Коутиньо «Бавария»га «қочди». У нега каталонларга тўғри келмади?

Спорт 00:26 / 21.08.2019 22256

Мюнхенликлар Филиппе Коутиньони 8,5 миллион еврога бир мавсум учун ижарага олишди. Энди каталонияликлар ундан Неймарни трансфер қилишда фойдалана олишмайди. «Спорт-Экспресс» нашри ушбу трансфер ҳақида мақола эълон қилди.

Неймарнинг меросхўри
2017 йил ёзида Неймар шов-шувли тарзда «Пари Сен-Жермен» сафига ўтгач, «Барса» раҳбарияти ушбу трансфердан тушган 222 миллион еврони нимага сарфлашга билмай қолганди. Клуб президенти Хосеп Бартомеу бу пулни Коутиньо ва Дембеле учун сарфлашга қарор қилди. Ўшанда Филиппе «Виссел Кобе»га йўл олган Иньестани идеал даражада алмаштириши, Дембеле эса Неймарнинг меросхўри бўлиши кутилганди.

Амалда эса барчаси бошқача бўлиб чиқди: ўтган икки йил давомида Дембеле ўз салоҳиятини кўрсата олмади, у доимий равишда жароҳат олди ва машғулотларга кечикиб, йирик миқдорларда жарималар тўлади. Коутиньо эса бир ярим мавсумда (у жамоага 2018 йил 6 январида қўшилган) барча турнирлар доирасида 21 гол уриб, 11 голга узатма берди, аммо бу статистика унинг ўйини кучли бўлганини англатмайди. Бразилиялик футболчи умуман Эрнесто Вальверде тузган жамоада ўз ўрнини топа олмади, у гоҳ ҳужумкор яримҳимоячи, гоҳ чап қанот ҳужумчиси ролида синаб кўрилди, захира футболчисига айлангач уни миш-мишларда гоҳ «ПСЖ»га, гоҳ «Тоттенҳэм»га жўнатишди, ҳатто«Ливерпуль»га қайтаришди — қаерга кетса кетсин, муҳими «Барселона»дан узоқда бўлсин.

«Барса» бонус тўлашни истамайди

Кўк-анорранглилар раҳбарияти аввал ҳам амалда Филиппенинг трансфери хато бўлганини тан олишганди. Ҳозирда каталонлар клуб тарихидаги энг қимматбаҳо харид клубга керак эмаслигини расман тасдиқлашди: Коутиньо бир мавсумни «Бавария»да ижара асосида ўтказади. Мюнхенликлар клуби «Барса»га 8,5 миллион евро тўлайди ва кейинги йил ёзида Коутиньони сотиб олиши мумкин бўлади. Каталонияда Месси ва Суаресдан кейин энг кўп маош олувчи учинчи футболчи бўлмиш бу бразилиялик (йилига 13,5 миллион евро) футболчини немислар ўз сафида олиб қоладими йўқми, вақт кўрсатади. «Барса» эса нафақат майдонда ортиқчалик қилаётган Коутиньодан, балки харажатлар сметасида ҳам муаммо туғдираётган Коутиньодан халос бўлишди. Қолаверса, 120 миллион еврога сотиб олинган футболчи бир ярим йил ўтиб ижарага берилиши — «Барселона» раҳбариятининг жиддий хатоси сифатида эслаб қолинади.

«Барса» харажатни қисқартиришга ҳаракат қилмоқда: Филиппе ижарага берилиши туфайли, клуб «Ливерпуль»га бериладиган пулдан 25 миллион евро тежаб қолиши мумкин. Коутиньо «Барселона»га ўтганида, шартномада футболчи янги клубида 100та ўйин ўтказса, мерсисайдликларга қўшимча 20 миллион евро тўлаб бериши (бразилиялик 76 ўйинда кўк-анорранглилар футболкасида майдонга тушишга улгурди) ва Чемпионлар лигасида ғалаба қозонилса, яна 5 миллион евро миқдорида бонус маблағлари ўтказилиши белгиланганди. Агар «Барса» 25 миллион еврони сақлаб қолишни истаса, кейинги йилда уни кимга бўлса ҳам сотишига тўғри келади, Коутиньо Мюнхенда қолиши эҳтимоли жуда паст. «Бавария» беҳуда пул сарфлайдиган жамоа эмас. Клубнинг тажрибали раҳбарлари кейинги йилда 28 ёшда бўладиган футболчи учун 120 миллион евро тўлашига ишониш қийин.

Коутиньо ва Вальверденинг футболи
Бундай вазиятдан энг кўп жабр кўрадиган — футболчининг ўзи бўлади. Коутиньо — ақлли ва яхши дриблингга эга бўлган технар яримҳимоячи, унинг узоқ масофалардан йўллайдиган кучли ва аниқ зарбалари ҳам ҳар қандай дарвозабонни шошириб қўяди. «Барса» азалдан бундай сифатларга эга футболчиларни қадрлаб келган, аммо Вальверденинг ҳозирги ўйин услубида бразилиялик футболчи мутлақо хира юлдузга айланди. Майдонда эркин ижодкор Месси бўлиши ва Суарес ҳимояга қайтишда эринчоқлиги қолган 8 футболчи доимий равишда мудофаа ишлари билан машғул бўлишини талаб этади. Аммо Испания чемпионатининг 2018/19 йилги  мавсумида Филиппе ҳар ўйинда ўртача 0,5 марта рақиб ҳужумини тўхтатган (таққослаш учун: Америка Кубогида Бразилия терма жамоаси сафида унинг бу борадаги кўрсаткичи 2,8тага тенг бўлди). Ла лигада бундай кўрсаткич фақат Суаресда, ундан камроғи Мессида (бир ўйинга ўртача 0,4). Қолган яримҳимоячиларда сезиларли даражада юқори кўрсаткичлар: Ракитич Коутиньодан икки баробар кўп марта рақибдан тўпни олиб қўйган, Видаль ва Бускетсда янада кўпроқ (2,4 ва 2,6 марта). Бундай статистика билан Филиппега «Барселона»нинг асосий таркибида жой топилмаслиги мантиқдан, қолаверса, у одатда жамоанинг ўйини қовушмай турганида майдонга чиқарди. Бу Коутиньо «Ливерпуль»да ўтказган даврлардан буткул фарқли, ўшанда ҳужум чизиғи роботдек ишлайдиган Мане, Роберто Фирминьо ва Салоҳдан иборат бўлар, майдон марказида эса Милнер ва Вайналдум каби меҳнаткашлар ўз ишларини ортиғи билан уддаларди. «Бавария» Коутиньога реабилитация учун имкон тақдим этиши мумкин, агар бразилиялик футболчи бу ерда ўзининг энг яхши сифатларини намойиш эта олса, бундан барча ютади.

Энди Неймар келмайдими?
Коутиньонинг ижарага бериб юборилиши Неймарнинг «Барселона»га қайтиш йўлига қўйилган ғов бўлди. Бунгача Филиппе бразилиялик ватандоши трансфери доирасида «ПСЖ»га ўтиб, ушбу трансфернинг бир қисмига айланиши кутилаётганди. Энди «Барселона» Неймар учун Ракитич, Юмтити ва Семедуни таклиф қилмоқда, шайхлар эса пул ва Дембелени сўрашмоқда. Ўз навбатида, бу футболчиларнинг ҳеч бири Каталониядан кетишни исташмайди, айниқса бошқа бир футболчи трансфери доирасида. Шундай экан, Неймар «Барса»га қайтиши эҳтимоли кундан-кунга озаймоқда. Айниқса, унга «Реал» ва «Ювентус» каби грандлар ҳам даъвогар бўлиб турганида. Лекин, агар«Барселона» Испания чемпионатида яна бир неча ўйинни бой берса, Бартомеу «ПСЖ»га улар истаганидек таклиф бериб қолиши ҳам мумкин. Лекин бу трансфер «Барселона»га фойдадан кўра зарар келтириши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

Кўпроқ янгиликлар