Октябрда фалокатга учраган фазогирлар коинот станциясига иккинчи уринишда ета олишди 

Жаҳон 08:33 / 15.03.2019 4533

Бортида россиялик фазогир Алексей Овчинин ва америкалик астронавтлар Ник Хейг ва  Кристина Кук бўлган “Союз МС-12” коинот кемаси Халқаро коинот станцияси билан бирикди.

Кема “Союз-ФГ” ракетаси билан биргаликда Тошкент вақти билан 15 март соат 00:14да Бойқўнғир космодромидан старт олган. Стартдан 9 дақиқа ўтгач, кема ракетанинг 3-поғонасидан ажраб, станция томон йўл олган. 

Эътиборлиси, Овчинин ва Хейгнинг 2018 йил 11 октябрда ХКСга парвозлари авария билан якунланганди. Ўшанда уларнинг кемаси парвоз бошлангандан тахминан 20 дақиқа ўтгач қўнишига тўғри келган. 

Бу сафар фазогирларга Кристина Кук қўшилган. 

Босим бир маромга келтирилгач, фазогирлар станцияга ўтишади. Уларни россиялик Олег Кононенко, америкалик Энн Макклейн ва канадалик Давид Сен-Жак кутиб олади. ХКСга келган фазогирлардан 2 нафари унда 204 кун, яна бири 9 ой қолиши кутилмоқда.

Овчинин ва Кононенконинг 29 май куни очиқ фазога чиқиши режалаштирилган. НАСА фазогирларидан эса очиқ фазога учта – 22 ва 29 март кунлари ва 8 апрелда чиқиш режалаштирилган. Ушбу чиқишлардан бирида Кристина Кук ва Энн Макклейн биргаликда ишлашади. Бу эса икки аёл бир вақтда очиқ фазода бўладиган тарихдаги илк ҳодиса бўлади.

Кўпроқ янгиликлар