Тошкент бренди устида ишлар олиб борилмоқда

Ўзбекистон 21:43 / 13.06.2018 12790

Пойтахт ҳокимлиги, Жамоатчилик кенгаши ва иқтидорли дизайнерлар ҳамкорликда Тошкент бренди устида ишлашмоқда. KUN.UZ мухбири Тошкент шаҳар ҳокимияти қошидаги Жамоатчилик кенгаши раиси Ҳикмат Абдураҳмоновнинг Халқаро Пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида айтган сўзларига асосланиб, шу ҳақида хабар берди.

"Тошкент шаҳрини сайёҳлар, чет эллик ва маҳаллий сармоячилар, ҳамшаҳарлар ва иқтидорли инсонлар келиши учун кўркамлаштириш керак. Шу боис ҳозирда шаҳар ҳокимлиги ва иқтидорли дизайнерлари билан биргаликда Тошкент бренди устида ишлаяпмиз", - дейди у.

Ҳикмат Абдураҳмонов шунингдек пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев томонидан Тошкент шаҳрида турли фестивалларни ўтказиш таклиф қилинганини таъкидлади.

Ҳикмат Абдураҳмонов. Фото: Халкаро Пресс клуб

"Бу жуда яхши таклиф. Сабаби шаҳар аҳолиси хурсандчилик билан яшаши керак. Бироқ бу хурсандчилик умумий гап эмас, маълум бир мавзуга бағишланиши мақсадга мувофиқ. Фестиваллар мавзуларини ҳамшаҳарларимиз билан бирга белгилашни мақсад қилдик", - дейди Жамоатчилик кенгаши раиси.

Бундан ташқари, у пойтахтда Ғоя лабораторияси фаолиятини йўлга қўйиш фикри билан бўлишди.

"Ҳозир шаҳарда жуда катта ўзгаришлар рўй бермоқда. Уларни амалга оширишдан олдин Ғоя лабораториясини ишга туширсак деган фикр келди. Ғояларни ижтимоий тармоқлар ва йиғилишлар орқали шаҳар аҳолисига ташласак-да, уларнинг ҳам ижобий, ҳам салбий томонларини мунозара қилсак ва шундан келиб чиқиб уларни амалга ошириш мумкин ёки йўқлигига доир хулоса чиқарсак", - дейди Абдураҳмонов.

Бундан мақсад шаҳар аҳолиси унинг фаровонлигини оширишга оид муҳокамаларда қатнашиши, давлат идораларида ишонч омилининг тикланиши эканлиги қайд этилди.

"Йиғилишларда жуда зўр таклифлар берилмоқда, лекин уларни амалга оширадиган инсонлар етишмайди. Керак бўлса, давлат ва хусусий сектор форматида шу нарсани амалга ошириб, манфаат олиш мумкин", - таъкидлади у.

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Жамоатчилик кенгаши ўзининг илк лойиҳасини тез ва сифатли амалга ошириб, халққа фойдаси тегадиган ташкилот бўлиб қолишига доир тилак билдирди. У Тошкент шаҳрининг ҳар бир фуқароси мазкур жамоатчилик кенгаши аъзоси ҳисобланишини қўшимча қилди.