Абитуриент–2019: Навоийдаги қабул жараёнларида ҳам муаммолар ва тартибсиз навбатлар юзага келмоқда

Ўзбекистон 10:20 / 12.07.2019 11443

Ҳозирда юртимиздаги барча олийгоҳларда қабул жараёнлари бўлиб ўтмоқда. Айтиш жоизки, бу йилги қабул жараёнлари ҳар йилгидан фарқ қилмоқда. Турли янгиликлар, қулайликлар билан бирга айрим муаммолар ҳам кузатилмоқда.

Kun.uz сайтида республика олийгоҳларидаги қабул жараёнидан репортажлар, мавжуд муаммолар ҳақида туркум мақолалар бериб борилмоқда.

Таҳририят мухбири томонидан бу борадаги навбатдаги ўрганиш Навоий вилоятида олиб борилди.

Ушбу вилоятда иккита – Навоий давлат педогогика ва Навоий давлат кончилик институтлари бор. Икки институтда ҳам айни вақтда абитуриентларда ҳужжат қабул қилиш ишлари айни авж палласида.

Абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарига яратилган шароитлар билан танишиш мақсадида дастлаб Навоий давлат педогогика институтида бўлдик.

Тан олиб айтиш керакки, бошқа олийгоҳлардаги бўлгани каби бу ерда ҳам тартибсиз, узундан-узун навбатлар юзага келган. Жазирама иссиқда абитуриентлар узоқ вақт тик оёқда ўз навбати келишини кутмоқда. Қабулнинг сўнгги кунлари яқинлашгани сари бу навбатлар янада катталашиб, қатор ноқулайликларни келтириб чиқармоқда.

Хўш, муаммо нимада?

Институт қабул комиссияси масъул котиби Жавлон Самандаровдан изоҳ сўрадик.

«Катта навбатларнинг ҳосил бўлиши бизга боғлиқ эмас. Давлат тест маркази базаси ишламай қолиши ва ишлаган вақти ҳам қотиб қолишлар кузатилаётганлиги туфайли шундай ҳолат юзага келмоқда. ДТМ сервери ишламаганидан кейин биз ҳам ожиз қолаяпмиз. Ўзимизга боғлиқ муаммо бўлса, дарҳол бартараф этамиз. Абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари, яқинлари учун барча шароитлар ташкил этилган. Фақат ДТМ базасидаги узилишлар асосий муаммо ва бу ўз навбатида бошқа салбий ҳолатларни ҳам келтириб чиқармоқда», – дейди Самандаров.

Аммо бу биргина муаммо эмас эди. Банкка тўловни амалга ошириш жараёнида ҳам катта навбат ва тартибсизликни кузатиш мумкин. Маълум бўлишича, тўловларнинг банк базасида кўринишида ҳам муаммолар учраяпти.

«Электр энергияси ва интернетдаги узилишлар туфайли шундай ҳолат юзага келмоқда. Интернет яхши ишламаганидан кейин банкда тўловлар ҳам кўринмаяпти. Шунинг учун навбатлар юзага келмоқда», – дейди биз билан суҳбатда «Агробанк» Навоий шаҳар филиали масъул ходими Ғанишер Раҳматов.

Институт қабул комиссияси масъул котиби Жавлон Самандаровнинг таъкидлашича, бошқа жараёнларда муаммолар йўқ. Ҳужжатларни руйхатдан ўтказиш хонаси, веб камера хонаси, ахборот маслаҳат марказлари ва абитуриентларга тўлов квитанциялари чиқариш, ДТМ базасига кириш учун алоҳида махсус хоналар ташкил қилинган. Хоналар компьютер, принтер, сканер, нусха кўпайтириш аппарати, факс, телефон, сейф ва бошқа техник воситалар билан жиҳозланган.

Абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарини қабул қилиш, уларни мурожаатларини белгиланган тартибда рўйхатга олиш, мурожаатларни кўриб чиқиш ва ҳал этиш мақсадида «Call-center» алоҳида хоналари ажратилган. Шунингдек, ота-оналарнинг ҳордиқ чиқаришлари учун қулай шарт-шароитлар яратилган.

Шундан сўнг, Навоий давлат кончилик институтидаги қабул жараёнлари билан танишдик.

Тан олиб айтиш керак, ушбу олий таълим муассасасида қабул ишлари бирмунча яхши ташкил этилганлигига гувоҳ бўлдик. Навбатлар бўлса-да, ортиқча тартибсизликлар йўқ.

Бу ерда ҳам асосий муаммо юқоридаги каби ДТМ базаси ва интернетдаги узилишлар, банк тўловларини кеч кўринаётганлигидир.

«Бу каби ҳолатлар абитуриентлар ва уларнинг яқинлари, ота-оналарининг норозилиги, эътирозларига сабаб бўлмоқда. Уларга юзага келаётган вазиятни тушунтириб, ишларни олиб боряпмиз», – дейди Навоий давлат кончилик институти қабул комиссияси масъул котиби Ш.Бабаев.

Кўриниб турибдики, Навоий вилоятидаги олий таълим муассасаларидаги қабул жараёни асосий муаммолар техник узилишлар туфайли юзага келмоқда.

Бардошбек САМАД ўғли,
Kun.uz мухбири

Кўпроқ янгиликлар