Каттақўрғонда магистрал газ қувури яқинида жойлашган ўнлаб уйлар бузилишга тушган — аҳоли бундан кескин норози

Жамият 15:40 / 06.09.2019 25206

Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидаги «Кумушкент» маҳалла фуқаро йиғини Лўблахўр ва Ҳаймар қишлоғи аҳолисидан Kun.uz сайтига мурожаат келиб тушди.

Видео: Youtube

Видео: Mover (tas-ix)

Олдинга ўтиб айтиш керакки, бу икки қишлоқда ўнлаб уйлар «снос»га тушган. Kun.uz мухбирига ўз эътирозларини билдириш учун ҳар икки қишлоқдан ўнлаб кишилар йиғилди. Қишлоқлар аҳолисининг эътирози мурожаатларига қулоқ тутамиз.

Лўблахўр қишлоғи оқсоқоли Одил Ҳамдамов ва Ҳаймар қишлоғидан Шуҳрат Ҳамдамов ва бошқа фуқароларга кўра, ота-оналари, боболари узоқ йиллар аввал шу жойларда меҳнат қилиб, колхоздан уй қуриш учун участка олишгани, кўп йиллардан буён бу ерларда уй жой қуриб фойдаланиб келишаётганини айтиб ўтишди. Бир пайтлар газ қувурининг ҳимоя зонаси 100 метр бўлгани, бугунги кунга келиб муҳофаза зонаси қувур ўқидан ҳар икки томонга 200 метр этиб белгилангани боис, кўплаб уйлар бузилишга тушиб қолганини айтиб ўтишди.

Гап шундаки, бу қишлоқлар яқинидан «Ўзтрансгаз» акциядорлик жамиятининг «Зирабулоқ» магистрал газ қувурлари бошқармасига қарашли, юқори босимли, 720 мм диаметрли газ ташувчи қувури ўтган.

Қишлоқлар аҳолиси 1958 йилда барпо этилган мазкур газ қувурининг муҳофаза зонаси 100 метр бўлгани, 1982 йилда қувур каттароқ диаметрлисига алмаштирилганидан сўнг муҳофаза зонаси кенгайганини иддао қилмоқда.

Бироқ, ҳимоя зонаси 100 метр эди деяётган аҳоли ноҳақ. Чунки собиқ СССР вақтида — 1981 йилда амалда бўлган СНиП II-45-75 га кўра ҳам 600 мм.дан 800 мм.гача бўлган, бизнинг ҳолатимизда 720 мм диаметрли магистрал газ ўтказиш қувурининг ҳимоя зонаси 200 метр бўлган.

Эски СНиП ўрнига 1986 йил 1 январдан кучга кирган СНиП 2.05.06-85* га кўра ҳам 720 мм диаметрга эга магистрал газ қувурларининг ҳимоя зонаси аҳоли турар жойлари учун 200 метр этиб белгиланган.

Мустақиллик йилларида — 1997 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Қурилиш меъёрлари ва қоидалари — ҚМҚ 2.05.06-97 да ҳам 720 мм диаметрли газ ўтказиш қувурининг муҳофаза зонаси қувур ўқидан ҳар икки тарафга 200 метр этиб белгиланган.

«Ўзтрансгаз» вакиллари айни пайтда муҳофаза зонасида бўлиб турган уйларда бирор ҳужжат ҳам йўқлигини рўкач қилишмоқда. Қишлоқдагилар эса ерлар вақтидан колхоз томонидан берилгани ва ҳужжат ҳеч кимда — муҳофаза зонасига тушмаганларда ҳам йўқлигини айтишмоқда.

Қишлоқлар аҳлига микрофон тутганимизда улар узоқ йиллардан буён яшаб келаётган жойи суд қарори томонидан ноқонуний деб топилиб, ижро этилаётганидан норози эканини таъкидлаб, 13 йилдан буён Магистрал газ қувурлари бошқармасидан бир аёл уларнинг тинчини бузаётганини, энди эса суд қарорига кўра МИБ вакиллари келиб, уйларни бузишга уринаётганини айтиб ўтишди.

13 йилдан бери Каттақўрғондаги одамларнинг тинчини бузаётган аёл —«Зирабулоқ» магистрал газ қувурлари бошқармасининг муҳофаза зонасидаги ноқонуний қурилмалар бўйича масъул ходими Нигора Хушвақтованинг айтишича, 1960-йилларда муҳофаза зонасига тушган уйлар бузилиши учун компенсация берилган.

«Бу ҳақда зарур ҳужжатлар бор. Бироқ компенсация олганлардан айримлар уйларини бузмасдан, қарийб 50 йилдан бери яшаб келмоқда ва уй авлоддан авлодга ўтган. Шунингдек, муҳофаза зонасида ўзбошимчалик билан барпо этилган тураржойлар ҳам бор», деди Нигора Хушвақтова.

Уйларни бузиш масаласида 2006 йилда суд қарори чиққан, айни пайтда ижрога ўтган. Аҳоли фаол равишда МИБга қаршилик қилиб келмоқда. Улар уйлари бузилгани учун компенсация талаб қилишмоқда. Айрим фуқаролар ҳеч қаерга кўчмаслигини, уларни тинч қўйишларини мутасаддилардан талаб қилишмоқда.

Мазкур масала юзасидан Каттақўрғон тумани ҳокими Аъзамхон Баҳромов билан ҳам гаплашдик.

Туман ҳокими уйи бузилишга тушган хонадонлар учун ёпиқ аукционда бошланғич нархда ер участкалари ажратиб бериб ёрдам қила олиши мумкинлигини баён этди. Ноқонуний қурилган уйлар учун компенсация назарда тутилмагани, қолаверса, айримлар 30 ва 50 йил бурун компенсация олиб бўлгани, «Ўзтрансгаз» иккинчи марта компенсация тўламаслигини ҳам айтиб ўтди.

Хуллас, Каттақўрғон туманининг бу қишлоқларида чигал вазият юзага келган. Аҳоли узоқ йиллардан бери яшаб келаётган уйлари суд қарорига кўра бузилаётганидан норози. Бироқ газ қувури ўтган хавфли ҳудудда яшаш ҳам қоидаларга тўғри келмайди. Кутилмаган, фавқулодда вазият юз бериши мумкин. Яқиндагина Бухорода айнан шу газ қувурида газ сизиб катта ёнғин келиб чиққанини ҳам унутмаслигимиз керак.

Ўйлаймизки, бу ишда шошма-шошарликка йўл қўймасдан, масъуллар ва мутасаддилар кенгашиб, фақатгина суд қарорига таянмасдан, маслаҳатлашув йўли билан адолатли ечим топиш керак. Зеро, ўнлаб оилаларнинг, юзлаб инсонларнинг тақдирига бефарқ қараб бўлмайди.

Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ,
Kun.uz мухбири.

Кўпроқ янгиликлар