Зулм империясининг охирги талвасаси. ГКЧП қандай барбод бўлганди?

Жаҳон 11:00 / 21.08.2019 82567

Дунёда ҳаммадан зўр эканини даъво қилиб пайдо бўлган СССР парчаланиб, Ер юзидан йўқолиб кетганига 28 йил бўлди. Юртимизнинг улуғ байрами мустақиллик арафасида бу бахтга қандай эришганимиз ҳақида кўрсатувлар берилади, материаллар эълон қилинади. Уларнинг барчасида битта сўзга тез-тез гувоҳ бўлишимиз мумкин: ГКЧП, яъни «Государственный комитет по чрезвычайному положению». Бу аббревиатурани фақат маъноли таржима қилиб, «Фавқулотда вазиятлар бўйича давлат қўмитаси» каби талқин қилиш мумкин, аммо унинг машҳур қисқартмасини аслича айтган ўринли. Хўш, ГКЧП нима эди ва у қандай барбод бўлганди?

СССРнинг биринчи ва охирги президенти. Горбачёвнинг мақсади нима эди: ҳурлик нафасини олиб киришми ёки империяни парчалаш?

Ҳали баҳорда Михаил Горбачёв ва Геннадий Янаев мавзолей трибунасида ёнма-ён турарди...

ГКЧП ҳақида гапирганда беихтиёр собиқ иттифоқнинг биринчи ва охирги президенти Михаил Сергеевич Горбачёв номи тилга келади. Чунки бу ташкилот айнан собиқ иттифоқ тарихидаги энг ғалати раҳбарлардан бири ҳисобланган Горбачёв даврида тузилганди. 1985 йил компартия раислигига келган Михаил Сергеевич кўп ўтмай «қайта қуриш» номи остида ислоҳотларни бошлайди. Узоқ вақт биқиқликда ишлаган матбуот эркинлаша бошлайди. Горбачёв вақтида сўз эркинлиги ақл бовар қилмас даражага етади. Диний тўсиқлар ҳам аста-секин олиб ташланади. Масалан, Марказий Осиё мамлакатларида ёппасига масжидлар очилади. Анъаналарни чеклаш ҳам бас қилинади. Чекловларнинг камайиши эса иттифоқ таркибидаги республикаларда мустақиллик ҳаракатлари жонланишига олиб келади.

1990 йилга келиб барча мамлакатлар мустақиллик декларациясини қабул қилиб бўлганди. Чунки Горбачёв мамлакатлар хоҳлаган вақтида мустақил бўлиши мумкинлиги ҳақидаги ғояни олға суради. 1990 йилга келиб Болтиқбўйи мамлакатлари Латвия, Литва ҳамда Эстония ўзини СССРдан мустақил давлат деб эълон қилиши барчасини янада тезлаштириб юборади. Михаил Сергеевичнинг бу «демократик» сиёсати эса СССР раҳбариятидаги бошқа орийларга ёқмайди. Чунки иттифоқ тепасида асосан Россия қолган иттифоқдошларнинг «катта оғаси» деган ғоя тарафдорлари ўтиришганди. Бу орийлар чизган чизиғидан чиқмайдиган 14та мустамлакани қўлдан чиқаришни хоҳлашмасди ахир.

1991 йилнинг августига келиб вазият жуда мураккаблашиб кетади. «Сиёсий элита» қараса Горбачёв мамлакатни қўлдан чиқариб юборяпти. Оқибатда улар анча вақтдан буён ташкиллаштириб юрган ишларини амалга оширишади. Қайтиб келганидан сўнг барча мамлакатлардан СССРни мустақил давлатлар кенгашига айлантириш тўғрисидаги таклифнинг имзоланишини кутажагини айтиб, таътилга чиққан Горбачёв 4 август куни Қримга дам олишга кетади. У Москвага қайтганида энди СССР раҳбари эмасди...

СССР вице-президенти Геннадий Янаев ҳамда КГБ раиси Владимир Крючков раҳбарлигидаги гуруҳ Горбачёв таътилда эканидан фойдаланиб мамлакатда ГКЧП, фавқулодда ҳолат эълон қилишади. «Биринчи канал»да ўқиб эшиттирилган баёнотда ГКЧП Михаил Горбачёв саломатлиги ёмонлашгани сабаб ўз вазифасини бажара олмаслигини, шу учун мамлакатни 6 ой давомида 8 кишидан иборат кенгаш бошқариши, ярим йилдан сўнг сайловлар ўтказилишини маълум қилади.

Машҳур бошловчи Вера Шебако ўқиб эшиттирган баёнотда хусусан шундай дейилади: «Саломатлиги ёмонлашгани боис мамлакатни бошқариш лаёқатини йўқотган СССР президенти Михаил Сергеевич Горбачёвнинг ваколати мамлакат конституциясининг 127-моддаси 7-бандига кўра, СССР вице-президенти Янаев Геннадий Ивановичга ўтади. Мамлакат фуқаролари хавфсизлигига дахл солаётган хаос ва чуқур сиёсий инқироздан чиқиб кетиш мақсадида СССРни сақлаб қолиш тўғрисидаги референдум натижаларига кўра (1991 йил март ойида референдум ўтказилади ва унда 77,85 фоиз фуқаролар СССРни сақлаб қолишни ёқлаб овоз беради) СССРни сақлаб қолишни ҳаёт-мамот масаласи деб биламиз ва қуйидагиларни

МАЪЛУМ ҚИЛАМИЗ:

1. СССР Конституциясининг 127-моддаси 3-бандига кўра мамлакатда Москва вақти билан 19 августдан бошлаб 6 ой муддатга фавқулодда ҳолат эълон қилинади.

2. Мамлакатнинг барча ҳудудларида СССР Конституцияси ҳамда СССР қонунлари шубҳасиз ҳукмронлик қилади.

3. Мамлакатни бошқариш ва кризис ҳолатидан безарар чиқиб кетиш учун фавқулодда ҳолатлар бўйича давлат қўмитаси (ГКЧП) тузилди ва унинг аъзолари қуйидагилар:

* Олег Бакланов – СССР ҳарбий кенгашининг биринчи ўринбосари;

* Владимир Крючков – СССР КГБ раиси;

* Валентин Павлов – СССР бош вазири;

* Борис Пуго – СССР ички ишлар вазири;

* Василий Старадубцов – СССР деҳқонлар кенгаши раиси;

* Александр Тизяков – Давлат ишлаб чиқариш, қурилиш, транспорт ва алоқа ассоциацияси раиси;

* Дмитрий Язов – СССР мудофаа вазири;

* Геннадий Янаев – СССР президенти вазифасини бажарувчи;

4. ГКЧП қарорлари СССР ҳудудидаги барча шахслар ва ташкилотлар томонидан қабул қилиниши шарт.

Янаев, Павлов, Бакланов, 18 август 1991 йил».

Василий Стародубцев, Борис Пуго, Геннадий Янаев ва Олег Бакланов (чапдан ўнгга)
1991 йилнинг 19 августидаги ГКЧП матбуот анжуманида

Қисқа қилиб айтганда, 8 кишидан иборат гуруҳ мамлакатни ўз қўлига олганини эълон қилади. Горбачёв эса ГКЧП маълум қилганидек, саломатлиги ёмонлашгани сабаб эмас, фавқулодда ҳолат эълон қилганлар ташқи дунёдан узиб қўйгани сабаб президентлик вазифасини бажара олмай қолади. Бу баёнотни эшитганларнинг аксари аҳвол чиндан ҳам шу 8 киши айтганидек эканига ишонган бўлиши мумкин, аммо бу очиқчасига давлат тўнтариши эканини тушунганлар ҳам оз бўлмаган.

Кўп ўтмай ГКЧП мамлакатда СССРни қулатиш учун пайдо бўлган «ғараз ниятли кучлар» пайдо бўлганидан огоҳлантиради. Мамлакат ҳудудидаги ГКЧП манфаатига хизмат қилмайдиган барча нашрлар вақтинча фаолиятини тўхтатади. Ишлаётган бошқа нашрлар ҳам қаттиқ цензурага олинади, компартиядан бошқа қолган барча партиялар фаолияти тўхтатилади. ГКЧП мамлакат назоратини қўлга олишни пойтахт Москвадан бошлайди. Мудофаа вазири Язов бошчилигидаги 4 минг пиёда аскар 19 август тонгидан Москва кўчаларини эгаллашга киришади. Аскарлардан ташқари 279та жанговар машина, 148та зирҳли транспорт, 362та танк шаҳар кўчаларида ҳаракатланишни бошлайди.

Ельциннинг юлдузли онлари

Ельцин ва тарафдорларининг 19 август куни танк устидаги чиқишини бутун дунё кузатди

Россия Федерациясининг биринчи президенти Борис Ельцин бўлиб турган Архангельскдаги дала ҳовли КГБ раиси Крючковга бўйсунувчи «Альфа» махсус гуруҳи томонидан эгаллаб олинади. ГКЧПнинг режаларидан олдиндан хабардор бўлгани боис ташкилот ўз ҳаракатларига Россияда катта обрўга эга бўлиб улгурган Ельцин халақит беришидан қўрқади. Аммо «Альфа» қўмондонига Ельциннинг бинодан чиқишига қаршилик кўрсатмаслик буйруғи берилади. Оқибатда шаҳар кўчаларига чиққан Ельцин исёнчиларнинг танкларидан бирига чиқиб одамларга мурожаат қилади.

Нутқи давомида Ельцин ГКЧПнинг ҳаракатларини конституцияга зид деб атайди ва содир бўлаётган воқеалар давлат тўнтаришидан бошқа нарса эмаслигини маълум қилади. У вақтда сиёсий карьерасининг энг юқори чўққисига яқинлашган Ельциннинг қатъий чиқишлари сабаб исёнчилар орасида ҳам унинг тарафдорлари пайдо бўлади. Сергей Евдокимов қўмондонлигидаги Таман дивизиясининг танк қўшинлари Ельцин томонга ўтиб ўнлаб танклар Россия президенти бўлиб турган Оқ уй ҳимояси учун жойлашади.

19 август куни кечга бориб ГКЧП кенгаши яна телевидение орқали чиқиш қилади. Аммо бу чиқиш биринчиси каби ишончли бўлмайди. Янаевнинг эфир вақтида қўли қалтирайди. Кенгаш Горбачёвнинг демократик ислоҳотлари давом эттирилажагини маълум қилади. Аммо ўша куни кечаси «Биринчи канал»да Борис Ельциннинг баёноти эфирга чиқади. Унда Россия президенти Борис Ельцин ГКЧПни исёнчилар деб атайди. Бу эса телевидение ва умуман бутун мамлакатдаги назорат Ельциннинг қўлига ўтаётганини англатарди. Ельцин одамларни майдонларга чиқиб исёнчиларни тўхтатишга чорлайди.

Москвада ҳам, Ленинградда ҳам одамлар исённинг илк кунидаёқ кўчаларга чиқишди
Фото: GETTY IMAGES
Мухолифат одамларни кўчаларга чиқариши муҳим бурилиш нуқтаси бўлди. Бу ГКЧП мағлубиятига олиб келди.
Фото: GETTY IMAGES

Ельциннинг мурожаатидан кейин Москвада 200 мингдан ортиқ, Петербургда 400 мингдан ортиқ одам марказий майдонларга чиқиб ГКЧПга қарши намойишларда қатнашади. 20 августдан 21 августга ўтар кечаси Москвада ГКЧПга бўйсунувчи аскарлар ҳамда Оқ уй ҳимоясидаги кўнгиллилар ўртасида тўқнашув содир бўлади. Оқибатда Оқ уй ҳимоясидаги уч фуқаро ҳалок бўлади. ГКЧП эълон қилинган вақтда гўёки кўп қон тўкиладигандек кўринганди, аммо ўша уч кундаги барча қурбон мана шу уч киши бўлади.

Фото: GETTY IMAGES

21 август тонгида СССР мудофаа вазири Язов Москвадаги барча қўшин ва техникаларни шаҳардан олиб чиқишга буйруқ беради. Бу ГКЧП тугагани ва амалда СССРни сақлаб қолиш имконсиз эканини кўрсатарди. 21 август тонгида СССР президенти вазифасини бажарувчи Янаев топшириғи билан ГКЧП вакиллари Горбачёв ташқи дунёдан узилган ҳолда сақланаётган Фаросдаги дала ҳовлига боради.

Горбачёв ГКЧП вакиллари билан музокара ўтказишни хоҳламайди ва уларни қабул қилмайди. 21 август куни кечки вақтда эса Янаев ГКЧП тугатилганини эълон қилади. Ўша куни тунда Горбачёв Москвага қайтади. У билан Фаросдан Москвага бирга учган Язов, Крючков ва Тизяков каби ГКЧП аъзолари самолёт пойтахтга қўниши билан қўлга олинади. ГКЧПнинг барча аъзолари ватанга хиёнат айби билан қамалади. Фақат ички ишлар вазири Борис Пуго қўлга олинмайди, чунки у ўз жонига қасд қилганди (ўзини отиб ташлайди).

Шу тариқа, СССРни сақлаб қолиш учун тузилган ГКЧП 3 кун ўтиб барбод бўлади. Бу воқеалардан 4 ой ўтгач эса СССР тарқатилгани расман эълон қилинади. Чунки 1991 йил охирига бориб Россия барча мустамлакаларидан маҳрум бўлиб улгурганди. ГКЧПгача Латвия, Литва, Эстония ҳамда Грузия СССРдан мустақил бўлганини эълон қилиб улгурганди. Фавқулодда ҳолат содир бўлганидан кейин 1991 йилнинг август ойида яна 6та республика — Ўзбекистон, Қирғизистон, Молдавия, Украина, Арманистон ва Озарбойжон мустақиллик эълон қилади. Энг охирги бўлиб 16 декабрь куни Қозоғистон СССРни тарк этади. Шу тариқа, 14та мамлакатни зулм билан ўз тасарруфида ушлаб турган империя қулайди!

Зулм ва зўравонлик асосига қурилган СССРни сақлаб қолиш учун уюштирилган ГКЧП асосчиларининг барчаси 1994 йилда амнистияга тушиб, озод қилинади. Бу воқеалардан 28 йил ўтганидан кейин ҳам одамлар аслида нима бўлгани ҳақида мулоҳаза қилишади. Кимдир буни муваффақиятсиз давлат тўнтаришига уриниш деса, кимдир бу СССР парчаланишини тезлаштириш учун тузилган ўйин дейди. Хўш, аслида нима бўлганди?

«Исён муваффақиятли якунланмайди, акс ҳолда уни исён деб аташмайди»

ГКЧПнинг собиқ аъзолари (чапдан ўнгга) Крючков, Шенин, Язов, Павлов, Бакланов ва Лукьянов (микрофон қаршисида).
«День» газетаси ўқувчилари билан учрашув, 1993 йил

Англиялик шоирлардан бири исён ҳақида тагсарлавҳада берилган фикрни жуда топиб айтган. Чиндан агар исён муваффақиятли амалга оширилса, унинг содир бўлганини ҳеч ким билмай қолади. Чинакам муваффақиятли исёнда ҳукуматдаги ўзгаришлар майин табассум билан эълон қилинади. Нима бўлганини фақат «ичкаридагилар» билишади. Агар исён ўхшамасагина, у бостирганлар томонидан исён деб эълон қилинади.

Масалан, ГКЧП вакилларидан бири собиқ СССР Олий кенгаши раиси Анатолий Лукьянов 1991 йил августидаги воқеалар ҳақида шундай дейди: «ГКЧП нима бўлгани ҳақида ҳамон тортишувлар бор. Бу исёнми, келишувми ёки давлат тўнтаришимиди деб ҳамон тортишиш мумкин. Агар бу келишув бўлса, кимга қарши келишув эди? Агар бу исён дейдиган бўлсак, давлатнинг барча олий органлари сақланиб қолди-ку? Демак бу давлат тўнтариши ҳам эмас. ГКЧП бу — СССРни қутқариб қолиш учун амалга оширилган муваффақиятсиз уриниш эди, холос».

ГКЧП раиси Геннадий Янаев бу ҳақда шундай дейди: «Мен ҳеч қачон давлат тўнтариши қилганимни тан олмайман. Бу бўлмаган гап. Мен ва шерикларимнинг қилган ҳаракатларини тушунишни хоҳлаган одам 1991 йил августида СССР қандай ҳолатга тушиб қолганини танасида ҳис қилган бўлиши керак. У вақтда мамлакат жуда оғир аҳволга тушиб қолган ва тахт учун кураш авж олганди».

СССРнинг собиқ бош вазири Валентин Павловнинг айтишича, ўша вақтда ГКЧП вакилларида давлат тўнтаришини амалга ошириш учун барча имконият бўлган, аммо уларнинг мақсади тўнтариш бўлмаган: «Сизнингча, бизда давлат тўнтариши қилиш имкони бўлмаганми? Кечирасиз, лекин имконият керагидан ортиқ бўлган. Биз ҳар қандай раҳбарни ҳеч ким шубҳаланмайдиган ерда ушлашимиз мумкин эди. Аммо биз давлат тўнтариши уюштирмоқчи эмасдик».

Горбачёв ҳаммасини билганми?

СССР президенти Горбачёв йиллар ўтиб ГКЧП ҳақида билганини маълум қилди: «Горбачёв ҳаммасини билган дейишади. Ахир қандай билмаслигим мумкин эди? Эҳ-ҳе, қаерлардан қўнғироқ қилишмади дейсиз. Ҳамма битта гапни айтарди: исён, исён, исён... Менинг атрофимдагилар ҳам барчасидан огоҳлантиришганди. Асосийси қон тўкилишининг олдини олиш эди ва биз буни уддаладик. Фуқаролар уриши содир бўлмади».

СССРнинг биринчи ва охирги президенти империяни тарқатиб юборишни эмас, уни демократияга олиб бормоқчи бўлганини таъкидлайди. Унинг фикрича, компартиядаги инқироз империя қулашига олиб келган.

КГБдаги махфий учрашув

4 август куни Горбачёв Қримга кетганидан кейин ГКЧП ташкилотчилари ҳаракатга киришадилар. Энг қизиғи, Янаев қўмита раиси бўлишини барчаси эълон қилинишидан 3 соат олдин билади. Ташкилотчиликни шубҳасиз, КГБ раиси Крючков ўз зиммасига олади. У ўз ходимлари ёрдамида мамлакат фавқулодда ҳолатни қандай қабул қилишини таҳлил қилади. Таҳлиллар халқ бундай кутилмаган бурилишни оғир қабул қилишини кўрсатган бўлса-да, СССРни сақлаб қолишга уринаётган гуруҳ ортга чекинмайди. ГКЧПнинг барча 8 етакчиси КГБнинг махфий жойида учрашиб туради. 14 августга келибгина барчаси аниқлаштириб олинади.

18 август куни Горбачёв дам олаётган дала ҳовлида президент аппарати раҳбари Болдин, компартия котиблари Шенин ва Бакланов, қуруқлик қўшинлари қўмондони Варенников пайдо бўлади. Президентнинг шахсий соқчилари уларни Горбачёвнинг ҳузурига киритади, чунки «меҳмонлар» орасида қўриқчилар тўғридан-тўғри бўйсунадиган КГБ генерали ҳам бўлган. «Меҳмонлар» Горбачёвга иккита йўл кўрсатишади. Ёки Михаил Сергеевичнинг ўзи фавқулодда ҳолат эълон қилиб, ГКЧП раисига айланиши, ёки президентлик ваколатини Янаевга топшириши керак бўлади.

Бу таклифга Горбачев қандай жавоб бергани ҳақида ҳар хил тахминлар бор. Баъзи тахминларга кўра, Горбачёв олдига келган ГКЧПчиларни бўралатиб сўккан, баъзиларида айтилишича, билганларингни қилинглар деб жавоб берган. Горбачёвнинг олдига борганлар ундан СССР раҳбарига тегишли ядро чемоданини ҳам олиб қўйган деган тахминлар ҳам мавжуд.

ГКЧП муваффақиятсизликка учраганининг асосий сабабларидан бири сифатида Горбачёвнинг бунга рози бўлмаганини айтишади. Унинг рад жавоби исёнчилар учун кутилмаган ҳолат бўлган. Шу боис улар сиёсатда ҳеч қандай юки бўлмаган Янаевни раис этиб тайинлашга мажбур бўлишади. Янаевнинг қатъиятсизлиги, телевидениедаги чиқишда қўллари қалтираши, умуман ГКЧП аъзоларининг барчасида етишмаган қатъийлик ҳаракат барбод бўлишига олиб келади. Баҳонада ўзининг кескин чиқишлари билан Ельцин ўз тарафдорларини ошириб олади. У машҳурликда Горбачёвни ҳам ортда қолдиради.

Каддафи ва Саддам Ҳусайн қўллаган ГКЧП

ГКЧП муваффақият қозонмаганининг яна бир сабаби ғарбнинг уларни қўллаб-қувватламагани бўлади. Хорижда бу ҳаракатни фақат Муаммар Каддафи, Саддам Ҳусайн ва Фидель Кастро қўллашади (уларни нима бирлаштиришини аниқлаштириш шарт бўлмаса керак). ГКЧП ташкилотчилари АҚШ президенти Саша деб чақирадиган ташқи ишлар вазири Александр Бессмертних ҳам уларнинг қаторига киришини хоҳлашади, чунки ташқи ишлар вазири бошқа мамлакатларга ҳамма келишувлар амалда қолганини тушунтиришига умид қилишади. Аммо Бессмертних ГКЧПга қўшилишни хоҳламайди.

Ғарб мамлакатлари ГКЧПга муносабат билдиришга шошмайдилар ва ҳамма ким ғолиб бўлишини кутади. АҚШнинг 41-президенти катта Жорж Буш Янаевга қўнғироқ қилмоқчи ҳам бўлади, аммо маслаҳатчилари уни бу фикрдан қайтаришади. Ельциннинг танк устидаги чиқиши СNN телеканалида бутун дунёга олиб берилади ва Ельцин ғарбнинг кўз ўнгида қаҳрамонга айланади.

Ельцин Горбачёвни Россияга олиб келиши ҳақида гапирганидан сўнг Буш унга қўнғироқ қилади ва тўғри иш қилаётганини айтади. Бушдан сўнг йирик мамлакат раҳбарлари ҳам Ельцинни қўллашни бошлашади. Бу эса Борис Николаевични эйфория ҳолатига тушириб қўяди. Оқибатда СССРда...

Қўшҳукмронлик бошланади

23 август куни Россия парламентининг навбатдан ташқари йиғилиши ўтказилади. Одамлар унда нима бўлишини тахмин қила олишмасди. Халқ етакчиси қайтганини нишонлашни ёки ҳукумат тепасига янги раҳбар келишини кутишни билмай аросатда қолади. Аммо парламент йиғилишида кутилган воқеа содир бўлади. Бутун дунёга иттифоқнинг қаҳрамони бўлиб гавдаланган Борис Ельцин барчаси ўз назоратида эканини намойишкорона тарзда кўрсатиб қўяди.

Ельцин СССРнинг барча ҳарбий кучлари учун Олий Бош қўмондон бўлганини расман маълум қилади. Бунга сабаб сифатида ортда қолган уч кунда содир бўлган исённи келтиради. Нутқ сўзлаётган куни АҚШ, Германия, Япония, Буюк Британия етакчиларидан табриклар ва илиқ сўзларни эшитган Ельциннинг ўзига бўлган ишончи ақл бовар қилмас даражага етганди. Йиғилишда қатнашган Михаил Сергеевич Горбачёв важоҳатли Ельциннинг олдида ўта бечораҳол одамга айланиб қолади.

Ельцин СССР коммунистик партияси тугатилганини эълон қилади. Ваҳоланки, йиғилишда қатнашаётган Михаил Горбачёв ҳамон компартия раиси эди. Бу ҳолат Ельцин барчасини қўлига олганини кўрсатарди. Мажлис давомида СССР ҳукумати тарқатиб юборилади ва Горбачёв ҳукуматсиз президентга айланиб қолади. ВВС'нинг ёзишича, катта Жорж Буш Ельциннинг чиқишини СNN орқали дўсти Скоукрофт билан томоша қилади ва у ҳайратланарли воқеаларни томоша қилар экан президентга қараб: «Қара, ҳаммаси тугади», дейди. Буш эса суҳбатдошига қараб: «У учун чиндан ҳаммаси тугади деб қўрқаман», дейди...

«Горбачёв ким ютишини Қримда кутиб ўтирган қўрқоқ...»

Россиянинг марҳум президенти Борис Ельцин ўлимидан бироз олдин ГКЧП вақтида Горбачёвнинг ҳаракатлари ҳақида шундай деганди: «У Қримда туриб ким ғолиб бўлишини кутиб ўтирган қўрқоқ». Чиндан барчаси СССРнинг ўша вақтдаги президент таътилда бўлган вақтда содир бўлгани ажабланарли.

Бу ерда уч хил тахмин бўлиши мумкин. Асосий тахмин Горбачёв исёнми, тўнтаришми хуллас қандай ном билан аталиши ҳамон аниқ бўлмаган ГКЧП қачон бошланишини билган ҳолда Қримга дам олгани кетиб қолади. Чунки мамлакатда содир бўлажак бу воқеалардан қочиб қутулиш имконсиз эканини билган Михаил Сергеевич ҳаммасига олдиндан тайёргарлик кўрган бўлиши мумкин. Масалан, халқнинг олдига чиқиб бу нарсалар бўлганда мен Қримда эдим, исёнчилар мени ташқи дунёдан узиб қўйишди деган оқлов анча ишонарли.

Яна бир тахмин шуки, исёнчилар жараён Горбачёв у учун енгил кечишини, яъни Қримга кетишни таклиф қилишган. Чунки ҳукуматни эгаллаган кучлар ҳам кичик одамлар бўлмаган. СССРнинг энг асосий куч тузилмалари бўйсунадиган қўмондонлар ГКЧП аъзолари бўлишган. Яна бир тахмин — чиндан барчаси тасодиф бўлган. Михаил Сергеевич ҳаммасини билганини инобатга олсак, биринчи вариант тўғри. Дарвоқе, Ельцин Горбачёвни қўрқоқ деб атагани ҳақида. Борис Николаевичнинг ГКЧП вақтидаги даъвоси айнан мамлакатнинг сайланган президенти Горбачёвни ҳукуматга қайтариш бўлган. Кейинчалик эса улар бир-бирларини ёмон кўриб қолишди.

СССР нега қулади?

Узоқ йил 14та мамлакатни ўз тасарруфида ушлаб туриб, уларни ўзи хоҳлаган йўлга бошлаган империя қанақасига йўқолиб кетгани ҳамон муҳокама қилинади. Вазиятга реал баҳо берадиган бўлсак, ўша вақтда СССРни сақлаб қолишнинг имкони йўқ эди. Чунки империянинг силласи қуриган, мамлакат иқтисодий танг аҳволга келиб қолганди. АҚШ билан мантиқсиз мусобақалашиш, тўғрироғи мусобақалашишга уриниш иттифоқни хароб қилганди. Одамлар фақат тирикчилик учун яшашдан, партия учун ишлаш, ўз орзу умидларини партия учун, СССР учун қурбон қилишдан чарчаганди. Бутун дунё катта тезликда ривожланаётган, кўп ишлаган одам бой бўлаётган даврда ҳам СССР ўзини охир-оқибат ҳалокатга олиб борган социализм ғоясига қайсарларча тирмашиб олганди. Одамлар ҳар қанча меҳнат қилса ҳам, фақат тирикчилик қила олар ва бу фуқароларда мамлакатдан, унинг сиёсатидан зада бўлиш кайфиятини пайдо қилганди.

Иттифоқ ўзининг асосий рақобатчиси деб қараётган АҚШ аслида СССРга ҳеч қанақасига рақобатчи эмасди, чунки Америка анча илгарилаб кетган ва ўшандаёқ дунёнинг иқтисодий, сиёсий, керак бўлса ҳарбий державасига айланиб бўлганди. СССР эса фақат ўз пропагандаларида Америка билан рақобатчи эканини иддао қиларди, холос. Аслида эса мамлакат иқтисодиёти кундан кунга ҳалокатга яқинлашиб борарди.

Россиянинг ҳарбий имконияти доим яхши бўлган, СССР қулаши арафасида ҳам. Аммо Россия иттифоқчиларни куч билан олиб қолишга ҳаракат қилмади, қуролли таҳдид қилмади (ҳар хил миллатлар ўртасидаги ихтилофларнинг пайдо бўлиши бундан мустасно). Афтидан ўша вақтдаги ҳукумат тепасида бўлганлар ҳам ортиқ бундай яшаб бўлмаслигини, ҳамма ўз аравасини тортиши кераклигини ҳис қилгандек...

Ўткир Жалолхонов тайёрлади

Кўпроқ янгиликлар