Ғарб тамойилларини кўр-кўрона импорт қилиб бўладими?

Жамият 17:30 / 08.05.2019 26307

Телеканалларимиздан бирида диний аҳкомлардан бири кулги қилингани ижтимоий тармоқларда мунозараларга сабаб бўлди. Баъзилар телевидениечиларнинг ёнини олиб, сўз эркинлигига ишора қилган бўлишса, бошқалар бундай масалаларга бу каби ёндашув ножоизлигини таъкидлашди. Мавзу кўпчиликни бефарқ қолдирмади ва унга ҳатто чет элда ишлайдиган баъзи ёш ўзбек олимлари томонидан муносабат билдирилиб, улар вазиятга ғарб тамойилларидан келиб чиққан ҳолда баҳо беришга уринишди. 

Илмий ёндашув эҳтиёжи

Ғарб халқларининг дунёқараши ва мусулмон халқларининг дунёқараши – бу иккисининг ўртасида муайян фарқлар мавжуд бўлиб, мазкур фарқларни билиш, тасниф ва таҳлил қилиш ижтимоий воқелигимиз тақозо қилиб турган вазифадир. Ҳар бир соҳада илмий ёндашув шарт бўлганидек, мазкур нозик соҳага ҳам шундай – илмий ёндашув лозим.

Дунёқарашлар орасидаги тафовутни ҳисобга олмасдан бирининг унсурларини бошқасига кўр-кўрона, ўрганишсиз, тадқиқсиз ўтказиш масъулиятсизлик ва ноилмий ёндашувга мисол бўла олади. Илмий ёндашув бу ерда қандай бўлади?

Ижтимоий (жамиятга доир) масалалар кўрилаётганда халқнинг маънавий концепцияси – дунёқарашига оид жиҳатлари атрофлича ўрганилиши, таҳлил қилиниши ва ҳисобга олиниши лозим. Бизнинг ҳолатимизда халқимизнинг чуқур, минг йиллик қадриятлар таъсирида ҳосил бўлган дунёқараш парадигмасини тадқиқ қилиш, ҳисобга олиш, сўнг мулоҳаза қилиш – масалага айнан илмий ёндашиш бўлади.

Ҳўлни қуруқдан ажратиб олиш эҳтиёжи

Халқимиз онгида ислоҳ бўлиши керак бўлган нарсалар кўп. Аммо ўша – ислоҳ бўлиши лозим бўлган нарсалар нима, деган саволга тадқиқотсиз жавоб бериб бўлмайди. Бинобарин тадқиқсиз ҳеч нарсани ислоҳ қилиб ҳам бўлмайди.

«Ислоҳ» тузатиш дегани, демакки «ислоҳ» тушунчаси зарар келтираётган нарсани зарарсизлантиришни назарда тутади. Жамиятга зарар келтираётган тушунчаларни зарарсизлантириш учун аввало уларни тасниф этмоқ зарур. Зеро бусиз ҳар қандай тадбирни объектив илмий назар эмас, балки субъектив истак-хоҳишлар ҳаракатга келтиради.

Халқимизга зарар келтираётган тушунчалар, булар – ҳеч бир асоси йўқ, онгсиз равишда илакишиб қолган нарсалар – стереотиплар эканини тушунмоғимиз лозим. Улар билан курашиш – онгли жамият учун бурч.

Аммо, булардан бошқа – соф динимиз таъсирида шаклланган жиҳатлар ҳам бор. Улар онгсиз равишда эмас, балки онгли равишда, асосга суянган ҳолда халқимиз онгида шаклланган – стереотип эмас. Бу икки нарсани бир-биридан ажратиб олиш лозим. Олим ва мутахассисларнинг  иши бу ерда – стереотиплар ва халқимизнинг муҳим маънавий устунларини бир-бирдан ажратиб олиш, аралаштириб юбормаслик. Бундай муҳим соҳада ноилмий ёндашув бизни муаммолар гирдобида қолдиради, яхшиликка асло омил бўлмайди.

Яъники, илмий ёндашув бўлмаса стереотиплар ўрнига халқнинг ҳақиқий маънавий устунларига қарши билмасдан уруш очиб қўйиш мумкин. Бу эса халқнинг ўзи билан курашиш каби.

Ғарбнинг «жинслар тенглиги» модели бизга тўғри келадими?

Куни кеча Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида «Эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ва тенг имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.

Лойиҳада «эркаклар ва аёллар тенглигини таъминлаш соҳасидаги халқаро ҳуқуқ нормаларига риоя этиш» кўзда тутилган. Шу билан бирга, унда «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари талабларига ва халқаро ҳуқуқ нормаларига зид урф-одатлар, анъаналар ва маданиятга асосланган хулқ-атворга йўл қўйилмайди», дея таъкидланади.

Масалага юзаки эмас, теранроқ назар ташлашга уринамиз.

Жинс бўйича ҳар қандай дискриминацияга барҳам беришни ҳар бир оқил киши қўллаб-қувватлайди, албатта. Аммо бунга эришиш учун ғарб мамлакатлари томонидан қабул қилинган тамойиллар якка-ю ягона – универсал воситами? Ҳолатни кўримли шаклга келтириш учун ўзимизда тамойил ва услублар мавжуд эмасми?

Ғарб халқлари ўз тафаккурларидан, ўзларига хос бўлган тафсилотлар таъсирида юзага келган урф-одатларидан келиб чиқиб ҳаётларини тартибловчи, ўзларига маъқул келган меъёрларни қабул қилишган. Ва бу меъёрлар, эътибор берсак, ҳозирда аксар – турли соҳаларга оид халқаро конвенцияларнинг асосини ташкил қилиб турибди.  

Мазкур тамойилларни ёппасига – тадқиқ ва таҳлилсиз бизнинг ўзгача маънавий заминимизга кўр-кўрона ўтказиш, импорт қилиш ҳолатни ислоҳ қилиш эмас, балки, аксинча, муаммоларнинг узундан-узоқ занжирини келтириб чиқариш, зиддиятларга мубтало бўлишдир. Зеро бу халқимизнинг дақиқ, латиф, асосли қадриятларини инкор қилиш билан баробардир.    

Ўзгариб бораётган ғарб тамойиллари

Ғарб тамойиллари йил сайин ўзгариб, «эволюция»га учраётганига гувоҳ бўлиб турибмиз. 50 йил аввал ғарб халқлари тафаккурида фавқулодда салбий баҳоланган нарсалар бугун қонун билан ҳимояланадиган, уларга салбий қараш қилганлар эса жазога тортиладиган ҳолатга келди ва бу жараён давом этмоқда.

Бир жинсли никоҳларнинг расман тан олиниши, мактабларда болаларга «жинслар тенглиги», яъни, «ҳар бир инсон ўз жинсини ўз хоҳишича белгилаши», «ҳар ким ўзи хоҳлаган жинсдаги инсон билан оила қуриши» каби тушунчалар дарс қилиб берилаётгани бунга мисол. Мазкур тамойиллар ғарб тафаккурининг тадрижий, таъбир жоиз бўлса, табиий эволюцияси натижаси бўлиб, бу ғарб дунёсининг, қайсидир маънода, танловидир. Аммо бу танловга секин-аста «умуминсоний қадриятлар» туси берилиб, ҳамма учун баробар вожиб мақомга кўтариляпти.    

Аёллар эркаклар билан тенгма-тенг ишлаб пул топиши кераклиги, ҳеч бир жиҳатда аёлга алоҳида кўз билан қаралмаслиги кераклиги, имтиёзлар назарда тутилмаслиги – буларнинг ҳаммаси ғарб халқларининг мавжуд маънавий тизимидан келиб чиққан, «аёллар ҳуқуқлари» тушунчасининг улар тушунган шаклидир. Мазкур тушунчаларга биз ҳам эргашишимиз керакми?

Бизда аёл ким?

Уламо аждодларимиз тадқиқ ва таҳлил этган Ислом таълимоти бўйича аёл аввало жамиятнинг энг устувор вазифаси – янги авлод тарбиясига масъул қилинган ва бунда, таъбир жоиз бўлса, аёл янги авлодни кўкрагига босиб, қалб қўри билан унинг – янги авлоднинг руҳига биринчи озуқани беришга, маънавий низомини шакллантиришга сафарбар этилган. Яъни, миллатнинг келажаги том маънода аёл қўлида деб билинади.

Бундай буюк вазифани бажариш учун аёл бошқа юклардан озод этилган бўлиб, «бир дунё» бошқа ташвишлар эркакнинг зиммасига юклатилган. Шу ердан маълум бўляптики, гап «аёлни уйга қамаб қўйиш» ҳақида кетмаяпти, балки унга ўз масъулиятини мукаммал адо этиши учун шароит яратиш ҳақида кетяпти.                                  

Муаммолар занжири

Яқин тарих шоҳид – ўткан асрда аҳолиси мусулмон бўлган баъзи мамлакатларда ўтказилган ўзига хос «тажрибалар» – замонавийлаштириш важида халқни эски стереотипларидан халос қилишга уриниш билан бирга, биратўла – «ҳўл-у қуруқни» ажратмасдан – маънавий асосларга ҳам қарши қилинган уринишлар натижасида кўплаб кўнгилсизликлар, қурбон беришлар бўлди.

Аммо эзилган, урилган халқнинг азалий маънавий асоси вақти келганда ўз сўзини айтди, қайтадан ниш уриб чиқди. Замонавийлаштириш ҳақиқий маънавий асосларга қарши курашиш билан кечмаслиги кераклиги ўз исботини топди. Воқелик кўрсатяптики, ҳақиқий асослар ўзи мустаҳкам бўлади.

Тарихий дарслардан керакли хулосани чиқариб, мазкур фундаментал масалага нисбатан эҳтиётли бўлиш, теран, илмий ёндашиш аччиқ хатоларни такрорламасликка омил бўлади.   

Стереотиплар ва уларга ечим

Стереотипларга баъзи мисоллар. Халқимизда, масалан, қайнона-келин муносабатлари кўримсиз шаклланган ва уларнинг турган-битгани стереотиплардан иборат бўлиб, динимиз аҳкомларининг теппа-тескарисидир. Зеро динимизда ота-бола, эр-хотин, қўшничилик каби ўзаро ҳақ ва мажбуриятлар аниқ ва кўркам шаклда белгиланган бўлиб, қайнона-келин муносабатлари ҳам шулар қаторида – қайнона динимиз бўйича урфимизда келин устидан мавжуд бўлган «ҳақ»ларнинг деярли ҳеч қайсисига эга эмас.

Бу стереотипни кетказиш учун ғарб услубини қўллаб ташвиқот қилиш эмас, балки динимиз услубида тушунтириш ишларини олиб бориш масаланинг тўғри ечими бўлади.

Бошқа мисол. Оилада аёлнинг топганига яшайдиган, буни ўзига жоиз биладиган эрлар кўпайган ҳозир. Бу тобора стереотипга айланиб боряпти ва турфа ижтимоий ҳамда маънавий муаммоларни урчитяпти. Ҳолбуки бу динимизда мутлақо жоиз эмас – динимиз бўйича оиланинг барча моддий эҳтиёжи эр кишининг зиммасида.

Шу билан бирга, аёл киши ўз аёллик ҳилқатига тўғри келадиган меҳнатни қилиб пул топишига йўл очилган. Аммо, шуниси эътиборлики, динимизда аёл киши топган пулига ўзи хўжайин ва эр аёлининг пулига эгалик қилишга, оила сарфини аёлига юклашга ҳаққи йўқ. Мазкур ва шу каби бошқа диний тамойиллар тўғри тарғиб қилинса халқ онгида бир қанча стереотиплар барҳам топади. Ўғил болалар ёшлигидан эр киши зиммасида қандай мажбуриятлар борлигини билиб вояга етишади.

Янгича ёндашув эҳтиёжи

Ғарб маънавий тамойиллари ғарб халқларининг тарихи, бугуни, ўзига хосликлари таъсирида шаклланган ва уларни кўр-кўрона, мутлақо ўзгача маънавий муҳитга, ўзгача тафсилотлар таъсирида шаклланган муҳитга «кўзни ёпиб олиб» ўтказиш – ноилмий ёндашув бўлиб, давлат ва жамиятни тубсиз зиддиятларга гирифтор қилиб қўйиши ўз исботини топган ҳақиқат. Зиддиятлар эса миллатнинг қувватини олувчи энг катта салбий омиллардандир.

Инчунун, миллий тикланишимизнинг ҳозирги босқичида ҳар бир ижтимоий-маънавий аҳамиятли қарорлар яхши ўйланган, илмий кўрикдан ўтган, асрлар давомида шаклланган маънавий ўзлигимизни, миллатимиз руҳининг асоси бўлмиш устунларни эътиборда тутиши лозим. Зеро, бундай ёндашув ҳар жиҳатдан қаралганда ҳам манфаатли бўлади. Мана шундай ёндашувни янгича ёндашув дегим келади.

Шокир Шарипов

Кўпроқ янгиликлар