Абдулла Қодирийнинг ўтган кунлари ва «Ўткан кунлар»и

Жамият 10:51 / 04.01.2019 59616

Ўзбек адабиёти тарихида ўчмас из қолдирган, унинг ривожи учун ҳисса қўшган буюк адиблар талайгина. Уларнинг ҳаёт ва ижод йўли, бой адабий мероси, болалиги ўтган хонадонлар бугунги кун кишиларининг кўз олдида тарих саҳифаларини жонлантиради.

Kun.uz сайти янги «Барҳаёт адабиёт» лойиҳаси орқали севимли ёзувчи ва шоирларимиз яшаган хонадон ҳамда уй музейларида бўлиб, ўқувчиларни ёзувчилар мероси билан таништириб боришни мақсад қилди.

Зеро, Абдулла Қодирий айтганидек, «Мозийга қараб иш тутмоқ хайрлидир». Лойиҳанинг биринчи сонини ХХ аср янги ўзбек адабиётининг улкан намояндаси, ўзбек романчилиги асосчиси, ўз даврининг муҳим ижтимоий-маданий жараёнлар фаол иштирокчиси Абдулла Қодирийдан бошлашга қарор қилдик ва адиб яшаб ўтган хонадонда бўлдик.

Ёзувчининг ҳаёт ва ижод йўли, у яшаган хонадондаги таассуротларимизни суратлар орқали сизга тақдим этамиз.

Адиб яшаган ҳовли Тошкент шаҳри марказидаги Самарқанд дарвоза маҳалласида жойлашган.

Маҳалланинг тор кўчаси бўйлаб борар эканмиз, пишиқ ғиштдан бунёд этилган ҳамда пештоқига Абдулла Қодирий ва Жулқунбой ёзуви туширилган дарвоза қаршимиздан чиқди.

Қизиқ, одатда бирор ижодкор яшаган хонадонга саёҳат қилганимизда фалончи адибнинг уй музейи деган жимжимадор ёзувларни кўришга ўрганганмиз. Бироқ, Абдулла Қодирий яшаган ҳовли ҳақидаги маълумот дарвозага туширилган шу ёзув билангина чекланар экан.

Аниқроғи, қанчалик ғалати эшитилмасин, ўзбек адабиётига «Ўткан кунлар», «Меҳробдан чаён» каби асарларни тақдим этган буюк адибнинг уйи ҳали ҳам музейга айлантирилмаган.

Дарвоза олдида бизни адибнинг набираси Ирфон ака Қодирий қарши олди. Хонадон бўйлаб саёҳат қилиш ҳақидаги илтимосимизни у киши қувонч билан қабул қилди.

Адиб яшаган уй. У икки қаватдан иборат.

Экскурсияни уйнинг иккинчи қаватидан бошладик. Ирфон аканинг айтишича, 1937 йилнинг 31 декабрида Абдулла Қодирий айнан шу уйдан олиб кетилган ва 1938 йил 4 октябрда «халқ душмани» сифатида айбланиб отилгунга қадар бўлган 9 ойни қамоқда тергов ва қийноқларда ўтказган.

Уй ичига кирганданоқ ўрин кўрпали темир кроват эътиборимизни тортди. Ирфон Қодирийнинг айтишича, бу адибнинг ётоқ кровати бўлган.

Абдулла Қодирий қўл ювган офтоба, уйни ёритишда хизмат қилган фонус, ҳужжатларни сақлаш учун фойдаланилган темир сандиқ ва унинг рафиқаси Раҳбарниса ая келинликда олиб келган сарпо сандиғи адибнинг авлодлари томонидан сақлаб қолинган.

Ушбу йўл чемодани ва соябондан ёзувчи турли сафарлар, хусусан, водий вилоятларига қилган сафарларида кўп фойдаланган.

Гардероб ва шкафлар ёзувчига ўша даврдаги ёзувчилар уюшмасидан берилган. Тақдирнинг ишини қарангки, ўша давр тузуми сабаб Абдулла Қодирий аввал ёзувчи сифатида тан олинди, тақдирланди ва сўнгра «халқ душмани» сифатида отилди...

Суратдаги қўлқоп ва бош кийим Абдулла Қодирийнинг фарзанди Ҳабибуллоҳ Қодирийга тегишли.

Адибнинг набирасидан ушбу қўлқоп ва бош кийими тарихи ҳақида сўрайман. Ирфон аканинг айтишича, Абдулла Қодирий қамоққа олиниши ва қатл этилиши ортидан унинг фарзандларига ҳам кўп заҳматлар етади. Хусусан, 1945 йилнинг 25 майида Ҳабибуллоҳ Қодирий «халқ душманининг ўғли» сифатида узоқ давом этган қийноқ ва сўроқлардан сўнг Сибирга сургун қилинади.

Қўлқоп ва бош кийимидан Ҳабибуллоҳ Қодирий Сибирнинг изғиринли совуқларида оғир меҳнатларда фойдаланган.

Ирфон Қодирийга кўра, отаси Ҳабибуллоҳ Қодирий узоқ сургунлик ва машаққатлардан кейин, 10 йил ўтиб, (Собиқ шўро раҳбари Иосиф Сталин ҳокимияти ағдарилгач) 1955 йилда 37 ёшида уйга қайтади ва оила қуради...

Экскурсияни Абдулла Қодирий ҳовлисининг марказида жойлашган шийпонда давом эттирдик.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, ушбу шийпонда Алексей Толстой, Сўфизода, Ойбек, Комил Яшин, Ғафур Ғулом, Садриддин Айний, Абдулла Қаҳҳор, Юсуфжон қизиқ Шакаржонов, Ҳамид Олимжон, Юнус Ражабий каби ёзувчи ва санъаткорларнинг қизғин суҳбатлари, ижодий баҳслари кечган. Бу ҳақда батафсил маълумотлар Ҳабибуллоҳ Қодирийнинг адиб ҳаёти ва ижодига бағишланган энг муҳим манбалардан бири «Отам ҳақида» номли китобида учрайди.

Афсуски, Абдулла Қодирийнинг «халқ душмани» сифатида отувга ҳукм қилиниши ва шийпондаги ижодий учрашувларнинг тўхтаб қолишида хонадонга келиб-кетиб юрган айрим маҳаллий ёзувчиларнинг ҳам қўли борлиги ҳақидаги миш-мишларни эшитганмиз. Ушбу жумлаларни ёзганда, беихтиёр Муҳаммад Юсуфнинг қуйидаги сатрлари ёдга тушади:

Алҳазар, алҳазар, минг бор алҳазар,

Ана юришибди кийганлари зар

Қодирийни сотиб шоир бўлганлар...

Уйнинг биринчи қаватидаги хона бурчагида турган темир сандиқда Абдулла Қодирийнинг тугалланмаган асарлари сақланган экан.

У кейинчалик қўлёзмалари билан кўмиб ташланган.

Ирфон аканинг айтишича, сандиқда Абдулла Қодирий ёзишни режалаштирган «Амир Умархоннинг канизи» номли тарихий асари учун тўпланаётган материал-маълумотлари ҳам бўлган.

Адибнинг ўзи асар ҳақида «Ўйлаб юрган рўмонимни ёзиб битирсам, китоб бўлиб чиқса, қўрқаманки, «Ўткан кунлар», «Меҳробдан чаён»ни ҳеч ким ўқимай қўяди», дея фикр билдиргани маълум.

Хўш, дастлаб 1929-1930 йилларда ёзилиши бошланиб, вақтинча тўхталиш билан (орада «Обид кетмон» қиссаси ёзилади)1934 йилда яна ёзилиши давом этган асар тақдири нима бўлди?

Саволга Ирфон ака қуйидагича жавоб берди:

«Кунлардан бир кун отам, қўлёзмалар қай аҳволдалигини билиш мақсадида сандиқни ковлаб олади. Тақдирни қарангки, айнан ўша куни уйимизга бостириб кириб, отамни қўлга олганлар. Табиийки, отам билан бирга бобомнинг қўлёзмаларини ҳам олиб кетишган. Ўша вақтларда қоғоз етишмовчилиги бўлгани учунми ёки бошқа сабабми отамни қийноқлар билан сўроқ қилишганда натижаларини бобом қўлёзмаларининг бўш орқа тарафига ёзиб борганлар. Сўроқ чоғида терговчининг ўша қўлёзмаларга махорка ўраб чеккани ва отамга ҳам узатгани маълум. 1938 йил октябрига қадар давом этган деярли бир ярим йиллик қийноқларда бутун қўлёзмалар шу тарзда «махорка» бўлиб ёниб битган».

Қодирийнинг кунлари ўтган хонадондан қайтар эканмиз, адиб хотираси, бой мероси авлодлар юрагида «Ўткан кунлар» каби доимо ёниб туришига амин бўлдик.

Маълумот ўрнида: Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 5 декабрдаги «Абдулла Қодирий таваллудининг 125 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги фармойишига мувофиқ, 2019 йилда ёзувчи яшаб ижод қилган манзилда уй-музейи ташкил этилиши белгиланди.

Илёс Сафаров,
Kun.uz мухбири

Кўпроқ янгиликлар