Спортчиларни халқаро мусобақаларга жўнатиш кимнинг «чўнтаги»дан бўлиши керак?

Спорт 08:19 / 01.09.2019 22974

Ўзбекистонда болалар спортига эътибор анча йиллар олдин бошланган. Эришилган натижалар бу соҳага катта ресурс ва маблағ ажратилганини исботлаб турибди. «Аммо», дейдиган ҳолатлар ҳам мавжудлиги ҳеч кимга сир эмас. Масалан, спортчиларни халқаро ареналарига юбориш учун маблағ ҳар доим ҳам давлат бюджетидан ажратилмайди. Шахсий маблағлар ҳам қўшилиши ҳисобга олинадиган бўлса, масала жиддий ўрганишни талаб этади, чунки спортчиларнинг ота-оналари ҳисобидан мусобақаларга қатнашишини оддий ҳолат, деб қабул қилмаслик лозим. Йўқса, боланинг келажакка ишончини сўндириб қўйиш мумкин. Умуман олганда, халқаро спорт мусобақалари учун кетадиган сарф-харажатлар кимнинг ҳисобидан амалга оширилиши лозим?

«Спорт федерацияларига қанча маблағ ажратиш бўйича мониторинг олиб борилиши керак»

Азиз Жўрабоев (Ўзбекистон пенчак силат федерацияси раиси) 

— Спорт федерацияларига маблағ ажратиш 2 хил бўлади: олимпиадага киритилган ва киритилмаган спорт турлари. Биринчисига кўпроқ эътибор ва моддий ёрдам берилади, чунки унинг натижадорлиги юқорироқ бўлади, деб баҳоланади. Иккинчи турдаги спорт турлари ҳам аста-секинлик билан ривожланяпти, ҳозирдан буларга ҳам етарлича аҳамият берилса, илғор ютуқларга эришиш мумкин. Ўтган йили спорт федерациямизга атиги 5 миллион сўм ажратилган. Бу пул билан қайси давлатга бориб келса бўлади? Бу йилда эса Осиё ўйинларида яхши натижа кўрсатганимиз учун вазирлик томонидан 25 миллион сўм ўтказилди. Унинг 10 миллиони Ўзбекистондаги мусобақага, қолгани чет элга бориш учун. Берилган сумма хорижга чиқиш уёқда турсин, Ўзбекистонда иккита мусобақа ўтказишимга етмайди. Ҳар йили анъанавий тарзда 3та мусобақа ўтказишим керак. Биттасига 15-20 млн сўм сарфлайман. Ҳаттоки ички харажатларни қоплаш имкони йўқ.

Қонунчиликда олимпиада спорт турларига кўпроқ эътибор берилиши керак, бошқаларига камроқ, деган банд мавжуд эмас. Демак, вазирлик томонидан қайси спорт турига қанча маблағ, қайси мезонларга кўра ажратилаётгани маълум қилиниши керак.

Таклифим шундан иборатки, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги йил бошида спорт федерацияларига олдиндан белгиланган тартибда маблағ тушириб бериши керак. Ундан кейин йил сўнгида берилган сумма қанақа мақсадларга сарфлангани бўйича федерациялардан ҳисобот олиниши лозим. Ҳозир вазият қанақа? Вазирликка мурожаат қилишимиз керак пул ўтказиш масаласида. Сўровимиз қондирилиши ёки аксинча бўлиши мумкин. Вазирлик таркибида битта мониторинг гуруҳи ташкил қилинса, ҳар битта спорт федерациялари фаолияти бўйича мониторинг олиб борилса, статистик таҳлиллар ўтказилса, ўйлайманки, спортдаги ҳақиқий вазият шундайлигича юзага чиққан бўларди. Яна бир фикрни айтмоқчиман: спорт федерацияларини сайёҳларни жалб қилувчи воситага ҳам айлантириш мумкин. Ҳеч қайси соҳа мамлакатни спортчалик тез танита олмайди. Шунинг учун федерациялар туристик оқимни кўпайтиришда платформа вазифасини ҳам бажара олиш имкони бор.

«Фарзандларимиз спорт мусобақаларига борганидан кейин фақат диплом ва қуруқ медаль билан қайтмаслиги керак»

Мунира Исомиддинова (ўқитувчи)

— Ўғлим Индонезия ва Малайзияда миллий спорт тури бўлган пенчак-силат билан шуғулланади. Республика бўйлаб ўтказиладиган спорт мусобақаларига сарф-харажат ота-оналар зиммасида. Хорижга чиқиш ҳам шундай. Қўшимчасига мураббийнинг ҳам йўл пулларини биз тўлашимиз керак. Йўқса, бу харажат мураббийнинг ойлигидан ушлаб қолиш эвазига тўлдирилади. Фарзандим спорт мусобақаларига боради. Битта қоғоз диплом ва медаль олиб келади, холос. Келажакда спорт унинг асосий иши бўлганидан кейин бу унга даромад олиб келиши керак. Шундан сўнг мураббийга боламни бошқа спорт турига олиб бораман, деганимда, ўғлингиз Осиё чемпионатига чиқса, ғолиб бўлса, пул мукофоти берилишини айтди. Ўшандагина давлат томонидан эътибор берилар экан.

«Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари сафига кирмаган ёшлар ҳомийлар, ота-оналар ва шахсий маблағлар ҳисобидан халқаро спорт тадбирларига юборилиши мумкин»

— Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизматининг хабар қилишича, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 14 июндаги «Спорт терма жамоалари тўғрисидаги низомни ҳамда спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режасини шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 173–сон қарори қабул қилинган. Унга мувофиқ, халқаро спорт тадбирларига спортчиларни жўнатиш масаласи спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг республика календарь режаси асосида амалга оширилиши кўзда тутилган.

Қарорнинг 2-иловаси билан тасдиқланган «Спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режасини шакллантириш тартиби тўғрисида низом»нинг 6-бандида спорт турлари бўйича федерациялар (уюшмалар) ва (ёки) жисмоний тарбия-спорт ташкилотларининг тақдимномаси бўйича спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг республика календарь режаси Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан шакллантирилади. Сўнг Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади. Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари бўлган спортчилар халқаро спорт тадбирларига бориш харажатлари қуйидагилар томонидан қопланади:

·       Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги;

·       Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар доирасида;

·        спорт турлари бўйича федерациялар (уюшмалар) учун ажратилган ҳомийлик маблағлари;

·       қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

2019 йил учун республика календарь режасига кўра, спорт мусобақа тадбирларига 38 млн 630 минг сўм миқдорида маблағ ажратилган. Таъкидланишича, халқаро мусобақаларига жўнатиш харажатлари қачонки спортчи Ўзбекистон миллий терма жамоаси таркибига қўшилгандагина давлат томонидан қоплаб берилади.

Вазирлик матбуот хизмати маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 71та федерация (уюшмалари) давлат реестрдан ўтказилган. Шундан, 30таси олимпия, 4таси миллий ва 37таси ноолимпия спорт турларидан иборат. Ҳомийлар Олимпия ўйинлари таркибига киритилган спорт турларига кўпроқ маблағ «тикади». Сабаби у эртага ўзини оқлайди. Давлат томонидан ҳам алоҳида «ғамхўрлик» қилиниши рост. Бу орада ноолимпия спорт турларининг аҳволи қанақа бўлиши очиқ савол остида қолиб кетяпти. Давлат бюджети маблағ жиҳатидан «оёққа туриб олган» спорт турларига эмас, соя остида қолиб кетган спорт турларига кўпроқ аҳамият қаратиши мақсадга мувофиқ бўларди, негаки бир кун келиб улар ҳам яхши натижага эришиши имконияти бор. Спорт кимдир учун севимли машғулот, яна бошқалар учун касб. Шуни ҳисобга олиб, ўз келажагини спорт билан ҳамнафасликда кўришни ният қилган мурғак қалбни «Ё заринг, ё зўринг бўлсин», қабилида тарбияламаслик лозим. Спорт билан ўз ҳаётини боғлаган ёшга ҳар қандай имкониятни бериш керак. Спортчига ҳомийлик қилиш илк даврданоқ бошланиши керак. Зеро, ҳозир қилинган сармоя эртага улкан натижани ўз ортидан етаклаб келиши шубҳасиз.

Муҳаббат Маъмирова

Кўпроқ янгиликлар