«Булар ҳали ҳаммаси эмас». Тошкентда топилган хазинанинг тарихи ва кейинги тақдири ҳақида

Ўзбекистон 11:18 / 20.02.2019 121801

Жорий йил аввалида Kun.uz сайтида Тошкент шаҳрида қадимий хазина топилгани ҳақида хабар қилинганди. XIX асрда қурилган иморатлардан бирининг яширин ертўласида қидирув ишлари давомида топилган хазина 80 йиллар муқаддам йўқолгани, унинг ҳозирги қиймати 1 миллион доллардан ортиқлиги айтилганди.

Шундан сўнг бу мавзу бошқа ўнлаб сайтларда ҳам ёритилди ва ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлди. Кимдир хазинанинг қиймати ҳақида айтса, кимдир топилган жойига қизиқди. Бундай топилмалар мавжудлигига ишончсизлик билан қараганлар ҳам бўлди.

Kun.uz бу масалани янада ойдинлаштириш мақсадида Ўзбекистон миллий университети тарих музейида бўлди. Сайт мухбири музей илмий ходими Муҳаммадбобур Юсупов билан суҳбатлашди.

− Мен 3 йилдирки, шу университетда иш олиб бораман. Архив, фото ва видео материалларни тўплаб бордим. Ёши улуғ олимлардан жуда кўплаб билимлар олдим.

Маълумки, ўтган асрнинг 30-йилларида университетимизда жуда оғир кунлар бўлган. Зиёлилар қатағон қилинган ва бу 50-йилларгача давом этган. Мана шу даврда университет ходимлари жуда катта хазина тўплашганди. Булар 1920 йилда Тошкентга келган афсонавий поезд, Туркистон шарқшунослик институти, Туркистон ўқитувчилар семинарияси, княз Романов саройи ашёлари ва генерал Жўрабекнинг уй музейидан йўқолган жуда ноёб коллекциялардир. Устозларимиз бу нодир буюмларни охирги марта 1949 йилда кўришган.

Ўша даврда бундай буюмлар мавжудлигини айтиш ўлим билан баробар бўлган. Одатда бундай сирни билганлар ёки ўлимга маҳкум қилинган, ёки сургун қилинган. Хазина йўқолганини кўпчилик биларди. Лекин шу вақтга қадар ҳеч ким уларни тополмай келаётганди. Биз устозларимиздан тахминий жой ҳақида маълумот олиб, қидириш ишларини бошладик.

Изланишларимиз натижасида иккита сейф топилди. Аслида 1958 йилда учта сейф бўлган. Бу сейфлар 1857 йилда Москвада ишланган бўлиб, 10 донадан ортиқ олтин қуйма ғишт, рус подшоҳларининг қиймати 6 минг рубль миқдоридаги олтин тангалари, ҳамда 5 килограммдан ортиқ соф платина ва соф кумушдан ишланган идишлар сақланган. Бундан ташқари, бу бинода Туркистон шарқшунослик институтининг ўта ноёб буюмлари ҳам тўпланган.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

− Қимматбаҳо буюмларнинг қанча қисми топилган ва келажакда яна қандай буюмлар топилиши кутилмоқда?

− Ҳали топилмаган буюмлар ҳақида аниқ маълумот беролмаймиз, лекин тахминимча, биз топган бу ашёлар йўқолган хазинанинг 1/10 қисми бўлса керак. Бу бошланғич қадам. Биз маррага ҳам яқин қолдик. Энг катта топилмалар бинонинг пастки қисмида, ер остида ётибди. Бунга қадар етиб олиш муаммоли вазият ва ўзига хос шарафли йўл ҳамдир. Кўплаб ташкилотлар бизга таклифлар билан чиқишмоқда, бироқ бизнинг университет юз йиллик тарихга эга экан, барча йўналишларда ўзининг етук олимларига эга. Шу билан бирга, бизда шу йўқолган хазинага гувоҳ бўлган олимлар гуруҳи мавжуд.

Уларнинг хавфсизлиги учун исми-шарифларини айта олмаймиз. Лекин, бу хазинани тўлиқлигича ўрганиб бўлгач, албатта матбуот анжумани ўтказмоқчимиз. Ҳар битта ашёнинг ўз мутахассиси, ёрдам берган олимлар, Фанлар Академиясидан, бизнинг университетдан иштирок этганлар ҳақида ва бошқа энг аниқ маълумотларни ишнинг охирида берганимиз маъқул. Чунки, ҳозирги кунда бу топилмалар миқдори ҳам, қиймати ҳам ортиб бормоқда. Бугун айтган қийматларимиз эртага бошқача бўлиб чиқмоқда. Бу одамларда ишончсизлик уйғотиши мумкин. Яхшиси, ҳозир кутамиз ва тўлиқ маълумотни охирида берамиз.

− Турли муҳокамаларга сабаб бўлган аввалги мақоламиздаги буюмлар ҳақида нима дейсиз?

− Бу ашёларни ўзим топганман. Бир неча марта бу топилмаларни ноқонуний ўзлаштиришга уринишлар ҳам бўлди. Маълум муддат университет фондида сақланди. Шундан сўнг, президентимизнинг кўрсатмалари билан энг ишончли жойда сақланмоқда. Уларнинг орасида XVI асрга тегишли тангалар ҳам мавжуд. Ўрта асрлар ёзувларига мансуб олтин ва кумуш тангалар топилгани ҳам рост. Бундан ташқари, ноёб китобларнинг бир қисми эълон қилинди, холос. Уларнинг сони биз ўйлаганимиздан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин. Ёши катталар биладики, ўз даврида бизнинг университет кутубхонаси бой салоҳиятга эга бўлган. Ислом оламида машҳур аллома ва авлиёларнинг ноёб қўлёзмалари ҳозир ўрганилмоқда.

− Бу топилмаларнинг кейинги тақдири қандай бўлиши кутилмоқда? Бу масаладаги фикрингиз қандай?

− Топилган қимматбаҳо металлар давлат захирасига ўтказилган, менимча. Санъат асарлари, университет билан боғлиқ ноёб топилмалар бўйича биз нимани хоҳлаймиз? Ўзбекистон миллий университети ишчи гуруҳи шуни истардики, тарихий музейимиз очилиш маросимида ушбу ашёлар ўрин олсин. Бу ҳам университетга, ҳам мамлакатимизга жуда катта обрў бўлар эди. Чет эллик туристлар ҳам мамлакат илм-маърифатини, унинг тамаддунини кўриш истагида бўлса, нафақат музейларимизга, балки олий таълим даргоҳларига ҳам ташриф буюришади. Европада давлат музейлари ҳам бор, халқаро университетларнинг музейлари ҳам кўп.

Илмий ходимнинг сўзларини тинглагандан сўнг, университет раҳбариятига юзландик.

− Университет ходими Муҳаммадбобур Юсуповнинг қўлидаги топилмалар бўйича мақола эълон қилинган эди. Мана шу материал асосида Ўзбекистон Миллий университети томонидан ишчи гуруҳ тузилди. Ишчи гуруҳ хулосаларига кўра, бу топилмалар махсус жойга топширилди. Ҳозир шуни маълум қилишимиз мумкинки, бу топилмаларни археологларимиз, тарихчи олимларимиз ўрганиб тадқиқ қилишмоқда. Қайси даврга тегишли, қандай маълумотлар борлиги ўрганилмоқда. Бу жараён давом этаётганини билдиради», дейди университет матбуот хизмати вакили Маҳлиё Мирсоатова.

Баҳодир Аҳмедов суҳбатлашди

Кўпроқ янгиликлар