Пропискани оғзаки буйруқ билан рад қилишса, қандай йўл тутмоқ керак?

Ўзбекистон 08:40 / 15.04.2019 31097

Мақолани ўзимнинг ўта шахсий фикрим билан бошламоқчиман: раҳбарларнинг оғзаки буйруқлари ёзма қонунлардан устун бўлган жамиятда ривожланиш бўлмайди. ИМХО.

КИРИШ

Аҳолининг ҳуқуқий онги ҳақида кўп гапирилади. Нимага? Чунки амалиётда барча ижрочилар ҳам қонун-қоидаларни яхши билмаслиги ёки била туриб амал қилмаслиги мумкин. Мана шундай пайтларда ҳуқуқий онги юқори бўлган инсонлар орқали бу каби бошбошдоқликларга чек қўйилади.

Ҳуқуқий онги юқори инсон деганда, албатта юристлар ёки ҳуқуқий маълумотга эга бошқа фуқаролар тушунилмайди. Шунчаки ўз ҳаққини талаб қилишни билган, бундан уялмайдиган, аксинча ўз ҳуқуқи учун қонуний усулларни қўллашга тайёр бўлган шахслар тушунилади.

Масалан, бир давлат идорасига бордингиз ва қонуний ҳуқуқингизни талаб қилдингиз. Лекин давлат идораси ходими «Буни қилиб бера олмайман, тепадан оғзаки топшириқ бўлган», дея жавоб берди. Хўш, Сиз шундай вазиятда нима қиласиз? Жимгина қайтиб кетсангиз, унда Сизнинг ҳуқуқий онгингиз етарли дейишга иккиланамиз. Чунки аслида қонуний ҳуқуқлари асоссиз рад этилган фуқаролар камида бунга изоҳ талаб қилишлари шарт. Савол беришни ўрганишимиз керак: Нимага қилиб бера олмайсиз? Ким топшириқ берди? Нима асосга кўра топшириқ беради? Бунақа топшириқ беришга ҳаққи борми? ва ҳ.к.

Бу энг содда усули. Ушбу мақолада давлат органлари “юқоридан” бериладиган оғзаки топшириқлар туфайли қонунда белгиланган МАЖБУРИЯТИНИ бажаришни рад қилса, қонун доирасида қандай йўл тутиш кераклиги ҳақида маълумот берамиз.

Гарчи қуйида келтирадиган мисолларимиз прописка ҳақида бўлса ҳам, лекин унда берилаётган таклиф ва маслаҳатларни исталган шунга ўхшаш вазиятда бемалол қўллаш мумкин. Қайси масала, қайси соҳа бўлмасин, ноқонуний қарорларга қарши ана шундай курашсак, бу энг тўғри йўл бўлар эди. Қани, кетдик бўлмаса.

МУАММО НИМАДА?

Тошкентда пропискаси бўлмаган шахслар ҳам исталган нархдаги янги уйлардан бирини сотиб олса (ЭКИҲ 2500 баравари деган чеклов бекор бўлган), 1-банд бўйича пропискага кириши белгилангандан сўнг, шу мавзуга бағишлаб «Прописка бўйича лайфхак» деган мақола ёзган эдим.

Ўша мақолада янги уйларни бир киши эмас, бир неча киши пул қўшиб, сотиб олса ҳам, ўша бир неча кишининг барчаси 1-банд билан пропискага кириш ҳуқуқига эгалиги тўғрисида маълумот бергандим.

Шундан сўнг, ҳақиқатда кўплаб юртдошларимиз умумий мулк сотиб олиб, барчалари пропискага кириб олишди. Аммо халққа «ғамхўр» мутасаддилар бунга чидай олишмади ва иккита юриш қилишди:

Биринчидан, оғзаки буйруқ билан умумий мулк сотиб олганларни пропискага киритишни тўхтатиб қўйишди. Халқ тилида “паспорт стол” деб айтиладиган идора вакиллари прописка илинжида келган фуқароларга рад жавобини беришмоқда ва кутиб туришларини таъкидлашмоқда.

Иккинчидан, 2 ёки ундан ортиқ шахс томонидан умумий мулк ҳуқуқи асосида уй сотиб олинган тақдирда, уларнинг ҳар бири давлат божи тўлаши кераклиги ҳақидаги қарор лойиҳаси эълон қилинди. Аммо кескин танқидлардан сўнг, бу лойиҳа порталдан ўчириб ташланди.

Иккинчи муаммо вақтинча бартараф бўлгандек гўё. Аммо биринчиси ҳалиям актуал бўлиб турибди.

Бундай вазиятда бир неча киши қўшилиб, янги уй сотиб олган, лекин пропискага кира олмаётган фуқароларга қуйидаги ҳаракатларни амалга оширишни тавсия этамиз.

1-ҚАДАМ: РАҲБАР НИМА ДЕСА-ШУ

Баъзан энг пастки бўғиндаги ижрочилар қонунни тушуниб-тушунмай рад қилишади. Асос сўрасангиз кўрсатиб бера олмайди, лекин қайсарлик билан “йўқ” деб тураверади. Бундай ҳолатда ўша ташкилот раҳбарининг қабулига кириш ҳамда вазиятни тушунтириш фойда беради. Ортиқча қоғозбозликка ҳожат қолмайди. Масалан, мен дуч келган кўп муаммолар шундай ҳал бўлган.

Сиз ҳам паспорт стол ходими рад қилгандан сўнг, албатта туман миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими бошлиғига учрашинг, вазиятни тушунтиринг ва ундан тушунтириш талаб қилинг.

Сарфланадиган муддат: 3-4 соат

2-ҚАДАМ: ХАТГА ТУШДИНГ, ЎТГА ТУШДИНГ

Катта эҳтимол билан айтаман, биринчи қадамдан ҳеч қандай наф чиқмайди, чунки бу масалани ҳал қилиш қуйи бўғиндаги раҳбар қўлида эмас. Бу “юқоридан” берилган умумий кўрсатма.

Унутманг, бундай вазиятларда оғзаки суҳбатлар Сизга деярли ёрдам бера олмайди. Гарчи қонун бўйича оғзаки мурожаатлар ҳам ёзмасига тенглаштирилган бўлса-да, лекин инсон зоти шунақа - айтади ҳам, қайтади ҳам. Унинг гапини исботлаш қийин бўлади. Шу сабабли давлат идораси ходими билан оғзаки суҳбатларга ишониб қолманг. Албатта ёзма ариза беринг.

Қаршисида турган фуқарога оғзига келган гап билан ёлғон гапириш ёки ноқонуний рад қилиш жуда осон, лекин унга расмий хат орқали жавоб қайтариш бирмунча қийин. Мурожаатларга жавоб қайтаришда ноқонуний асосларни ёзишга унча-мунчасининг юраги бетламайди, чунки эртага бунинг жавоби бўлишини яхши билишади.

Шунга кўра, агар паспорт столлар умумий мулк асосида сотиб олинган янги уйларга бир неча кишини пропискага киритишни оғзаки рад қилаётган бўлса, унда Сиз расман мурожаат қолдиришингиз зарур.

Мурожаатни қуйидаги кўринишда топширишни маслаҳат бераман (тайёр ариза намуналари пастроқда берилган):

  1. Туман миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига – ёзма ҳолда, шахсан топшириш;
  2. Ички ишлар вазири номига – Президент портали орқали, электрон юбориш.

УНУТМАНГ: қайси ташкилотга ариза топширсангиз ҳам, албатта аризангизни 2 нусхада тайёрлаш керак. Оригинали ўша ташкилотнинг масъул ходимига берилиб, Сизда қоладиган иккинчи нусхасига аризани қабул қилган масъулнинг исм-фамилияси, лавозими, аризани олган санаси ҳамда имзо (мавжуд бўлса махсус штамп) қўйилишини талаб қилиш керак. 2-нусхасини йўқотмасдан сақлаб қўйинг.

Ички ишлар вазири номига ёзадиган аризангизни эса Президент портали орқали электрон тарзда юборишни тавсия қиламан.

Бунинг тартиби қуйидагича:

  1. Дастлаб https://pm.gov.uz/uz порталига кирасиз;
  2. 4-бўлимдаги «В. Виртуал қабулхонага мурожаат юборинг» буйруғини танланг;
  3. Сўралган маълумотларни тўлдиринг (ФИШ, манзил, жинс, туғилган сана ва ҳ.к.);
  4. Мурожаат матнини киритинг, зарур бўлса файлларни юкланг;
  5. Фойдаланиш қоидалари билан танишганлигингиз тўғрисида белги қўйинг;
  6. «Жўнатиш» тугмасини босинг;
  7. Ишлаб турган телефон рақамингизни киритинг;
  8. SMS-хабар орқали келган 4 та рақамдан иборат кодни киритинг.

Шундан сўнг, экранда Сизнинг мурожаатингиз муваффақиятли юборилганлиги тўғрисида маълумот чиқади. Бироз ўтиб телефон рақамингизга мурожаатингиз қабул қилингани, мурожаат рақами ва коди тўғрисида қўшимча SMS келади. Шу рақам ва код орқали мурожаатингизнинг ҳолатини текшириб туришингиз, юборилган жавоб хатини юклаб олишингиз мумкин бўлади.

Қандай мазмунда мурожаат юбориш керак?

Ҳар қандай мурожаат имкон қадар қисқа ва лўнда бўлиши керак. Аризада айнан нима хоҳлаётганингиз аниқ ифода этилиши шарт. Кўпчилик фуқаролар қанча узундан-узун мурожаат ёзсам, шунча эътибор кучаяди, деб ўйлашади. Бу унчалик ҳам тўғри эмас. Аксинча бу масъулларга Сизнинг асосий важингиз қолиб, бошқа майда масалалар билан қўл учида жавоб ёзилишига, гапни айлантиришига олиб келади.

Ҳозирги вазиятда Сизларга қуйидаги мазмундаги мурожаат юборишни тавсия қиламан:

Файлни юклаб олиш

Онлайн кўриш

Мазкур файлда иккала ариза намунаси ҳам мавжуд.

Сарфланадиган муддат: 3-4 соат

3-ҚАДАМ: Ё ЧИККА, Ё ПУККА

Туман “паспорт столи”дан мурожаатларингизга қуйидаги 3 хил жавобдан бирини олишингиз мумкин:

Биринчиси – қонуний жавоб. Бунга кўра, Сизларнинг мурожаатингиз қаноатлантирилиб, умумий мулк асосида уй сотиб олган барча шахслар 1-банд билан прописка қилинади. Агар муаммо битта мурожаат билан осонгина ҳал бўлса, унда Сиз учун хурсандман.

Иккинчиси – мужмал жавоб. Бунга кўра, Сизнинг мурожаатингиз ўрганилаётгани, ўрганишлар якунига етгач, қўшимча хабар қилишлари ҳақида огоҳлантиришади.

Учинчиси – ноқонуний жавоб. Бунга кўра, Сизларга рад жавоби берилади.

Аммо мендаги маълумотларга кўра, бугунги кунда туман миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими 2-вариантни – мужмал жавоб бериш йўлини танламоқда. Қўлимда Яшнобод тумани ИИО ФМБ МваФРБнинг худди шундай мазмундаги жавоби бор. Яъни паспорт стол бошлиғи капитан Ю.Марксов фуқаролар томонидан тақдим этилган ҳужжатлар қонун ҳужжатларидаги тоифаларга тўғри келиши текширилаётганлиги, текширув натижаси бўйича қўшимча маълумот берилиши тўғрисида маълум қилиб жавоб хати берган.

Бироқ ушбу мазмундаги жавоб хатини қонунчиликка мос дея олмайман. Чунки Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 16 февралдаги 41-сон қарорининг 1-иловаси билан тасдиқланган низомнинг 11-банди ҳамда Ички ишлар вазирининг 2012 йил 1 майдаги 71-сон буйруғи билан тасдиқланган йўриқноманинг 25-бандига биноан, фуқароларнинг пропискага киритишни сўраб қилган мурожаати уч иш куни мобайнида кўриб чиқилиши қатъий белгиланган. Яъни “паспорт стол” раҳбари ёки унинг ўринбосари уч иш куни ичида ўз резолюциясида ариза берувчини Рўйхатнинг қайси бандига асосан доимий пропискага қўйиш зарурлигини ёки рад жавоби бериш сабабини кўрсатиши шарт. Бу қатъий қоида ҳалиям ўз кучида турибди, ўзгаргани ёки бекор бўлгани йўқ.

Бошқача айтганда, паспорт стол 3 кун ичида ё чикка, ё пуккалигини айтишга мажбур. Учинчи вариант йўқ. Лекин шундай бўлсада, ҳозирги амалиётда айнан 3-вариант танланмоқда. Қизиқ, жуда қизиқ.

Бундай мазмундаги жавоб хатларини ўзбек тилидан ўзбек тилига таржима қиладиган бўлсак, “ака, тўғри тушунинг, бу менинг қўлимдамас, тепадан токи рухсат бўлмагунча, Сизни пропискага қўя олмайман” деган маънони беради. Жамиятимиз “тепадан айтишди” синдроми билан қаттиқ касалланган, қачон тузалади, билмадим.

Сарфланадиган муддат: 5-10 кун

ОХИРГИ – 4-ҚАДАМ: ҚОЗИГА АРЗ ҚИЛАМАН

Агар мурожаатингизга ёки мужмал жавоб қайтаришса, ёки рад этишса, унда Сизда охирги вариант қолади – судга мурожаат қилиш!

Бунда маъмурий судга мансабдор шахснинг ҳаракатсизлигини қонунга хилоф деб топиш ва прописка расмийлаштириш мажбуриятини юклаш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилиш лозим.

Аризангиз ўша тумандаги маъмурий судга берилади. Сизларга қулай бўлиши ва адвокатлар учун қўшимча харажат қилиб юрмаслигингиз учун, шу ҳолатга мос келувчи намунавий ариза матнини тайёрлаб қўйдим. Қуйидаги файлни юклаб олиб, ундаги керакли маълумотларни ўзгартириб чиқсангиз бўлди, ариза таппа-тайёр!

Файлни юклаб олиш

Онлайн кўриш

Маълумот учун: маъмурий судга ариза берганлик учун ЭКИҲ 1 баробари (202 минг 730 сўм) миқдорида давлат божи ҳамда ЭКИҲ 8%и (16 минг 218 сўм) миқдорида почта харажатлари тўланади.

Сарфланадиган муддат: 10-15 кун

ХУЛОСА

Умид қиламанки, маъмурий суд Сизнинг охирги қадамингиз бўлади. Чунки кўрга ҳассадек аён бўлиб турган қонун-қоидаларни мутасаддилар кўришни хоҳламаётган бўлса-да, лекин маъмурий судьялар бундай йўлдан боришмаслигига ич-ичимдан ишонаман.

Барча 4 та қадамни босиб ўтишингиз учун тахминан 1 ой вақтингиз кетади. Сиздан талаб этиладиган чиқимлар эса фақат суд ва транспорт харажатлари бўлади холос.

Буларнинг эвазига эса, Сиз қонунларда белгиланган ҳуқуқ ва эркинликларингиз рўёбини кўрасиз. Пропискага кирганингиз майли, лекин айрим масъулларнинг асоссиз ва ноқонуний ҳаракатлари устидан ғалаба қозонганингиз учун ҳам кўпроқ хурсанд бўласиз, кетказган асабингиз ва харажатларингизга розилик ҳиссини туясиз.

Ва Сизнинг босиб ўтган йўлингиз Сиздан кейингилар учун шамчироқ бўлиб хизмат қилади. Зора кўпчилик суд орқали ютиб чиқишни бошлагач, ҳукуматдагилар ҳам ўзларининг бундай асоссиз тақиқларидан воз кечиш ҳақида кўрсатма бериб юборса ажаб эмас. Уларнинг кўрсатмаси эса, салкам қонундан устун, буни яхши биласиз.

Хушнудбек Худайбердиев, ҳуқуқшунос

Кўпроқ янгиликлар