Зулфиқор Мусоқов: Сериаллар халқни долзарб масалалардан чалғитади

Жамият 12:49 / 13.02.2019 34605

Kun.uz Ўзбекистон санъат арбоби, таниқли режиссёр Зулфиқор Мусоқов билан суҳбат қурди. Суҳбат давомида режиссёр ўзбек киносидаги муаммолар ҳақида сўз юритиш билан бирга шу кунларда турк сериаллари атрофида кечаётган муҳокамалар ҳамда сериалларга муносабатини билдириб ўтди.

Режиссёр телеканалларда эфирга узатилаётган сериаллар ҳақида шундай дейди: «Мен ҳайрон бўламан, Туркия билан Ўзбекистоннинг умумий чегараси йўқ. Ўртамизда нечта давлат бор. Тўрт соат учиш керак. Улар билан фақатгина динимиз бир ва тилимиз ўхшаш. Қардош халқлар билан тилимиз бир - туркий тил. Фақат шу. Мен Туркияда кўп марта бўлганман. Истанбулда, Анқарада, Антальяда. Менталитети бизникидан анча фарқ қилади. Улар кўп нарсаларга бошқача қарайди.

Корея, Сеулгача неча километр? Ё корейс сериалларини беришади, ё турк сериалларини. Ундан ташқари, мен тушунмайман, «Турк юлдузи кинода чиқяпти» деб, бутун оламга овоза қилишади. Ваҳоланки, мен танимайман. Агар дунё миқёсидаги актёр бўлганида, танирдим. Тўғри, туркларнинг яхши кинолари бор.

Бу ҳаммаси, менимча, халқни ўзининг долзарб масалаларидан, муаммоларидан чалғитиш. Масалан, Ўзбекистонда ҳам телесериаллар қилинади. Долзарб масалалар, мавзулар кўп-ку? Тиббиёт муаммолари, шаҳар ободончилиги муаммолари, масалан, дарахт кесишга қарши битта сериал борми? Йўқ. Мақсад – халқни озгина чалғитиш. Русларда «отвлекать от насущных проблем» дейилади. Менимча, шунинг учун қилиняпти. Бу давлат, сиёсат етовида йиллар давомида бўлаётган нарса. Турк сериалларини бугун кўраётганимиз йўқ. Кимдир уларнинг бизга менталитети яқин дер, мен бу фикрга қўшилмайман.

Мен ўзбек сериаллари тарафдориман. Ҳаттоки менда сериалларнинг сценарийси бор, лекин гуруҳбозлик, «Тирикчилигимизга аралашишмасин, нонимни яримта қилмасин» деган ҳадиклари бор. Ҳатто ўзимга ҳам айтишган: «Ака, бу ерда ўзимизнинг сериалчиларимиз бор. Қўйинг, кинойингизни қилаверинг» деб.

Ўзбекистон санъат арбоби билан суҳбатнинг тўлиқ шаклини тез кунда эътиборингизга ҳавола этамиз.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Эслатиб ўтамиз, қатор сайтлар ва ижтимоий тармоқлардаги муҳокамалардан сўнг «ZO‘R TV» телеканалида намойиш этилаётган «Ҳовли» сериалини эфирга узатиш вақти ўзгартирилган. Канал вакиллари энди ушбу турк сериали соат 22:30да, унинг ўрнида соат 19:30дан 20:30га қадар яна бир турк сериали «Абдулҳамид», 20:30дан 21:30гача «Эртуғрул» сериали қўйилишини маълум қилишган.

Кўпроқ янгиликлар