга қачон тўлиқ қайтиши, айни пайтда унга тегишли ташкилотлар томонидан қандай ёрдам берилаётганлигини билиш мақсадида Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси вице-президенти Шаҳрилло Маҳмудовнинг фикрларига ҳам қулоқ тутдик.

Суҳбатни тўлиқ шаклда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Миролим Исажонов суҳбатлашди.

Кўпроқ янгиликлар