Бош вазир Паркентда тадбиркорларни қабул қилди

Ўзбекистон 20:44 / 19.05.2019 12610

Тошкент вилояти Паркент туманида бош вазирнинг тадбиркорлар қабулхонаси ташкил этилди. Бугун, 19 май куни бош вазир Абдулла Арипов қабулхона фаолияти билан танишди ва шу ернинг ўзида бир гуруҳ тадбиркорларни қабул қилди.

 Kun.uz манбасининг хабар беришича, қурилиш-таъмирлаш ишларида фойдаланиладиган махсус техника воситаларини четдан олиб кириш, доривор гиёҳлар етиштириш ва тайёрлаш учун ер майдони ажратиш, минерал ўғитлар ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш фаолияти билан шуғулланиш учун рухсатнома олиш сингари масалаларда юзага келаётган айрим муаммолар бўйича жами 11 мурожаат қабул қилинди ҳамда шундан 8 таси жойида ўз ечими топган бўлса, 3 тасига тушунтириш берилди.

 “Албатта, бу ҳали бошланиши. Агар мазкур механизмни тўлалигича ишлата олсак, тадбиркорларнинг муаммоларини, масалаларини шундай ҳал қилолсак, умид қиламанки, кўзлаган мақсадимизга албатта эришамиз”, деди бош вазир.

Тадбиркорлар қабулхонаси фаолияти билан танишиш чоғида Адлия вазири Руслан Давлетов қабулхонани ташкил этиш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумотлар берди.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари Олимжон Умаров "business.gov.uz" ягона интерактив портали лойиҳасини тақдим этди. 

Бош вазир тадбиркор ва инвесторларга янада қулай бўлиши, уларнинг вақт йўқотмаслиги ва сарсон бўлмаслиги учун портал дизайнини оддий ва содда кўринишга келтириш, унинг мобил иловасини яратиш, видео мурожаат йўллаш тизимини йўлга қўйиш, энг кўп кўтариладиган мавзулар ва ҳудудлар таҳлилини мунтазам юритиш сингари техник ва ташкилий масалалар юзасидан топшириқлар берди.

Эслатиб ўтамиз, 14 май куни Ўзбекистон Президентининг “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Мазкур ҳужжат билан тадбиркорларнинг, жумладан, чет эллик инвесторларнинг муаммоларини ҳал этиш учун ҳудудларда бош вазирнинг қабулхоналари ташкил этилмоқда.

Кўпроқ янгиликлар