Шахсий маълумотларнинг ҳуқуқий режими белгиланди

Ўзбекистон 09:48 / 18.04.2019 5327

Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида «Шахсий маълумотлар тўғрисида»ги Қонун лойиҳаси учинчи ўқишда кўриб чиқилди ва қабул қилинди. Ҳужжат Олий Мажлис Сенатига йўлланди, деб ёзмоқда Norma.

Эслатиб ўтамиз, бир қатор ҳужжатларда шахсий маълумотлар махфий ахборот сирасига киритилган. Бироқ ушбу тушунча ҳуқуқий жиҳатдан тўлиқ очиб берилмаган, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш механизмлари мавжуд эмас.

Қонунда қуйидаги тушунчалар қабул қилинган:

• шахсий маълумотлар – электрон, қоғоз ва (ёки) бошқа моддий ташувчида қайд этилган, муайян шахсга тегишли ёки уни идентификациялаш имконини берувчи ахборот;
• шахсий маълумотлар субъекти – шахсий маълумотлар тегишли бўлган жисмоний шахс;
• шахсий маълумотлар базаси – шу жумладан ахборот тизими кўринишидаги, шахсий маълумотларни ўз ичига олган маълумотлар базаси;
• шахсий маълумотларни қайта ишлаш – шахсий маълумотларни тўплаш, тизимлаштириш, сақлаш, ўзгартириш, тўлдириш, қўллаш, тақдим этиш, тарқатиш, узатиш, шахссизлантириш ва йўқ қилишга доир бир ёки бир нечта ҳаракатларни амалга ошириш; 
• шахсий маълумотлар базаси оператори – шахсий маълумотларни қайта ишловчи давлат органи, жисмоний ва (ёки) юридик шахс;
• шахсий маълумотлар базасининг мулкдори – шахсий маълумотлар базасига эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқига эга бўлган давлат органи, жисмоний ва (ёки) юридик шахс;
• учинчи шахс – субъект, мулкдор ва (ёки) оператор ҳисобланмаган, бироқ шахсий маълумотларни қайта ишлашга доир ҳоллар ёки муносабатлар сабабли улар билан боғлиқ бўлган ҳар қандай шахс.
 
«Шахсий маълумотлар тўғрисида»ги Қонун лойиҳасида уларга кириш механизмлари, шу жумладан уларни халқаро узатиш тартиботлари белгиланган. Лойиҳа шахсий маълумотлар қаерда қайта ишланишидан қатъи назар, уларнинг ҳимоясини таъминлаш бўйича талабларни ўз ичига олган. Шунингдек, унда шахсий ҳаёти дахлсизлиги бўйича инсон ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлашга қаратилган нормалар қайд этилган.

Кўпроқ янгиликлар